Факултет декани А. Турғунов


II Боб. Ҳамза ижодида салафлар анъаналари


Download 324.5 Kb.
bet5/14
Sana06.04.2023
Hajmi324.5 Kb.
#1330210
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14
Bog'liq
Жаннатхон БМИ

II Боб. Ҳамза ижодида салафлар анъаналари
2.1. Ҳамза ва Алишер Навоий. Маълумки, Ҳамза Шарқ мумтоз сўз санъатининг Хўжа Ҳофиз, Алишер Навоий, Фузулий, Машраб, Амирий, Ҳазиний, Фазлий, Муқимий, Фурқат, Завқий каби шоирлари таъсирида, уларга эргашиб, ғазал, мурабба ва мухаммаслар ёзган. У таъсирланган сўз санъаткорлари силсиласида Навоий алоҳида ажралиб туради. Ҳамза Навоийни ижод йўлида ўзига устоз деб билган, ундан маҳорат сабоғини олган, унинг таъсирида байт ва ғазаллар ёзган, баъзи ғазалларига татаббулар қилган. Жумладан, “анго”, “пайдо”, “бор”, “тамаъ”, “хос” радифли ғазаллари Навоийга эргашиб ёзилган бўлса, “жудо”, “айт”, “бўлдум санго”, “мани” радифли ғазаллари бевосита улуғ салафига татаббудир. Масалан:
Душманинг гар мўр эса сен бўлмагил андишасиз,
Гарчи оташ зарра, олам куйса сўзондур анго 17, –
мисралари Навоийнинг қуйидаги байтига ҳамоҳанг жаранглайди:
Пил ўлса сенинг хасминг, десангки зарар топмай,
Бир пашшаға оламда еткурма зарар ҳаргиз18.
Навоий “Сенинг душманинг аслида филдай қудратли жонзот бўлса-да, агарда зиён кўрмай десанг, бу дунёда сира бир пашшага ҳам зарар етказма” деса, Ҳамза “Биргина чўғдан олам аланга олиши мумкин. Шундай экан, душманинг чумолидай заиф бўлса ҳам, сен сира хотиржам юрма” деган фикрни илгари суради. Албатта, бу ҳикматларда муштарак жиҳатлар йўқ, ҳатто бир-бирига тескаридай туюлади. Шунга қарамай, биринчисининг яралишига иккинчиси туртки берганлиги шубҳасиз.
Ҳамзанинг “Лаёқатсиз кишига тарбия беҳуда, чунки таги пастлик, тийнати бузуқлик азалдан унга тақдир қилинган мазмунидаги:
Ҳожат эрмас тарбият ноқобил аҳлига, Ниҳон,
Бадгуҳар, бадасллик тақдир ўлғондур анго , –
байти эса салафининг қуйидаги машҳур қитъасини эсга солади:
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами –
Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.
Азалдан қисмат қилинган туғма табиатни ўзгартириб бўлмайди. Албатта, инсон ўз феълидаги, табиатидаги бемаъни орзу-ўйлари, ёвуз интилишлари, ножўя хатти-ҳаракатларини жиловлаб, айбу қусурларини ҳаммадан яшириб юриши мумкин, лекин бир куни у ўзининг асл моҳиятини намоён қилади. Шундан келиб чиқиб, Алишер Навоий ўзининг машҳур қитъасида зуваласига инсонийлик уруғи қўшиб қорилмаган кимсаларни ҳар қанча тарбият қилма, барибир одам бўлмайди деган фикрни билдирган эди.
Дарҳақиқат, одам боласи тарбия туфайли илму ҳунар эгаллаши, баъзи яхши фазилатларга эга бўлиши мумкин, лекин унинг табиатидаги ёвузлик, кин, ҳасад, бахиллик, ғаразгўйлик, туҳматчилик, ёлғончилик каби туғма иллатларни дунёнинг жами донишмандлари бир бўлиб тарбияласалар ҳам йўқотолмайдилар.
Ҳамзанинг мана бу байти ҳам буюк салафи мисраларига ҳамоҳанг жаранглайди:
Ниҳоний, ранжима, сайёд илмин ўзга ибрат тут,
Ҳама сайёд ҳар юрган кучукни боқса тоз ўлмас.
“Эй Ниҳоний, (бу дунё ишларидан) сира хафа бўлма-ю, овчи илмидан ўзингга ибрат ол: ҳар бир овчи ҳар юрган кучукни боққани билан у чопағон ов ити бўлолмайди”.
“Маҳбуб ул-қулуб”нинг 89-танбеҳида ҳам шунга ўхшаш қитъага дуч келамиз:
Қобилға тарбият қилмамоқ зулмдур ва ноқобилға тарбият – ҳайф. Ани адами тарбият била зоеъ қилма ва мунга тарбиятингни зоеъ қилма.
Қитъа:
Қобилға тарбият эрур ул навъким, гуҳар
Тушса нажосат ичра юғай кимса ани пок.
Гар ит узумиға киши май бирла берса сув,
Бу тарбият била қила олғайму ани ток.
Яъни: “Қобилиятли болани тарбиясиз қолдириш унга нисбатан зулм бўлса, қобилиятсиз болани тарбиялашга уриниш беҳуда ишдир”, – дейди шоир ва ўзининг бу фикрларини ҳаётий мисоллар воситасида бадиий гўзал бир тарзда асослаб беради:
“Қобилиятли болани тарбиялаш нажосат ичига тушган гавҳарни ювиб поклашга ўхшайди. Лекин итузумини май билан суғорса-да, у токка айланмаганидек, қобилиятсиз болани ҳар қанча тарбияласанг ҳам кўзлаган мақсадингга эришолмайсан”.
Албатта, улуғ шоир бу билан қобилиятли болани тарбиялашу қобилиятсиз болани тарбиясиз қолдириш керак демоқчи эмас, балки ҳаётда баъзида зеҳнли ва лаёқатли болалар тарбиясиз қолиб кетаётгани, бунинг натижасида ёрқин истеъдодлар хор бўлаётганига кишилар эътиборини қаратишни мақсад қилган.
Ҳамзанинг:

Download 324.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling