Иброҳимий динларда эсхатология тушунчаси. Режа: Кириш. Асосий қисм


Ҳар бир жоннинг умри белигилаб қўйилган ва Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уни қачон содир бўлишини билмайди


Download 167 Kb.
bet5/7
Sana13.12.2022
Hajmi167 Kb.
#999235
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
Esxotologiya

Ҳар бир жоннинг умри белигилаб қўйилган ва Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уни қачон содир бўлишини билмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси 34 – оятида айтади: “Ҳар бир умматга муҳлат (ўлим вақти) (белгиланган). Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар”26. “Луқмон” сураси 34 – оятида: “Бирор жон эртага нима бўлишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир”, дейилган27. Юқоридаги оятлардан кўриниб турибдики, ҳар бир инсоннинг умри белгилаб қўйилган, ҳеч бир жон унга берилган умрдан ортиқ ҳам, кам ҳам яшамайди. Шу билан бир қаторда, қачон ва қаерда сувдами, уйдами, тоғдами вафот этишини билмайди. Буларнингбарчасининг илми, фақат бир зот Аллоҳгагина аёндир.
Ўлимдан сўнг қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб масалалари муҳим ақидавий масалалардан бири ҳисобланади.
Яҳудийлик ақидасига кўра қиёмат куни барча инсонлар таналари билан бирга қайта тириладилар (ибр. “тхият ха-метим” – қайта тирилиш) ва Ер юзида яна истиқомат қиладилар. Торада қайта тирилиш ҳақида маълумот учрамайди. Бироқ, пайғамбарлар китоби ва Талмудда бу каби таълимотларни учратиш мумкин. Жумладан, Дониёл пайғамбар китобида: “Ер остида ётганлар қайта тириладилар, уларнинг бир қисми абадий роҳатга эришадилар, бир қисми эса уят ва шармандаликда қолурлар”,28 дейилади.
Талмуднинг Мишна китоби 10-бобида шундай келтирилади: “Бутун яҳудий қавми кейинги ҳаётда ўз насибасига эгадир. Кимда ким қайта тирилишга ишонмас экан, унинг охирати йўқ (яъни роҳатга эришмайди)”29.
Яҳудий оқимлари орасида Садуқийлик ўзига хос қарашлари билан ажралиб туради. Улар оғзаки манба бўлмиш Талмудни инкор қилганлари сабабли, охиратда қайта тирилишга ҳам имон келтирмайдилар. Уларнинг асосий эътиқоди, Худо шу дунёнинг ўзида амалларга қараб жазо ёки мукофот беради, деб ҳисоблашларидир30. Яҳудийликнинг 13 банддан иборат имон асосларини ишлаб чиққан Маймонид бу ҳақда шундай дейди: “Қайта тирилиш устозимиз Мусо олиб келган диннинг асосларидан биридир. ...билингки кимда ким бунга ишонмаса, унинг дини ҳам, яҳудий қавми билан ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқдир”31.
Шу билан бир қаторда, бу ақида ўзида икки нарсани мужассам этишини қайд этиб ўтиш лозим. Биринчидан, қайта тирилиш бир индивид учун эмас, балки бутун яҳудий миллати учун; иккинчидан, жисм билан руҳ ажралмас ҳолатда бўлишидир.
Яҳудийлар қиёмат куни инсон дунёда қилган амаллари бўйича ҳисоб китоб қилинишига ишонадилар. Мишнанинг шархига кўра инсонни қилган амаллари қиёмат куни ҳисоб китоб қилиниш учун ёзиб борилади. Талмудда бу борада шундай дейилади: “Инсон ухлаган вақтида руҳи осмонга кўтарилади ва кунлик қилган яхши - ёмон амаллари ёзиб борилади”32. Шунингдек, яҳудий файласуфи Саъд ал-Фаюмий: “Худонинг даргоҳида солиҳ ва ёмон кишиларнинг амаллари сақланадиган китоблар бор”,33 дейди. Демак, ҳар бир инсон қилган амали учун жавоб бериши белгилаб қўйилган. Яҳудийлик ақидасига кўра жаннат ва дўзахнинг борлигига ишонилади. Фақатгина, Садуқийлар бу ақидани инкор этадилар.
Тавротда жаннат Адан номи билан аталиб, унинг сифатлари баён қилинган34. Манбаларда таъкидланишича, жаннатга яҳудийлардан бўлган солиҳ кишиларгина тўғридан – тўғри кирадилар. Гуноҳкор яҳудийлар эса бошқалар билан бирга ер қаърига, яъни дўзахга тушадилар ва у ерда 12 ой давомида азобланиб, гуноҳларидан фориғ бўлгач, жаннатга кирадилар35.
Жаннатда бериладиган неъматлар ҳақида Талмудда шундай дейилади: “Жаннат Ердаги ҳаётга ўхшамайди. Унда на овқатланиш, на ичимлик, на тижорат, на савдо сотиқ, на инсонлар ўртасида ҳасадгўйлик бўлади. Фақатгина солиҳ бандалар бошларига тож кийиб, у ердаги сакинадан роҳатланурлар”36. Бу борада яҳудий файласуфи Саъд ал-Фаюмий ҳам юқоридагиларни тасдиқлайди ва шундай дейди: “Охират ҳаёти шундай ҳаётки, у бир нурдир. Унда таом, ичимлик, касаллик, савдо сотиқ ва бошқа шу каби дунёда учрайдиган ишлар бўлмайди”37.
Жаннат билан бир қаторда дўзах тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, унга яҳудийларнинг гуноҳкорлари ва уларнинг душманлари кирадилар. Яҳудийлар 12 ой азобланиб қайтиб чиқадилар, қолганлар эса абадий қоладилар. Дўзахнинг 3 та эшиги бўлиб, биттаси қуруқликда, биттаси денгизда ва яна бири Исроилда бўлади38.
Христианликда марҳумларнинг қайта тирилиши масаласига ҳам алоҳида эътибор берилиб, унга далил сифатида Инжилдаги қуйидаги сатрлар келтирилади: “...Сизларга Худо томонидан марҳумларнинг қайта тирилиши ҳақида айтилганларни ўқимадингизми: Мен Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худосиман, деганини? Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг худосидир”39.
Христианлик ақидасига кўра қайта тирилиш қуйидагиларда намоён бўлади:
а) ўлим орқали йўқ қилинган ва дунё бўйлаб сочилиб кетган тананинг айнан ўзини қайта тиклаш (Иов.19:25-27; 1Кор.15:42-49);
б) тананинг руҳ билан қайта бирлашиши (1Фессал.4:14-17).
Марҳумлар қайта тирилганидан сўнг ташқи кўринишдан улар аввалгидек кўринсаларда, лекин бу сафар уларнинг жисмлари абадий, Худо (Исо Масиҳ) билан ўтказиладиган ҳаёт учун мослаштирилган бўлади: “...охирзамон карнайи чалинганда ўзгариб кетамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар яна ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз, ҳаёт бўлганлар ҳам ўзгариб кетамиз”40.
Қайта тирилтириш кучига Худонинг уччала ипостаслари ҳам эга бўлиб, лекин бу ишни ё Ота, ёки Ўғил амалга оширади: “Ота қандай қилиб ўликларни тирилтириб уларга ҳаёт бахш этса, Ўғил ҳам кимни истаса, ўшанга ҳаёт бахш этади”41.
Қиёматда кимлар қайта тирилади, деган саволга христианлар “барча инсонлар тирилади” (далил: Иоан.5:28; Деян.24:15;1Кор.15:20-22; Фессал. 4:13-18) деб жавоб берадилар, фақат баъзи жамоалар (социанлар, адвнтистлар, расселитлар) христиан бўлмаганлар қайта тирилишини инкор этадилар. Исо Масиҳ ерга қайта тушиб, барча ўликлар тирилганидан сўнг Қиёмат бўлади:
Инсон Ўғли Ўзининг улуғворлигида, жамики муқаддас фаришталари билан бирга келган пайтида Ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Барча халқлар Унинг ҳузурига тўпланадилар. Чўпон қўйларини эчкилардан ажратганидай, У уларни бирма-бир саралаб қўяди42. Барча инсонлар қайта тирилганларидан сўнг маҳшаргоҳда тўпланадилар. У ерда оқ тахт ва унда ўтирган Сиймони кўрадилар, унинг ҳузуридан қочишга ҳаракат қиладилар, лекин уларга жой топилмайди. Сўнгра ҳар бир инсоннинг ҳаёт китоби очилади. Инсонларнинг ҳар бири китобларида ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм этиладилар43.
Исо Масиҳнинг ерга тушиши ва қиёмат ҳақидаги эсхатологик масалаларда католик, православ ва протестантларда катта зиддиятлар учрамайди, фақат қуйидаги фарқлар кўринади:

  • Католикларда проваслав ва протестантларда учрамайдиган Аъроф (чистилище) ғояси мавжуд, бу – жаннат билан дўзах орасидаги покланиш жойидир. Унда руҳ жаннатга кириш учун савоб амаллари етмаганда Худонинг турли синовларидан ўтиб, покловчи оловда ёнадилар. Бу оловни католик олимлари ҳар хил таърифлайдилар: баъзилар уни қилган гуноҳлари учун виждон азоби деб, баъзилар эса уни ҳақиқий олов деб тарифлайдилар. Аърофдаги руҳнинг азобларини енгиллаштириб, муддатини қисқартириш учун ўтиб кетганлар руҳи учун хайрли ишлар, дуолар ва индульгенция орқали савоб йўллаш мумкин. Бу таълимотни Фома Аквинский (1225-1274) ишлаб чиққан бўлиб, 1439 йилдаги Флорентий соборида қабул қилиниб, 1562 йил Тридент соборида расман тан олинган. Протестант ва православлар Аъроф таълимотини инкор этадилар44.

  • Протестантлардаги “Лютеран” жамоаси Исо Масиҳнинг ер юзидаги минг йиллик ҳукмронлигини инкор этадилар, уларнинг эътиқодига кўра Исо Масиҳ ер юзига тушганидан сўнг қиёмат қоим бўлади.

  • “Иегова шоҳидлари” ва “Худонинг жаҳон черкови” жамоаларининг эътиқодига кўра Исо Масиҳнинг минг йиллик ҳумронлик даврида Худони тан олмай ўлган кишиларга имкон берилади, улар қайта тирилиб Исога имон келтирадилар. Лекин, бу фикрни “Лютеранчилар” жамоаси инкор этади.

Яҳудийликда бўлгани каби Христианлик ақидасида ҳам инсон махшаргоҳда тўплангач, унга бу дунёда қилган яхши ёмон амаллари ёзилган китоб берилади ва шунга асосан савол-жавоб қилинади45. Бу дунёда қилган амаллариига қараб, инсонлар жаннат ёки дўзахга киради.
Христианлик эътиқодига кўра жаннат яхши инсонлар учун тайёрланган, инсон тасаввурига сиғдира олмайдиган, хис этиладиган абадий роҳат маконидир. Бу борада Авлиё Исак Сарин шундай дейди: “Жаннат – бу барча роҳату фароғатларни қамраб олган Худонинг севгисидир”46. Шунингдек, инсон Худога имон келтириш орқали унга кира олади.
Жаннатда бериладиган неъматлар ҳам руҳга, ҳам жисмга тааллуқлидир. Бунга “Худони маънавий кўриш эмас, балки жисмоний кўз билан кўрилади”, деган матн исбот бўла олади47.
Христианлик ақидасига кўра жаннатнинг самоларда эканига ишонилади, бироқ “Худонинг Жаҳон Черкови” жамоаси буни рад этадилар. Жамоанинг асосчиси Армстронг шундай дейди: “Муқаддас Китобнинг ҳеч бир жойида жаннат мукофот сифатида ваъда қилинмайди, жаннатга фақат амал орқали эришиш мумкин”48. Лекин, христианликдаги католик, православ ва протестантлар жаннатга фақат Исо Масиҳга имон келтириш орқали эришиш мумкинлигига ва жаннат Худонинг марҳамати билан мукофот қилиб берилишига эътиқод қиладилар. “Худонинг Жаҳон Черкови” жамоасининг фикрича, ҳеч бир инсон илоҳий самода бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Илоҳий само фақат Илоҳий Худо ва унинг фаришталари учун аталгандир. Охиратда Армагеддон урушида Исо Масиҳ Ерга тушиб, Қуддусда илоҳий ҳукмронликни ўрнатиб, абадий уни бошқаради, деб эътиқод қиладилар49.
Христианликда дўзах сўзининг (рус. “ад”, юнон. “κολασε”) икки хил маъноси бор: “дарахтнинг шохини кесиш”, “жазолаш”. Муқаддас Китобда дўзах иккинчи маънода қўлланилган бўлиб, христианларнинг эътиқодига кўра Худо бандаларини эмас, бандалар ўзларини ўзлари жазолайдилар. Муқаддас Китобнинг бир қанча ерида дўзах аниқ васф этилган. Улар қуйидагилар:
1. Матто баён этган муқаддас хушхабар: “Сўнг У чап томондагиларга ҳам айтади:
–Эй лаънатилар! Кўзимдан йўқолинг, иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинг!”50.
2. Яна, Матто баён этган муқаддас хушхабарда шундай дейилади: “Шундай қилиб, булар абадий азобга, солиҳлар эса абадий ҳаётга ноил бўладилар”51.
3. Матто баён этган муқаддас хушхабарнинг яна бир ерида шундай дейилади: “...Кимки биродарига телба деса, жаҳаннам оловида жавоб беради”52.
Инжилда дўзах юқорида ажратиб кўрсатилган иборалар билан тасвирланган. Шу билан бир қаторда, Христианлик таълимотида дўзах абадий экани, дўзахийлар кеча-ю кундуз азобланиши, улар учун энг оғир жазо эса уларнинг Худо билан муомалада бўла олмасликлари таъкидланади53.
Дўзах олови куйдиради, лекин ютиб юбормайди. Бир қанча жамоалар, масалан, “Иегова шоҳидлари”, “Худонинг Жаҳон Черкови” кабилар дўзах азоби абадий эмас, у дўзах аҳлини ютиб юбориб, умуман йўқ қилиб ташлайди, деб эътиқод қиладилар. Уларнинг фикрига кўра гуноҳкор инсонлар дучор бўлган дўзах азобининг абадийлиги қуйидаги сабабларга кўра хатодир: 1. Бу ҳақида Инжилда ҳеч нима дейилмаган; 2. У ақлга сиғмайди; 3. У Худонинг севгисига хилофдир; 4. У адолат мезонларига тўғри келмайди54. Ортодокс христианларнинг эътиқодига кўра улар келтирган бу сабаблар асоссиздир. Биринчидан, Инжилнинг бир қанча жойларида (масалан, Лук.16:23,24; Откр.14:10,11; 20:10,15) дўзах азобининг абадийлиги ҳақида очиқ-ойдин хабарлар келган. Иккинчидан, Худонинг севгиси барча бандалари учун бир хилдир, лекин ҳар хил таъсир қилади, христианлар Худонинг севгисини қабул қилганлари учун охиратда Худонинг севгиси уларни жаннатга киритади, аммо кофирлар Худонинг севгисини инкор этганлари учун Худонинг севгиси уларнинг зиёнлари учундир. Учинчидан, христианлар ва кофирлар ўртасида ҳақиқатни ўрнатиш учун кофирларни дўзахнинг абадий азоблари билан жазолаш, айнан адолат мезонларига мувофиқ келади. “Худонинг Жаҳон Черкови” жамоасининг эътиқодига кўра иблис ва унинг малаклари абадий азобга дучор бўладилар, лекин Исо Масиҳга ишонмаганлар бундай азобга йўлиқишларини инкор этадилар55. Бунга қарши далил сифатида ортодокс христианлар Инжилдан Марк: 9/48; Луқо: 16/23-24; Ваҳий: 14/10-11; 20/10-15 ларни келтирадилар. Шунингдек, дўзахнинг абадийлиги ҳақидаги таълимот 533 йил ўтказилган соборда расман қабул қилинган56.
Ислом ақидасида инсонларнинг қайта тирилиши масаласи Қуръон ва ҳадисларда мукаммал баёни берилган. Унга кўра Аллоҳнинг изни билан сур чалинади ва барча инсонлар таналари билан бирга қайта тириладилар. Қуръон каримда шундай дейилади: “Сур чалиниши билан, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар). Сўнгра у яна бир бор чалинганида, ногоҳ улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига ) қараб турадилар”57.
Сурни фаришта Исрофил пуфлайди. Биринчи пуфлаш “саъқ пуфлаши” дейилади. “Саъқ” чақмоқ уриб, йиқилиб ўлганга айтилади. Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай, бирдан йиқилиб ўладилар58. Сўнг Аллоҳ таоло Сур соҳиби — Исрофилни тирилтириб, Сурга яна нафха уришни буюради. Сурга иккинчи нафха урилганидан сўнг ҳамма тирилади.
Инсонлар қиёматда қайта тирилиб, сўроқ қилинишларига “Залзала” сураси 6-8 оятларини далил сифатида келтирилади: “Ўша Куни одамлар, уларга номаъи амолларини кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар.Бас, ким дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат) куни уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар59.
Яъни, қиёмат куни одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мўминлар алоҳида, кофирлар алоҳида жойларидан қўзғаладилар. Қайта тирилиб, қабрдан чиққанларидан сўнг одамлар яланг оёқ, яланг бош, онадан янги туғилгандек ҳолда Маҳшар майдони сари ҳайдаладилар. Маҳшар оппоқ, кафтдек текис ер бўлиб, унинг на қийшайган, на эгилган ери бор. Маҳшарда ҳамма тўпланганида, одамларга номаъи амоллари берилади. Кимки, бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаъи амоли ўнг тарафдан берилади. Ёмонларнинг номаъи амоллари чап тарафидан берилади. Сўнгра, яхшиларнинг ҳам, ёмонларнинг ҳам амаллари тарозида ўлчанади.
Исломда Яҳудийлик ва Христианликда учрамайдиган Сирот кўприги ва амаллар тортиладиган тарози борлигини қайд этиб ўтиш лозим.
Маълумки, инсонларнинг сўнгги манзили бу жаннат ва дўзахдир. Инсон улардан бирига етгандан кейин унда абадий қолади. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодича, ушбу икки тушунча моддий бўлиб, улардаги нарсалар ҳам руҳга ва ҳам жисмга тегишлидир. Улардаги неъматлар ва азоблар ҳам жисмга, ҳам руҳга берилади. Жаннат ва дўзах абадий бўлиб, уларга тушган кишилар ҳам унда абадий қоладилар. Фақат, баъзи осий мўминлар ўз қилмишларига яраша жазони ўтаганларидан кейин, дўзахдан жаннатга чиқадилар60.
Ислом динида жаннат (араб. - боғ, бўстон) тақводор диндорлар нариги дунёда роҳат ва фароғатда яшайдиган жойдир. Қуръонда жаннат ҳақида бир неча ерда баён қилинган (47: 15-55: 46-78; 76: 11-22). Ислом ақидасига кўра бу дунёдаги ҳаётида имонли ҳолида эзгу ишлар билан шуғулланган кишиларга Аллоҳ томонидан жаннатдан жой берилади. У ерда ғам-ғусса ва ташвиш йўқ. Одамлар яхши кўрган барча нарсалар муҳайё этилади, ҳатто жуфтлари ҳам бирга бўлади. Қуръонда жаннат дарахтзорлари остидаги ариқларда зилол сувлар оқиб туради, деб таърифланади. У ерда инсонлар қаримайди ҳам, касал ҳам бўлмайди. Жаннатнинг саккиз дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозани қўриқловчи фаришталари бор. Жаннатда энг олий неъмат – Аллоҳнинг жамолини кўриш ҳисобланади61.
“Дўзах – дин талабларини бажармаган гуноҳкорлар охиратда жазоланадиган жойдир. Диний тасаввурга кўра дўзах ичида олов ёниб турадиган даҳшатли чуқурлик, ачиштирувчи совуқликдан иборатдир. Дўзах бир неча табақадан иборат бўлиб, ҳар бир гуноҳкор ўз гуноҳига қараб тегишли табақаларда азобланади. Ислом динига кўра дўзахнинг етти (1.Ҳовия. 2. Жаҳим. 3. Сақар. 4. Лазо. 5. Хутама. 6. Саир. 7. Жаҳаннам) дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозани қўриқловчи фариштаси бўлади.62.


Download 167 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling