Европа эркин савдо уюшмаси (ЕЭСУ) ЕИдан фарқли равишда миллий манфаатлардан устун турувчи функциялар ва давлатлараро мувофиқлаштирувчи институтларга эга эмас. ЕЭСУ иқтисодий ҳамкорликни асосий максад қилиб қўйди ва биринчи навбатда, савдонинг эркинлашиши ва божхона тўсиқларини бартараф этишга кўмаклашди. ЕЭСУ аъзолари (80-йилларда улар еттита, 90-йиллар ўртасида тўртта – Норвегия, Исландия, Лихтенштейн, Швейцария) учинчи мамлакатлар билан савдо-иқтисодий битимларга ихтиёрий қўшиладилар, ЕЭСУ қатнашчиларидан ҳар бири бу мамлакатларга нисбатан исталган божхона тарифларини белгилашга ҳақлидир. БЕНИЛЮКС – 1960 йилда Бельгия, Нидерландия ва Люксембург ўртасида имзоланган иқтисодий иттифоқ. Ушбу иттифоқда товарлар, хизматлар, капитал ва инсонларнинг эркин ҳаракати таъминланган бўлиб, учинчи мамлакатларга нисбатан ягона савдо ва иқтисодий сиёсат олиб борилади. Марказий Европа эркин савдо уюшмаси (МЕЭСА) – 1993 йилда Венгрия, Польша, Словакия, Чехия, Словения томонидан имзоланган эркин савдо уюшмаси. Кейинчалик бу мамлакатлар ЕИга аъзо бўлганларидан кейин МЕЭСАдан чиқиб кетишди. Ҳозирда Албания, Босния ва Герцеговина, Хорватия, Македония, Молдова, Сербия, Косово ва Черногория МСЕЭА аъзолари ҳисобланади. ЕИ томонидан Африка, Кариб ҳавзаси, Осиё–Тинч океани (АКҲОТ) мамлакатлари (69 та) учун Ломе конвенциясига мувофиқ товарларни бож тўлмасдан олиб кириш бўйича имтиёзлар, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари (Жазоир, Марокаш, Тунис, Миср, Иордания, Ливан, Сурия) учун ЕИга саноат ва анъанавий қишлоқ хўжалик маҳсулотларини эркин олиб кириш ҳуқуқи бўйича имтиёзлар белгиланган. Жаҳон хўжалигида амал қилаётган интеграцион марказлардан бири Шимолий Америка ҳудуди ҳисобланади. 1992 йилда АҚШ, Канада ва Мексика ўртасида Шимолий Америка Эркин савдо ассоциациясини (North American Free Trade Area – NAFTA) ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди ва у 1994 йил 1 январдан бошлаб кучга кирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |