§ 3. “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни
тадбиркорликка жалб қилиш
13. Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари жойларда ўқув-курслари ташкил этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади.
14. АТ “Халқ банки”нинг туман (шаҳар) филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагида бўлган аёлларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
бизнес лойиҳаларини ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузишни ўргатиш;
кредит олишига кўмаклашиш;
кредит ажратилгандан сўнг, хотин-қизларни тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш.
15. Кредитлар “Аёллар дафтари”га киритилган тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
Бунда кредитларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг
150 бараваригача миқдорда ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.
Кредитлар илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, чорвачиликни ривожлантириш, шахсий автомобил сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автомобиллар таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.
Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.
16. Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
АТ “Халқ банки”нинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кредитларни ажратиш “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг фамилияси, исми, шарифи бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |