Глобал муаммолар
Халқаро глобал замоннинг глобал муаммоси: дунё болалари ҳаёти бугун қандай?
Download 43.88 Kb.
|
ГЛОБАЛ МУАММОЛАР
Халқаро глобал замоннинг глобал муаммоси: дунё болалари ҳаёти бугун қандай?Камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ўрнига, арзимаган сабаблар билан нима учун уларнинг болалари тортиб олинмоқда? Аммо бу саволга жавоб ҳозирча йўқ. Ҳаётимизнинг гуллари бўлмиш фарзандларимиз она сайёрамизнинг келажаги ҳисобланади. Бироқ, глобаллашув жараёни кузатилаётган 21-асрда ҳам жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида болалар на ўқиш, на ёзишни билади, тўйиб овқат емаслик оқибатида ҳаётдан эрта кўз юммоқда. БМТнинг Таълим, Фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, бугунги кунда жаҳонда ўн миллионлаб болалар таълим олишдан маҳрумлигича қолмоқда. Биргина Африка қитъасида ўқиш ва ёзишни билмайдиган одамлар сони Бразилия аҳолиси сонидан кўп эканлиги таъкидланади. ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, бугунги кунда умумий ҳисобда 85 миллионга яқин бола мутлақо ўқиш ва ёзишни билмас экан. Саводсизлик, ўз навбатида, болаларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Чунки маълумот даражаси кишилар моддий фаровонлигининг муҳим кўрсаткичидир. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳонда ҳар саккиз нафар ўсмирдан биттаси ишсиз экан. Тасодиф туфайли иш топиш бахтига муяссар бўлганлар ҳам оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. 1924 йил Женевада Миллатлар Лигасининг Бешинчи Ассамблеясида қабул қилинган “Болалар ҳуқуқи тўғрисидаги Декларация”да “болаларга жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча шароитлар яратиб берилиши”, “оч қолган болага овқат берилиши”, “бемор болага тиббий ёрдам кўрсатилиши”, “гуноҳ қилган бола тўғри йўлга солиниши”, “етим ва уйсиз болаларга оғир дамларда ёрдам кўрсатилиши ва бошпана берилиши”, “бола меҳр кўриб вояга етиши ва эксплуатациянинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя қилиниши” таъкидланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда болалар муаммоси ўзига тўқ Европа ва Америкада ҳам, Африкада ҳам бирдек долзарблигича қолмоқда. Ривожланган мамлакатларда болалар телевизор ва компьютер қаршисига “михланиб” қолиб, ота-оналар учун муаммо туғдираётган бўлса, Африкада болалар очлик, ОИТС, саводсизлик, айрим ҳолларда қуролли тўқнашувлар вақтида ўлим билан тўқнаш келмоқда. Африкада ўлим даражаси ривожланган давлатларга қараганда икки баробар кўп экан. Шуни таъкидлаш керакки, катта ёшдагиларнинг болаларга бўлган муносабатидан жамиятнинг бугунги ҳолати ва даражасини билиш мумкин. БМТнинг Бола ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясида ҳам болаларни ҳимоя қилишнинг махсус механизмлари ишлаб чиқилган. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай айрим давлатларда болаларнинг, шу жумладан, ногирон болаларнинг конституциявий ҳуқуқлари поймол қилинмоқда. Шу ўринда ўтган асрнинг 70-йилларида Кампучия (ҳозирги Камбоджа)да Пол Пот ҳукмронлиги даврида болалар “эскилик сарқитларини элтувчи” сифатида кўрилган ота-оналарини бамбук дарахтининг шохлари билан калтаклашга мажбур этилганлигини қайд қилиш керак. Аргентинада ҳам бир вақтлар ҳукмрон режимга қарши чиққан оилаларнинг болалари ўғирланган. Шотландияда эса семиз болалар ота-оналаридан куч ишлатиш орқали тортиб олинган. Таҳлилчиларнинг фикрича, йил сайин ғарб мамлакатларида куч билан ота-оналаридан тортиб олинаётган болалар сони ортиб бормоқда. Ота-онасидан хафа бўлган бола ижтимоий хизмат бўлимига телефонда қўнғироқ қилса бўлгани, бир зумда у оиладан тортиб олинади ва болалар уйларига топширилади. Британия ва Америкалик тадқиқотчиларнинг сўзларига қараганда, боқиб олинган болалар ўз уйларига қараганда кўпроқ янги хонадонда зўравонлик қурбонига айланар экан. Шу сабабли ҳам савол туғилади, камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ўрнига, арзимаган сабаблар билан нима учун уларнинг болалари тортиб олинмоқда? Аммо бу саволга жавоб ҳозирча йўқ. Болалар бўйича АҚШ Миллий комиссияси тарқатган маълумотларга қараганда, кўп ҳолатларда болалар арзимаган нарсалар учун ва зарурат бўлмаса ҳам оилаларидан тортиб олинар экан. Европада туғилиш энг кам деб айтилаётган Германияда юз бераётган жиноятларнинг тенг ярми балоғатга етмаганлар томонидан содир этилаётгани айтилади. Болаларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳлар сафига кириб қолаётгани, ёки одам органлари билан савдо қилаётганлар қўлига тушиб қолаётгани ҳам аянчлидир. Бир қатор мамлакатларда балоғатга етмаган болалар жангарилар сафида қўлига қурол олиб жанг қилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, ҳар йили 11 миллионга яқин бола беш ёшга етмай ҳалок бўлмоқда. 10 миллионга яқин бола эса жисмоний ва руҳий бемор сифатида табиий ривожланишдан тўхтамоқда. Африканинг бир қатор мамлакатларида болалар тўйиб овқат емаяпти, “қора қитъа”да очликдан ўлаётган миллионлаб болалар ҳам глобал даврнинг глобал муаммосига айланган. Шарқий Африка мамлакатларида 12 миллион киши очликка гирифтор бўлгани, уларнинг бир миллиони болалар экани айтилади. Масалан, 1984 йилдан бери Нигерияда озиқ-овқат инқирози давом этмоқда. Бу мамлакатда одамлар, шу жумладан, болалар ҳам дарахт барглари ва майса-ўтларни еб кун кечиришга мажбур бўлмоқда. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 18 фоизи (бу тахминан 1 миллионга яқин бола демакдир) тўйиб овқат емайди. Халқаро ташкилот вакиллари бир кунда Афғонистон ҳудудларида ўрта ҳисобда 275 нафар бола вафот этаётганини таъкидлашади. Вояга етмаган болаларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Марказий ва Ғарбий Африкадаги мамлакатларда истиқомат қилувчи ҳар ўн боладан биттаси қандайдир қуролли гуруҳнинг каллакесари экани айтилади. Замонавий “полк ўғиллари” Африкадаги бир қатор мамлакатларнинг “бедаво касали” сифатида кўрилади. Масалан, 2008 йилда Конго Демократик Республикасида ҳарбий бўлинмаларнинг тенг ярми болалардан ташкил этилгани айтилган эди. Угандада жангариларнинг 70 фоизини болалар ва ўсмирлар ташкил қилади. Бу мамлакатда жангарилар томонидан ўғирланган болалар аскарга, қизлар эса “хотинликка” айлантирилади. Африка мамлакатларида жангарилар қишлоқларга ҳужум қилар экан, биринчи навбатда болаларни ўғирлаб, улардан ҳукуматга қарши урушда фойдаланадилар. Қочишга уринган болалар эса ўша ернинг ўзида отиб ташланади. Айрим ҳолларда, ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ота-оналарнинг ўзлари қўш-қўллаб фарзандларини жангариларга топшириш ҳолатлари ҳам бор. 1949 йилнинг ноябрь ойида Халқаро Хотин-қизлар Демократик Федерацияси Конгрессининг қарорига биноан таъсис этилган “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” (ингл. “International Children’s Day”) – 1950 йилдан бери ҳар йили 1 июнда нишонланади. Бундан ташқари болаларга бағишланган – Жаҳон Болалар куни (20 ноябрда), Африка Болаларини ҳимоя қилиш куни деб номланган тадбирлар ҳам бор. БМТ қарорига биноан, 2012 йилдан бери 11 октябрда Халқаро Қизлар куни нишонланмоқда. Болаларни ҳимоя қилиш ибораси – болалар ва вояга етмаганларни муҳофаза қилиш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган чора-тадбирларни англатади. Юртимизда болаларни ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Болаларни ҳар томонлама соғлом, бахтиёр ўсиб улғайишлари учун барча имкониятлар яратилган. Шунингдек, мустақилликнинг илк кунлариданоқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барча болаларнинг тенглиги ва уларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини йўқ қилиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини комплекс амалга ошириш бўйича давлатнинг аниқ мажбуриятлари белгилаб берилган “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси ратификация қилинди. Халқаро норматив ҳужжат ратификация қилинар экан, “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг барча қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини олди. Ундан ташқари, мамлакатимизда 2008 йил 7 январда “Болалар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат миллий қонунчиликда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим омил бўлиб, мазкур қонун орқали БМТ Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатлари мустаҳкамланди. Download 43.88 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling