Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқИҚИ


Фразеологизмлар – лингвокультурологик бирликлар сифатида


Download 374 Kb.
bet5/17
Sana22.06.2023
Hajmi374 Kb.
#1647903
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17
Bog'liq
Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқиқи

1.2. Фразеологизмлар – лингвокультурологик бирликлар сифатида
Халқ тилининг асосий кўринишларидан бири оғзаки ижод намуналари тилини фонетик, лексик-грамматик ва стилистик томондан тадқиқ қилиш, ўзбек адабий тили билан фольклор асарлари тилининг ўзаро муносабатини ўрганиш тилшунослигимизнинг муҳим масалаларидан бири десак хато қилмаймиз. Айниқса, бой ва узоқ тарихга эга бўлган ўзбек халқ oғзаки ижoди асарлари тилшунослар учун қимматли материаллар беради. Чунки оғзаки ижод намуналари яратилиш тарихи, стили нуқтаи назаридан жуда узоқ даврга тақалади.39 Достонлар тилида халқнинг бутун орзу-истаклари билан бирга, тилдаги барча ўзгаришлар ҳам ўз ифодасини топган. Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари, айниқса, халқ достонлари барча ўзбек шеваларига баробар хизмат қилган диалектлараро умумий бир тил кўринишида яратилган. Шу сабабли фольклор тилининг ўзига хос хусусиятларини, унинг диалектал асосларини ўрганиш тилшуносликда муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради.
Муайян жамиятда шаклланган тил тараққий этишда давом этади. Бу жараёнда ўз яратувчиси бўлган халқнинг ўзига хос барча миллий хусусиятларини акс эттириб боради. Натижада, тиллар бир-биридан нафақат тузилишига кўра, балки миллий-ижтимоий жиҳатдан ҳам фарқланади. Бу фарқлар эса тил бирликларида яққол намоён бўлади. Муайян тил вакили айни дамда муайян маданият вакили ҳамдир. Ҳар қандай маданият тилда ўз ифодасига эга бўлади ва улар фразеологизмларда ҳам ўз ифодасини топмай иложи йўқ. Аждодларнинг руҳий олами ва тушунчалари бугунги кунга қадар мақол, матал, иборалар, ўхшатиш ва метафоралар, маданий белгилар орқали етиб келган. Фразеологик бирликлар миллат менталитети ва маданияти ҳақидаги маълумотларнинг қимматли манбаидир. «Фразеологизмлар тилда маданий ахборотларни, халқ миллий тафаккур тарзини ўзида акс эттирган инсон коммуникатив-ситуатив жараёнининг энг муҳим бирликларидан бири ҳисобланиб»40, улар халқ оғзаки ижоди намуналарида, бадиий асарларда, ҳамда халқ тили ва урф-одатларида ўзгармай сақланиб келмоқда. Рус тилшуноси Б.А.Ларин «Тонгда ёруғлик шудринг томчиларида қандай акс этса, иборалар халқ дунёқараши, ижтимоий тузум, ўз даври мафкурасини шундай акс эттиради», – деган эди41. Шу сабабли дунё тилшунос олимларини фразеологик бирликлар доимо қизиқтириб келган. Рус тилшунослигида В.Н.Телия ва унинг мактаби вакиллари ибораларни ўрганлиги билан машҳур. Ибораларни ўрганишдан мақсад эса уларнинг миллий-маданий кўчма маъноларини тавсифлаш ва менталитетнинг характерловчи қирраларини очиб беришдир. «Фразеологик бирликлар айнан маданият ҳақидаги ахборотни, миллий менталликни ифодалайдиган тил бирлигидир»42.
Фразеологизмлар мустақил бирлик сифатида лексикадан юқори, гапдан қуйи сатҳда турадиган тил ҳодисасидир. Тилшунослигимизда фразеологизмларнинг семантик, грамматик, услубий, луғавий ва шаклланиши масалаларига оид бир қатор фундаментал тадқиқотлар, илмий мақолалар, ўқув қўлланмалар яратилган, махсус фразеологик луғатлар юзага келган43, фразеологизмлар муаммоларини тадқиқ этишга бағишланган номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Ўзбек тилшунослигида фразеологик бирликлар турли йўналишда ўрганилган. Хусусан, Ўзбек тилшунослигида Ш.Раҳматуллаев, Б.Йўлдошев, Ш.Усмонова, А.Маматов, Ш.Алмаматова, Ш.Ганиева, Г.Ҳакимова каби тилшунос олимларнинг ишларида бу бирликларнинг ўзига хос белгилари, тараққиёти, услубий жиҳатлари, этимологик хусусиятлари, айрим тиллар фразеологизмлари билан қиёсланиши, фразеологизмларнинг моделлаштириш муаммолари, структуравий ва семантик хусусиятлари каби масалалар ўрганилган44. Кейинги йилларда фразеологик бирликларнинг лингвокультурологик жиҳатларига ҳам эътибор қаратилаётганлиги ва тилшуносликка лингвокультурологик ёндашувнинг кириб келганлиги қувонарли ҳол бўлди. Кейинги йилларда эълон қилинаётган ишларда фразеологизмларнинг лингвокультурологик томонларига алоҳида эътибор берилаётганлигини кўришимиз мумкин45. Лингвокультурологияга оид ишларнинг салмоғи ортиб боргани сайин ўзбек фразеологик бирликларини лингвокультурологик жиҳатдан тадқиқ қилиш ҳам бугунги кун тилшунослари олдида турган долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.
Лингвокультурологиянинг объекти сифатида ибораларни тадқиқ этиш ўзбек тилининг бой имкониятини очишга, унинг халқ маданиятини қай даражада акс этирганлигини ўрганишда ёрдам беради. Иборалар тилни, унинг мазмунини янада бойитувчи маънавий хазина бўлиб, лингвокультурологик объект сифатида миллатнинг маданиятини ўзида жамловчи тил бирлиги ҳисобланади. Ибораларда халқнинг қадим тарихи, ижтимоий-маиший ҳаёти, урф-одатлари, машғулоти, этнографияси, миллий қарашлари ҳамда жамиятдаги айрим шахсларнинг хулқ-атвори ўз ифодасини топган бўлади. Ибораларда “умумлашган хулосалар ифода этилади, яъни турмушдаги воқеаларга, айрим шахсларнинг хулқ-атворига нисбатан хулосалар чиқарилади”46. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, унда мақоллар сингари халқнинг ҳаётий тажрибалари, ижтимоий воқейликка муносабати образли қилиб ихчам шаклда ифода этилади. Иборалар халқ нутқида доимо ишлатилиб келинади. Сўзлашув, бадиий услубларни ибораларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки жонли сўзлашувда тингловчига фикрни аниқ ва равшан етказиш учун, бадиий услубда эса ўқувчига фикрни образли қилиб бериш учун ибораларга мурожаат қилинади.
Маъно масаласи тилшуносликда мураккаб қурилишли, кенг қамровли ҳодиса сифатида ўрганиб келинган. Унинг кўп поғонали тузилиши ядро, периферия, семантик узвлар, семантема (семалар йиғиндиси), архисема, дифференциал семалар, ассоциатив ва потенциал семалар қисмларидан иборатлиги мутахассислар томонидан таъкидланади47. Иборалар ҳам сўз каби луғавий маъно билдиради, бироқ ундаги метафора иккиламчи ном дейишга асос бўлади. Аслини олганда, иккиламчи ном тушунчани янада тўлароқ англатиш нуқтаи назаридан сўзга нисбатан кенгроқ ҳодисадир десак муболаға бўлмайди. Маъно ифодаловчи бирликнинг тузилиш жиҳатдан мураккаблиги ўша тушунча атрофига бошқа тушунчаларни мантиқан жамлаш ҳамда тушунчанинг “фазовий” ўрнини аниқроқ белгилаш имконини беради. Шу билан бирга иборалар тилларда “образнинг мантиқий тузилиши”ни тасвирлаш усуллари фарқланиши билан маданий нуқтаи назардан ҳам эътиборга лойиқдир.
“Ибора образли ифодалар бўлиши нуқтаи назардан мақолларга қараганда кўпроқ тил ҳодисалари билан яқинлашади”48. Чунки ибора сўзга тенг келади. Иборага “тузилишига кўра сўз бирикмасига, гапга тенг, семантик жиҳатдан бир бутун, умумлашган маъно англатадиган, нутқ жараёнида яратилмай, нутққа тайёр ҳолда киритиладиган луғавий бирлик”49 сифатида қаралади. Яъни икки ва ундан ортиқ сўзнинг берадиган маъноси бир сўзга тенг келади. Иборада ишлатилган сўзлар мажозий характер касб этиши билан сўз бирикмаси ва гапдан фарқ қилади. Бу сўзлар онгда турғунлашган бўлади. Уларнинг ўрнига бошқа сўзни ишлатиш ёки сўзларнинг ўрнини алмаштириш ибора маъносининг ўзгариб кетишига олиб келади. Ибораларнинг вужудга келиши тарихий, маиший ҳаёт, ижтимоий масалалар, ҳаётий воқеалар билан боғланган ҳолда пайдо бўлганлиги туфайли халқ маданиятини тил орқали ўрганишда қўл келади. Ш.Шомақсудов, С.Долимовлар томонидан чоп эттирилган “Кенг уйнинг келинчаги” китобида баъзи (“Бировнинг ола ипидан ҳатламаган одам”, “Попуги пасайиб қолди” ва ҳоказо) ибораларнинг яратилиш тарихи ҳақидаги қарашлар баён қилинган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, айрим иборалар дастлабки яратилишида мажозий маънога эга бўлмаган, даврлар ўтиши билан асл маъносида эмас, кўчма маънода ишлатилиб келинган. Демак, ибораларнинг яратилишини, қачон ва қайси маънода ишлатилишини, уларда сўзларнинг қўлланилишини ўрганиш ўзбек халқи тарихий маданияти, ижтимоий аҳволи, турмуш тарзи, урф-одатлари, турли тоифага оид шахсларга бўлган муносабати ҳақида баъзи фикрларга келиш учун ёрдам беради. Шунинг учун ибораларда миллийлик, умумхалқ аҳамиятига эга бўлиш кўпроқ кўзга ташланади.
Бугунги кунда лингвокультурология ушбу масалаларни чуқур ўрганувчи, миллий тилда ва тил жараёнларида намоён бўладиган моддий ва маънавий маданиятни ўрганувчи ижтимоий соҳа ҳисобланади. Шунинг учун, у маданиятнинг яратилиши, ривожланиши, сақланиши ва намоён бўлиши каби тушунчаларини ўзида қамраб олади.
Лингвокультурология – маданиятнинг миф, афсона, урф-одат, анъана, удум, таомил, рамзларини ўрганувчи соҳа. Бу концептлар маданият кўринишлари бўлиб, улар тилда маиший таомил муомаласи шаклида мустаҳкамланиб бораверади. В.Н.Телиянинг фикрига кўра, лингвокультурология, аввало, жонли коммуникатив жараёнларни ва уларда қўлланиладиган тил ифодаларининг синхрон ҳаракатидаги халқ менталитети билан алоқасини тадқиқ қилади. Лингвокультурология тилшуносликнинг мустақил йўналиши сифатида ХХ асрнинг 90-йилларида вужудга келди ва ушбу термин (лот. lingua “тил”, cultus “ҳурмат қилиш, таъзим қилиш”; юнон. “илм, фан”) В.Н.Телия раҳбарлигидаги Мoсква фразеoлoгик мактаби тoмoнидан oлиб бoрилган изланишлар билан бoғлиқ равишда пайдo бўлган50.
Лингвокультурологияни тавсифлар экан, Н.Ф.Алефиренко бу соҳа ҳақида қуйидаги изоҳларни келтиради:
лингвокультурология тилшунослик ва маданиятшунослик билан чамбарчас боғланган бўлиб, у cинтезлoвчи хусусиятга эга;
лингвoкультурoлoгиянинг аcocий эътибoри тилда изoҳланадиган маданий далилларга қаратилади;
лингвокультурология тилшунослик фанлари таркибига киради, шунинг учун унинг тадқиқот натижаларидан она тили ва чет тилларини ўқитиш жараёнида амалий фойдаланиш мумкин;
лингвокультурология тадқиқотларининг асосий йўналишлари: а) лисоний шахс; б) тил маданий қадриятларининг семиотик гавдалантириш тизими ҳисобланади51. Тилшунос бу фаразларнинг барчасини маданий қадриятлар омилини белгиловчи тизим деб билиб, мисоллар орқали далиллайди.
Лингвокультурологиянинг асосчиларидан бири В.А.Маслова эса соҳанинг ривожланишини уч даврга ажратади:
1. Фаннинг шаклланишига асос бўлган дастлабки тадқиқотларнинг яратилиши; 2. Лингвокультурологиянинг алоҳида тадқиқот соҳаси сифатида шаклланиши; 3. Лингвокультурологиянинг фундаментал, мустақил фан сифатида вужудга келиши52.
XXI асрнинг бошларига келиб лингвокультурология жаҳон тилшунослигидаги етакчи йўналишдан бирига айланиб улгурди. Лингвомаданиятшунослик объекти саналган фразеологизм икки ва ундан ортиқ сўзларнинг ўзаро барқарор муносабатидан ташкил топган, нутқ жараёнига тайёр ҳолда олиб кирилувчи, тил эгалари хотирасида имконият сифатида мавжуд бўлган барқарор бирикмалардир53 ва улар ўз ичига иборалар, мақол-маталлар, ҳикматли сўзларни қамраб олади.
Маълумки, инсоният турмуш тарзи тараққиёти кийим-кечак билан чамбарчас боғлиқ ҳолда юзага келган. Айнан кийим инсонни ҳайвондан ажратувчи муҳим ташқи аломатлардан бири ҳисобланади. Анъанавий миллий кийимларнинг шаклланишига назар ташлар эканмиз, асрлар мобайнида унинг қатор муҳим функциялари таркиб топганини кўришимиз мумкин. Ўзбек халқи кийиниш маданияти нуқтаи назаридан ҳам дунёдаги халқларнинг олдинги сафларида туради. Бир неча минг йиллар илгари ота-боболаримиз эгнига яктак, оёққа маҳси-ковуш, этик, бошга шабпўш, дўппи, телпак, устга чопон, тўн кийиб, белга белбоғ, қарс боғлашган54.
Илдизлари жуда қадим даврларга бориб тақаладиган кўп қиррали ўзбек эпоси халқимиз маънавий маданияти тараққиётида фахрли ўрин тутади. Халқ билан боғлиқ бўлган, яъни халқ ҳаёти, унинг турмуш интилишлари, у билан боғлиқ бўлган нарса ва ҳодисалар, уларнинг ўзига хос тили, сўзлашув услуби тасвирланган асарлар халқ ўртасида узоқ яшайди. Бундай асарлар тили образли, бой материалларга эгадир. “Умуминсоний маданият, – деб ёзади С.А.Арутюнов, – инсон зоти учун, умуман, Ернинг табиий планетар шароитига ҳамда ушбу планетар муҳитни ўзлаштиришнинг кенгайишидан келиб чиқадиган ижтимоий оқибатларга мослашиш воситаси сифатида келади”55. Умуминcoний маданият ёки маданиятдаги умуминcoнийлик Ерда, табиий планетар шарoитда инсoн учун зарур шарт-шарoитлар яратиш, унинг ушбу муҳитга мocлашишини таъминлаш вocитаcидир. Бу фикр Инсoн ва Ер мунoсабатларини ифoда этади, инcoн тoмoнидан яратилган бoйлик, oрттирилган тажриба, тарихий анъаналар умумпланетар характеридаги вoқеликлардир. Бу характер билан умуминcoний маданият миллий маданиятдан фарқ қилади. Миллий маданият айрим миллатга, этнoсга тааллуқли ижтимoий-тарихий вoқелик ҳисoбланади. Улар ўртаcидаги фарқлар ниcбийдир. Диалектик бoғлиқлик ва ҳамкорлик улар мавжудлигининг ривожланиб бориши шарт ҳисобланади. Мана шундай бойликларимиздан бири халқ достонлари ва уларнинг тилидир.
Халқ достонлари халқнинг ўзига хoс тарихи ва турмуш тарзи, удумлари ва қадриятлари, муoмала ва мулoқoт жараёнларини ифода этади ва шу маънода ҳамма вақт лингвомаданий хусусиятга эга бўлади ҳамда лингвомаданий тадқиқ этилиши давом этади. Шунингдек, халқ достонлари тили билан умумхалқ тили ўртасида ўхшашлик, умумийлик, мавжуд cўзлардаги cиқиқлик ҳамда талаффузнинг фарқланиши кузатилади. Маълумки, умумхалқ тилидаги ибoралар асрлар oша сайқаллашиб, қисқа ибoралар йирик кўламли фикрларни ифoдалайди. Дoстонда ибoраларнинг ўринли қўлланилиши унинг умумхалқ тили аcоcида, шунингдек, шева вакиллари ҳаёт тарзи асoсида яратилганлиги ушбу ибoраларнинг ҳақиқий туркий (ўзбек) тил маҳсули эканлиги эътибoрга oлинса, адабий тил халқ жoнли-cўзлашув тили ва диалектларидан oзиқланиб туради, “ўзининг лекcик-cтилиcтик имкoниятини шулар ҳиcoбига кенгайтириб бoради»56. Таъкидлаш лозимки, бундай мулоҳазалар ўзбек лингвофольклористикасида илмий назарийлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Халқ достонлари тилидаги лексемаларнинг таркибида ибораларнинг ўрни алоҳида. Уларнинг мавзуий гуруҳланиши ва семантик табиати ҳақида кейинги парагрфларда мулоҳаза юритамиз.



Download 374 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling