БОТУЛИЗМ КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Ёз, куз фаслларида мева-сабзавотлардан консервалар тайёрлаб, қишнинг совуқ кунларига олиб қўямиз. Қишда улар дастурхонимиз кўркига айланади ҳамда оиламиз билан севиб тановул қиламиз. Аммо барчамиз ҳам консерва маҳсулотларини қандай тайёрлаш ва сақлаш лозимлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Нотўғри тайёрланган бундай консерва маҳсулотлари эса, овқатдан заҳарланишининг энг оғир тури “Ботулизм” касаллигига олиб келиши мумкин.
— Ботулизм касаллиги кўпроқ қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади?
— Сўнгги йилларда республикамизда руйхатга олинаётган “Ботулизм” касаллиги уй шароитида, санитария қоида ва меъёрларига ва консерва тайёрлаш технологисига риоя қилинмасдан тайёрланган сабзавотли, асосан, бодринг, помидор, бақлажон ва қўзиқорин консерваларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиқмоқда. Консерва тайёрлашда ботулизм қўзғатувчи споралар юқори термик ишлов бериш натижасида ўлиб кетиши керак. Уй шароитида консерва тайёрлаш технологиясига тўлиқ амал қилинмаслиги, етарли босимда термик ишлов берилмаслиги спораларни сақланиб қолишига ва улар риожланиб ўта кучли ботулин заҳрини ҳосил бўлишига олиб келади. Ўзида ботулин заҳрини сақловчи консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида ботулизм касаллиги келиб чиқади.
— Нима сабабдан ботулизм касаллиги айнан консерваларда учрайди?
— Ботулизм касаллиги фақат консерва маҳсулотларида учрамайди, одатда бу касаллик қўзғатувчиси кислородсиз шароитда ривожланади, кислород бор муҳитда ботулизм қўзғатувчиси махсус қобиқ(спора)га ўралиб ташқи муҳит омилларига чидамли бўлади ва узоқ муддат сақланиши мумкин. Кислородсиз ҳар қандай шароитда улар риожланади ва ҳаёти давомида ўта кучли заҳар ишлаб чиқаради. Калбаса, дудланган маҳсулотларда ҳам ботулизм қўзғатувчиси бўлиши мумкин. Айнан консерва маҳсулотлари ботулизм касаллиги ривожланиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчилари 120 Со ҳароратда 2-2,5 атмосфера босимида 20 дақиқада ўлади. Шунинг учун ҳам уй шароитида бундай термик ишлов бериш имконияти бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |