Жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори жамият уставида белгиланади.
Жамият устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.
Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) жамият уставида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 1 йилдан ошмаслиги лозим.
Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.
Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда жамият томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.
Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилиши лозим.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.
Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.
Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.
Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади.
Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.
Акциялар эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин.
Оддий акциялар овоз берувчи акциялар бўлиб, улар ўз эгасига дивидендлар олиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир.
Имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.
Жамият акциядорларининг реестри рўйхатдан ўтказилган акциялар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга тегишли акцияларнинг номи, сони, номинал қиймати ва тури, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборотни юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхатидир.
Жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш қимматли қоғозлар эгаларининг депо ҳисобварақлари ҳолатига кўра марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |