Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқИҚИ


Download 374 Kb.
bet8/17
Sana22.06.2023
Hajmi374 Kb.
#1647903
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   17
Bog'liq
Халқ достонларида барқарор бирликларнинг лингвокультурологик тадқиқи

Ҳасратда бағримни қиламан кабоб, // Барчиной ёримни қилайин тавоф (Э.О.: 290); Ёдгор бағрини кабоб қилди, сари ёйни тавоф қилди, ёйнинг гиришидан олиб, тўшига солди (Э.О.: 458).
Бағри эзилмоқ фраземаси таркибида қўлланилган эзилмоқ феъли мустақил ҳолатда яхши пишиб ўтиб кетган мевага ёки овқатга нисбатан ишлатилади. Фразеологик бирлик сифатида маънони кучайтириб «руҳан эзилмоқ», «қаттиқ қийналмоқ» семаларини ифодалайди: Ой Барчин шундай қараса, Қоражон келаётибди. Алпомишни ола отини кўриб, гумон қилиб, бағри эзилиб, канизларига қараб, бир сўз деди (Э.О.: 314); Алпомиш хафа бўлиб, бағри эзилиб, куйганларни кўриб, ўсган элига кирди (Э.О.: 449).
Бағри эзилмоқ фраземаси кўнгли бузилмоқ билан синоним ҳолатда ишлатилади: Биттаси далага чиқиб қичқирди. Шунда Ёдгор бу гапни эшитиб, бағри эзилди, кўнгли бузилди: – Энам қулга тегмас бўлдими, ё мени ўлдирар бўлдими, – деб йиғлади (Э.О.: 457).
Юқорида айтиб ўтилганидек, бағир узвли фразеологизмларда тушкунлик кайфияти етакчилик қилади. Юрак-бағрини доғлаб фраземаси ҳам ана шундай фразеологик бирликлар қаторига киради. Луғатда алам ўтказиб ёки бошга кулфат солиб, дилда қаттиқ алам қолдирмоқ, дилни яраламоқ тарзида изоҳланади66. Бу иборанинг келиб чиқиши халқ турмуш тарзи билан боғланади. Маълумки, ўтган XX асрда халқимиз, асосан, пахта ёғидан фойдаланишган. Пахта ёғини овқатга ишлатишдан аввал қиздириб етилтирилган, доғланган. Ана шундан келиб чиқилса, фраземанинг англатган маъноси янада ойдинлашади: Бул сўзни деб, онаси зор-зор йиғлаб, юрак бағрини доғлаб, бетоқат бўлиб, нима қиларини билмай, шу билан сўзни тўхтатти (Б.Ж.: 21).
«Алпомиш» достонидаги «қулоқ» узвли ибораларда қулоқнинг эшитиш функцияси алоҳида бўртиб туради: Дўст-душман сўзига қулоқ солмагин, // Ҳар сўзни кўнглинга қаттиқ олмагин (Б.Ж.: 20). Бу парчада қулоқ солмоқ – «ишонмоқ», «эргашмоқ», «амал қилмоқ» семаларини ифодалайди.
Йўловчи, сўзима қулоғинг солгин, // Эшитиб сўзими йўлингга боргин, // Бир фасл сақлагин отинг жиловин, // Мен сўзимни айтай, қулоққа олгин (Б.Ж.: 105). Бу ўринда қулоқ солмоқ ва қулоққа олмоқ фраземалари бир ўринда келаётган бўлса-да, биринчи фразема «тингламоқлик» семасини, иккинчи фраземада «кимнингдир фикрига амал қилиб иш тутмоқ» семасини ифодалайди.
Кўп ҳолларда бахши халқ ибораларнини ўзгартириб қўллаш ҳолатлари кузатилади: Қултой бобоси кўп насиҳат қилди. Насиҳати қулоғига кирмади (Б.Ж.: 39). Қулоғига гап кирмайди иборасини бахши томонидан вазиятдан келиб чиққан ҳолатда ўзгартириш орқали фразеологик вариантлар вужудга келган. Халқ тасаввурида гап ҳам моддийлик – қулоққа кириши мумкин бўлган предмет каби метафорик ва метонимик кўчим асосида тушунилади. Бу тушунишни гап етакламоқ, гап ташимоқ, гап келди, гапни болалатди каби фраземаларда яққол кузатиш мумкин.
«Алпомиш» достонида «оғиз» узвли фразеологик бирликлар ҳам кузатилади. Улар «оғзини булғамоқ», «оғзига олмоқ» тарзида учрайди: Мол-дунёнгга менинг отам зор эмас, // Кетабер, Сурхайил, йўлдан қолмагин, // Келиним деб оғзингни булғаб юрмагин (Э.О.: 260). Бу парчада Сурхайилнинг сўзлари Барчинга ёқмайди. Бунақа одам ҳазар қиладиган сўзларни гапиришни «оғизни булғаш» деб таърифлайдики, бу ўринда Сурхайилнинг сўзларига нисбатан ҳам пресуппозитив ўхшатиш қўлланилган.
Алпомишни оғзингга олма. Агар оғзингга олсанг, сенинг жазонгни бераман, – деб калласини путига қисиб олди (Э.О.: 448). Парчада биз одатда қўллайдиган «тилингга олма» иборасининг бошқача варианти қўлланилган. Бунда «гапирмоқ», «умуман гапирмаслик», «эслатмоқ», «мақтамоқ» маъноларини ифодалайди.
Фразеологик бирликлар инсоннинг нутқий фаолиятини ифодаловчи ҳаракат-ҳолатларни ифодалайди. Шунингдек, ўзбек халқининг миллий қадриятларини ҳам акс эттиради. Шунда болалар кундан кун ўтиб, бирдан иккига кириб, тили чиқиб, элга эниб, тили чиққандан кейин, элга энгандан кейин тутиб, учовини ҳам мактабга қўйди. Бу матнда тили чиқмоқ ибораси вақтга оид код вазифасини бажариб, инсоннинг нутқий салоҳиятга эга бўлиш вақти янги босқичга ўтишни ифодалаши кузатилмоқда.
Бир чақирим осмонга чиқиб кетди. Ерга тушиб, тил тортмай ўлди (Э.О.: 344). Бу ўринда тил тортмай ўлмоқ турғун шаклда қўлланиб, тил тортмай соматик фразеологизми вақтга оид код вазифасини бажариб «жуда тез», «кутилмаганда» семаларига эга. Фраземада «салбий», «инсонга хос» семалари ҳам сезилиб туради.
Тил билан куйдирмоқ ибораси инверсияга учраб қофия талабига кўра куйдиради тил билан шаклида қўлланади // тил билан куйдиради – маъноси: алам қилдирмоқ, алам билан бўғилтирмоқ, ғам-алам чектирмоқдир67: Созандалар созин чертар қўл билан, // Ёмон одам куйдиради тил билан 68.
Тил сўзи куйдирмоқ сўзи билан бирикканда салбий маъно ифодалайди. Фраземада тилнинг оловга ўхшатилиш ҳолати кузатилади. Бу ўринда халқ дидактикасида кенг тарқалган тил одоби масаласи кўтарилади. Тилнинг қиличга, арслонга ўхшатилиши «Қутадғу билиг»да учраса, «Девону луғотит турк»да «Ардам (Одоб) боши тил» шаклидаги мақоллар кузатилади. Ўзбек халқ эртакларида сўзнинг қудрати, барча одобга оид асарларда тилнинг зарари ҳақида сўз кетадики, бу халқимизга хос менталитетнинг бир қиррасидир.
Тилингни тортиб сўйламоқ иборасида ҳам нутқ ижросида андиша, мулоҳаза талаб қилиниши лозимлиги уқтирилади: Эмикдошим, ака, бундай қиласан, // Бир ўзбак деб сўзни лофи урасан, // Сен тилингни тортиб сўйла бу замон, // Ўзбак муғум, армон билан ўласан (Ф.Й.: 162). Мазкур маънони ифодалашда «лаб» узвли фразеологик бирликлар ҳам иштирок этади. «Алпомиш» достонида «лаб» узвли фраземалар «андиша қилмоқ», «индамаслик» маъносини ифодалаш учун хизмат қилган: Отиб тамом қилди. Беш юз қадамдан нари ўтмай қолди. Лабини тишлаб, чиқиб кета берди (Э.О.: 339). Мазкур иборада «тан олмоқ», «уялмоқ» миллийлик семаси яққол сезилиб турибди. Лаб тишлаб қолмоқ фраземаси юқоридаги парчада «ҳеч нарса қилолмаслик», «қўлидан келмаслик» семаларини ифода этади:
Тилидан ёзиб олмоқ иборасининг тилидан (гапидан, оғзидан, сўзидан) илинмоқ ёки тутилмоқ каби синонимлари мавжуд69. Бунда ҳам сўз – сир, сўзлаш – сирни ошкор қилиш маъносидаги тасаввуфий мисраларга ҳамоҳанглик кузатилади.
Хуллас, изоҳланаётган ибораларнинг қўлланиш даражаси халқ орасида кенг қамровли. Бу эса шоирга достон ижроси жараёнида жуда қўл келган. Достон тилида ибораларнинг икки хил намуналари учраган: адабий тил доирасида ва шеваларда фаол қўлланадиган намуналар. Ҳар иккала намуналар достон тилининг семантик имкониятлари ва услубий хусусиятларини очиб беришда муҳим манба саналади.



Download 374 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   17




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling