Фанидан ўҚув услубий мажмуа
Download 296.11 Kb.
|
Dorivor osimliklar ma`ruza
- Bu sahifa navigatsiya:
- Гемикриптофитлар гуруҳи
- Криптофитлар гуруҳи
- Терофитлар гуруҳи
- «Қизил китоби»
Фанерофитлар гуруҳи – новдалари қишда қуриб қолмайдиган, ҳамда янгиланиш куртаклари ердан юқорида турадиган бута ва дарахтлар киради.
Ҳамефитлар гуруҳи – ўт ва чала бута ўсимликлари бўлиб, уларнинг ер усти пояси батомам қуримайди, лекин, новдалари паст бўйли бўлади ёки ер бағирлаб ўсади. Янгиланиш куртаклари ер бетига яқин туради. Артикада ўсадиган кўпгина буталар ва мўътадил кенгликлар флорасининг баъзи турлари ҳамефитлар гуруҳига киради. Гемикриптофитлар гуруҳи – ерда новдалари деярли остигача қуриб қоладиган ўсимликлар бўлиб, уларнинг тикланиш органлари (куртаклари) деярли ер юзасида туради. Кўпгина яйлов ўсимликлари гемикриптофитлар гуруҳига киради. Криптофитлар гуруҳи – ўсимликларнинг ер усти органлари батамом қуриб қолади. Тикланиш органлари йилнинг ноқулай даврларида ер остида ёки сувда (сув ўсимликлариники) сақланиб қолади. Бу гуруҳга пиёзли, туганакли, илдизпояли ўсимликлар киради. Терофитлар гуруҳи – ўсимликларнинг ер усти ва ер ости органлари батамом қурийди. Йилнинг ноқулай даврларида уларнинг фақат уруғлари сақланиб қолади. Бу гуруҳга бир йиллик ўсимликлар киради. Кўп йиллик ва бир йиллик ўтлар вегетатив даврининг турлича давом этиши билан ҳам фарқланади. Буларнинг баъзилари баҳордан кузгача, бошқалари ёз ўртасигача ўсади. Кўпчилиги эса баҳор охири ёки ёз бошларида жазирма иссиқлар бошланиб, эрнинг бетидаги нам тугагандаёқ ривожланиб бўлади. Ўсимликларнинг ўсишини ёз бошида тугайдиган бундай турлари эфемериодлар (кўп йиллик ўтлар) ёки эфемерлар (бир йиллик ўтлар) деб аталади. Ўзбекистон шароитида ранг, қўнғирбош, жуда кўп хил лолалар эфемерларга мисол бўлади. Оъзбекистон ўсимликларини муҳофаза қилиш. Кейинги йилларда ташландиқ, бўз ва чўл ерларнинг ўзлаштирилиши, инсонларнинг ўз мақсадлари йўлида табиий бойликлардан нотўғри фойдаланишлари сабабли, ёввойи ўсимликларнинг турлари ва бойликлари камайиб кетмоқда. Бундан ташқари, шифобахш ўсимликларнинг табиий бойликларининг ҳосилдорлиги ҳар йилги об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлиб, кўпинча барқарор эмас. Шу туфайли, фойдали ўсимликларнинг 50 дан ортиқ тури маданийлаштирилган ҳолда экилмоқда. Ўзбекистонда ҳар хил бўёқлар, эфир мойлари ва техникада ишлатиладиган моддалар олинадиган кўпгина ўсимлик турлари ҳам бор. Уларнинг энг муҳимлари торон (тери ошлашда ишлатиладиган таннид моддаси бор), анжабор (таркибида ошловчи модда бор), арча (ёш новдасидан эфир мойи олинади), тоғсағиз (каучук моддаси бор), ерсовун (кўпиртирадиган модда — сапонин олинади), чўл ялпизи (эфир моддаси бор), етмак (унинг илдизидан кўпирувчи сапонин моддаси олинади ва ширапазликда (кондитер) ишлатилади), писта (баргидан ва баргидаги нўхатчаларидан бўёқ олинади), арслонқуйруқ (ошловчи модда, эфир мойи олинади) ва бошқалар. Ўзбекистонда кишиларга эстетик завқ бериб, ҳордиқ чиқарадиган чиройли гулли ўсимликлар лолалар (қизил, сариқ, оқ), чучмомалар, эремурус, бойғалча, лолақизғалдоқ, бойчечак мавжуд. Кишилар ўзларининг хўжалик фаолиятида табиатдан кўп ва бетартиб фойдаланиши таъсирида унинг табиий ҳолатида сезиларли даражада ўзгаришлар юз бериб, асрлар давомида шаклланган биогеоценозларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса қишлоқ хўжалигида янги-янги ерларни бетартиб ўзлаштирилиши саноат объектлари ва ҳар хил қурилишларнинг режасиз жойлаштирилиши, тоғ-кон саноатининг таъсири, яйловлардан нотўғри фойдаланиш, мевали, доривор, фойдали ўсимликлардан нотўғри фойдаланиш кабилар таъсирида экологик мувозанатда ўзгариш юз бериб, баъзи ўсимликлар тури камайиб бормоқда. Натижада ҳозир Ўзбекистон ҳудудида ўсадиган ўсимликларнинг 10—12% ёки 400 тури муҳофазага муҳтож ноёб турга айланиб қолди. Баъзи ўсимлик турлари эса, хусусан лола, саллагуллар, етмак, бозулбанг, анзур пиёз, зира, гули салим, ковул, сумбул, Коровин ширачи, Туркистон ёввойи ноки каби ўсимликларнинг миқдори кескин камайиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Жумҳуриятимизда айрим шахслар (браконерлар) ўсимликларни, айниқса доривор ва озиқ–овқат ўсимликларининг пиёзларини, уруғини, мевасини, баргини, илдизини, туганакларини рухсатсиз, ўзбошимчалик билан қоида-қонунга хилоф равишда йиғиб, териб, қазиб олишлари туфайли уларнинг тури камайиб кетмоқда. Шу сабабли жумҳуриятимизни табиий ҳолича сақлаб қолиш, ўсимликлар дунёсига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлишга чек қўйиш бугунги куннинг энг муҳим масаласидир. Ўзбекистонда ноёб, эндемик, реликт ўсимлик турларини сақлаб қолиб, ҳимоя остига олиш учун академиклар Е.М.Лавренко ва А.Л.Тахтаджян, Қ.Зокировлар ташаббуси билан 1978 йили Ўзбекистон «Қизил китоби» таъсис этилди. Бу Ўзбекистон «Қизил Китоби»га жумҳуриятимизда муҳофаза остига олиш зарур бўлган 272 ўсимлик киритилиб, улар ҳақида мукаммал маълумотлар (қисқача тавсифи, тарқалиши, миқдори, камайиб кетиш сабаби, муҳофаза килишга қаратилган чоралар) берилган. Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган ўсимлик турлари 4 та тоифага (табиатни муҳофаза қилиш Халқаро уюшмаси ишлаб чиққан классификацияга кўра) ажратилган. -Йўқолган ёки йўқолиш арафасидаги — (Омонқўтон, Коровин ширачи, Туркистон ёввойи ноки) турлари. Бундай ўсимлик турлари айрим йиғиб олиш қийин бўлган жойларда ёки маданий шароитда сақланиб қолган. -Йўқолиб бораётган турлар — (анор, Зарафшон, регели, Ошанин пиёзи, тоғпиёз, дилбанд, Ўзбекистон лоласи, сариқ ширач, ёввойи анжир). Бундай ўсимлик турлари йўқолиб кетиш хавфи бўлиб, сақлаб қолиш учун муҳофаза чораларини талаб этади. -Ноёб турлар — (Оманқора, Аболин ва Бухоро астрагали, ёввойи узум, чиннигул, мингдевона, суммул, ковул, чилонжийда, лолалар, Чимён лоласи, Бойсун ширачи, суғур ўти, гули салим ва бошқалар). Бундай ўсимлик турлари маълум кичик майдонларда сақланиб қолган, бинобарин, тезда назорат остига олинмаса йўқолиб кетиши мумкин. -Камайиб бораётган турлар — нормушк, етмак (беҳ), анзур пиёз, парпи, оқ парпи, фуфанак, бурмақора ва бошқалар. Бундай ўсимлик турлари баъзи табиий сабаблар ва инсоннинг таъсири остида майдони ҳамда миқдори камайиб кетиши мумкин, бинобарин вақти-вақти билан назорат қилиб туришни талаб этади. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар куни кўплаб ўсимлик ёки ҳайвон тури ер юзидан йўқолиб бораяпти. Ўзбекистоннинг биринчи “Қизил Китоби” 1983-84 йилларда нашр этилган. 1983 йили ҳайвонларнинг 63 тури ва 1984 йили ўсимликларнинг 163 тури “Қизил Китоб” нинг биринчи нашрига киритилди. 1992 йил 9 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг “Қизил Китоби” тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 1998 йил Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби” нинг қайта нашри 1-жилди (ўсимликлар қисми) чоп қилинди ва бунда ўсимликларнинг 301 тури (163 тадан 301 тага ошган) киритилгани қайд қилинган бўлса, 2006 йилдаги янги 3-нашрида эса “Қизил китоб” га киритилган ўсимликлар тури 307 тани ташкил этди. Кишиларнинг табиат муҳофазасига муносабати ўзгариши оқибатида бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда. “Қизил Китоб” лар хатар белгиси бўлиб қолмасдан, балки муҳофаза ҳаракатлари дастури ҳамдир. “Қизил Китоб” даврий нашр бўлиб, у Низомга мувофиқ ҳар беш йилда янгиланиб, чоп қилиниши лозим. 2009 йил Ўзбекистонда “Қизил Китоб” нинг 4-қайта нашри чоп этилди. Унинг биринчи жилдига 324 ўсимлик, иккинчи жилдига эса 184 та ҳайвонларнинг турлари киритилган. Ўсимликлар заҳиралари ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш ҳукуматнинг тегишли қарорларида ўз ижобий аксини топди. Бу борада 1972 йил декабрь ойида қабул қилинган „Табиат муҳофазасини кучайтириш ва табиий ресурслардан фойдаланишни яхшилаш тўғрисида“ ва 1977 йилда собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган „Ўрмонлар муҳофазасини ва ўрмон ресурсларидан фойдаланишни бундан кейин яхшилаш чоралари тўғрисида“ги Қарори ва бошқа ҳукумат Қарорлари диққатга сазовордир. Маълумки, ҳамдўстлик мамлакатларининг ҳудудини ўндан бир қисмини ўрмонлар ташкил қилади. Улар ичида жуда кўп миқдорда турли фойдали ва шифобахш ўсимликлар ўсади. Шунинг учун ҳам ўрмонларни муҳофаза қилиш ҳамда уларда ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни муҳофаза қилиш муҳим аҳамиятга эга. Табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан (ўрмон, сув ва сув бойликлари, ер ости бойликлари ва бошқалар) тўғри ва оқилона фойдаланган ҳолда, уларни келгуси авлодлар учун сақлаб қолиш зарурлиги бизнинг асосий қонунимиз — Республика Конститусиясида ўз аксини топган. Асосий қонунимизнинг 55-моддасида: «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот олами ва бошқа табиий бойликлар умуммиллий бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва уларнинг муҳофазаси давлат назорати остидадир» дейилган. Ўсимликлар заҳиралари ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида ҳам ўз ижобий аксини топди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги «Қимматбаҳо ва йўқолиб кетаётган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни кучайтириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 мартдаги 109-сонли «Ўзбекистон Республикасининг “Қизил Китоби” тўғрисида»ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 15 декабрдаги 600-сонли «Ёввойи ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилишни кучайтириш ва улардан фойдаланиш чоралари тўғрисида»ги Қарори, 1999 йил 15 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 13 моддадан иборат “Ўрмон тўғрисида” ги Қонуни диққатга сазовордир. 1997 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ги Қонунида шундай бандлар бор. 7-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари - ёввойи ўсимликлар доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) мақсадларида фойдаланиш. 14-модда. Ёввойи ўсимликлар доривор ва техник хом ашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш) - Табиий ўсимликлар жамоаларида ёввойи ўсимликлар доривор ва техник хом ашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайёрлашга (йиғишга) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади. 17-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан маъданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш - Шифобахш хусусиятларга эга бўлган ва аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароит яратадиган ўсимлик дунёси объектларидан соғломлаштириш ва рекреацион мақсадларда фойдаланилади. Ўсимликларнинг табиатдаги заҳирасини сақлаб қолиш ва улардан оқилона фойдаланиш учун юқорида айтиб ўтилган тадбирлар, Қарор ва Қонунларга қатъий амал қилиш мақсадга мувофиқдир. Download 296.11 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling