13-ИШ. ОДАМДАГИ РЕФЛЕКТОР РЕАКЦИЯЛАРНИ ТЕКШИРИШ. ОРҚА МИЯ РЕФЛЕКСЛАРИ. ТИЗЗА ВА АХИЛЛ РЕФЛЕКСЛАРИ
МНС функциясининг асосини рефлектор фаолият ташкил қилиб, бу шартсиз ва шартли рефлексларнинг ўзаро таъсири натижасида энг оддий реакциядан тортиб, то жуда ҳам мураккаб жавоб реакциясининг пайдо бўлишида намоён бўлади.
Шартсиз рефлекс деб, МНС нинг орқа мия, мия устуни ва пўстлоқ ости тугунлари орқали ҳар хил ташқи ва ички муҳит таъсирига доимий бир хил ва туғма реакцияларга айтилади.
Тизза рефлекси. Тизза ўйноғичининг пастидан унинг зич бойламига болғача билан урганда рўй беради. Рефлектор ёй: сон нерви, орқа миянинг 3-4 бел сегментлари. Жавоб реакциялари эса соннинг тўрт бошли ёзувчи мушагининг қисқариши ва оёқнинг тўғриланишида намоён бўлади.
Ахилл рефлекси. Товон (Ахилл) пайига болғача билан уриш ёрдамида чақирилади. Рефлектор ёй: катта болдир нерви (қуймич нервининг шохи), орқа миянинг 1-2 қуймич сегментлари. Жавоб реакцияси эса оёқ кафтининг букилишидан иборатдир.
Иш анжомлари: неврологик болғача. Иш одамда олиб борилади.
Тажриба ўтказиш тартиби:
Тизза рефлексини текшириш учун текширилувчига курсига ўтириши ва оёқларини чалкаштириш таклиф этилади. Неврологик болғача билан тўрт бошли мускул пайига аста урилади. Ўнг ва чап томондаги рефлекслар солиштирилади.
Ахилл рефлексини текшириш тиззасини курсига қўйган текширилувчида олиб борилади. Товон бемалол осилиб туради. Неврологик болғача билан товон пайига аста урилади. Товоннинг букилиш-букилмаслиги кузатилади.
Ишни расмийлаштиришга доир тавсиялар: шартсиз рефлексларга таъриф беринг. Соматик рефлексларнинг рефлектор ёйи схемасини чизинг. Соматик ва вегетатив рефлекслар рефлектор ёйларининг тузилишидаги принципиал фарқларини кўрсатинг.
14-ИШ. ВЕГЕТАТИВ НЕРВ СИСТЕМАСИ.
РЕФЛЕКС ЁЙЛАРИНИНГ ТАҲЛИЛИ.
(СОМАТИК НЕРВ СИСТЕМАСИ ЁЙЛАРИ БИЛАН СОЛИШТИРИШ)
Рефлектор фаолият чақириш учун қўзғалишнинг босиб ўтган йўлига рефлектор ёйи дейилади. Умумий кўринишда рефлектор ёйининг схемасини бешта қисмдан иборат деб тасаввур қилиш мумкин: 1) рецептор; 2) афферент қисми (афферент нейрон); 3) марказий қисми (оралиқ нейрон; 4) эфферент қисми (эфферент нейрон); 5) ишчи аъзо (эффектор) (31-расм).
31-расм. Соматик ва вегетатив рефлексларнинг ёй схемаси.
1) рецептор; 2) афферент звено; 3) марказий звено;
4) ҳаракатлантирувчи звено; 5) эффектор; К — оралиқ нейрон.
Рефлекс содир бўлиши учун рефлектор ёй бир бутун бўлиши зарур. Ундаги истаган бирор қисмининг ишдан чиқарилиши рефлектор фаолиятнинг йўқолишига олиб келади.
Рефлектор ёйнинг айрим қисмларини кетма-кет ишдан чиқариш йўли билан уларнинг ҳар бирининг функционал аҳамиятини ўрганиш мумкин.
Иш анжомлари: илмоқли штатив, препаровка учун асбоблар йиғиндиси, жомча, шиша илмоқчаси, пахта, 0,5% ва 1% новокаин эритмаси, сульфат кислотасининг 0,5-1% эритмаси, стакан суви билан, бақа.
Do'stlaringiz bilan baham: |