Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Ижтимоий синфлар ва эксплуатациянинг вужудга келиши
Download 0.99 Mb.
|
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)
3. Ижтимоий синфлар ва эксплуатациянинг вужудга келиши
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларда қўшимча қиймат ва хусусий мулкнинг доимий ошиб бориши ижтимоий-иқтисодий дифференцияга олиб келди. Бу вақтга келиб, уруғ-қабила бошлиқлари, коҳинлар, аввало, ҳарбий саркардалар ва уларнинг дружинникларининг тўплаган бойликлари кун сайин кўпая борган бир вақтда бошқа жамоачиларда озроқ кам бойлик мавжуд бўлиб, унча кўп бўлмаган одамларда эса зиёд маҳсулотлар умуман бўлмаган. Оддий жамоатчилар ҳар хил сабабларга кўра ўзларининг хўжалик шароити ва фаолияти ёш жиҳатдан ҳам баравар аҳволда эмас эди. Бу тенгсизлик аста-секин чуқурлашиб, кенгайиб борди. Бунга яна бир сабаб, аввалги вақтдаги фойдали иқтисодий муносабатлар аста-секин жамоаларга кириб борди. Шунингдек, боз устига молга қўйиладиган ва бериладиган эквивалентлик кириб бориб, аввалги тенг ҳолатда бўлинадиган ва баробар тақсимланадиган қоидага путур етказилди ёки ҳаётдан сиқиб чиқарилди. Эндиликда қавм-қариндошларга ёки алоҳида жамоачиларга бериладиган моддий ёрдам кесиб қўйилди. Ҳатто айрим вақтларда жамоатчилар тўлаб турадиган маҳсулотнинг нархи оширилди. Шу асосда мулкий табақаланиш жараёни кучайиб борди ва қулдорчилик пайдо бўлди. Қоида-тартибларни бузмаган жамоатчилар ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳали яшашга аранг етарди, шунинг учун уларда қулдорликка шароит йўқ эди. Шунинг учун ҳам асирга тушган эркаклар, айниқса, уларнинг ишга яроқсизлари ўлдириб юбориларди, аёллар чўриликка, болаларни эса катта қилиб олиш учун сақлаб қолинарди ва улар ғалаба қилган қабила бошлиғининг эътиборида бўлиб, катта қилиб олинарди. Башарти, уруш оқибатида эркакларнинг кўпчилиги қирилиб кетган тақдирда унинг жойини қоплаш мақсадида асирга тушганларнинг ҳам айримлари қабила фарзанди қилиб олинарди. Масалан, Шимолий Америкада яшовчи қабилаларда кишилар уруш туфайли ўзига тегишли яқин қариндошларидан бир нечасини йўқотса, бундай вақтларда қабила сардори уларга ўғил қилиб олиш мақсадида асирга тушган эркаклардан бир нечтасини берар ёки қиларди. Қуллар ҳатто XVII асрда ҳам эркин кишилар ҳисобланиб, фақат уларнинг уйларига қайтишга рухсат берилмасди, улар озод кишилар қаторида барча уй, хўжалик ишларида тенг, баробар қатнашарди. Лекин кўп ҳолатларда уларнинг хоҳиши инобатга олинмасди, арзимаган тартибсизлик учун калтакланарди. Шунингдек, азоб бериб ўлдириб юбориш ҳам мумкин эди. Қўшимча қийматга эга маҳсулотнинг пайдо бўлиши ва кўпая бориши билан меҳнатга бўлган талаб янада ошди. Шунинг учун ҳам эндиликда ҳарбий асирлар ишлаб чиқаришга, меҳнатга жалб қилинарди ва оқибатда улар қулларга айланарди. Шундай фикрлар ҳам бор. Масалан, дастлабки вақтларда қулчилик бутун жамоанинг ёки жамоатчиликнинг мулки ҳисобланарди. Уни жамоавий ёки коллектив қулчилик ҳам деб аташади. Бироқ этнографик жиҳатдан қулчиликнинг бундай шакли бирор халқларда аниқ кузатилмаган. Шунинг учун ҳам агарда жамоатчилик қулчилиги бўлган бўлса-да, бироқ у хусусий қулчилик томонидан тезда турмушдан сиқиб чиқарилган. Дастлабки вақтларда қуллардан асосан уй юмушларида фойдаланилган. Масалан, юкагир қабилаларида қуллар асосан аёллар ишида фойдаланилган: сув ташишган, ўтин тайёрлаган, овқат пиширган, итни овқатлантирган, кўча-куйни тоза, озода тутиш каби ишларда фойдаланилган. Дастлабки вақтларда қуллар хўжайинлар билан бирга яшашган, бир уйда бирга дам олишган, бир дастурхон атрофида овқатланишган. Бошқа айрим ҳолатларда қул ўзининг алоҳида хонасига эга бўлган, кичикроқ хўжаликка эгалик қилган, хўжайинига ёрдамлашган. Қуллар билан енгил муносабатда бўлишган. Айрим ҳолатларда қул муайян буюмларга, шахсий ҳуқуққа эга эди. Ҳар хил халқларда сақланиб қолган урф-одатлар бўйича қул ўзининг хўжайинининг мулкига меросхўрлик қилган, озод хотинларга уйланган, жамоатчилик ва диний ҳаётда тенг иштирок этган. Кўп ҳолатларда қулни сотиш, ўлдириш, ҳатто жиддий ҳақорат қилиш каби ҳаракатларга йўл берилмасди. Мабодо, у хўжайиндан жиддий хафа бўлса, бошқа хўжайин ихтиёрига ўтиб кетиши мумкин эди ва ҳоказо. Қул устидан алоҳида, жиддий назорат ўрнатилмаган эди. Чунки қуллар бирмунча маъқул шароитда яшаганлиги сабабли қочиб кетишига ҳаракат қилмас эди. Шунингдек, дастлабки вақтларда қулдорлик доимийликда бўлмаган. Кўпгина халқларда қул бир неча йил давомида хўжайин учун меҳнат қилгандан сўнг, қабиланинг тўлақонли аъзоси бўлиб қолиши мумкин эди. Масалан, ассамлик лушебларда доҳийнинг қули 3 йилдан 6 йил муддат давомида хўжайинлари учун ишлаб берса, ундан кейин у озодликка чиқарди. Алеут қабилаларида қул яхши одати билан ўзини кўрсата олса, у озод этиларди. Бошланғич даврларда қул бутун ҳаёти давомида хўжайинга хизмат қилса-да, лекин у ворисийликка дахли йўқ эди. Қулдорликнинг аста-секин ривожланиб бориши туфайли қулнинг болалари, набиралари ёки чеваралари эркин ҳисобланарди. Бу оддий қулчилик шакли кейинчалик уй қулдорлиги ёки патриархал қулчилик деб аталди ва бу вақтда қуллар уй ёрдамчиси, оиланинг кичик аъзоси ҳисобланарди. «Патриархал» атамасини бу ерда шартли тушуниш, яъни «примитив» маънода тушуниш керак. Чунки уй қулчилиги муайян тарзда патриархал жамиятда ҳам «сўнгги матриархат» босқичида мувозий кўринишда мавжуд бўлган. Секин-аста қуллар сон жиҳатдан кўпая борди. Уларнинг меҳнати уй хўжалиги чегарасидан чиқа бориши катта аҳамията эга бўлди. Шимолий-ғарбий ҳиндусларда қул кучидан фойдаланиш нафақат уй ишида, шунингдек, балиқ тутишда, сув омборларини жиҳозлашда, уй қурилишида, қайиқ ясашда, ҳар хил идиш-товоқлар ясашда, балиқ тутиб, уларни тузлашда, озиқ-овқат заҳираларини тўплашда, қўзиқорин тўплаб, овқат учун тайёрлаш каби юмушларда қуллар кучидан кенг фойдаланишар эди. Фақат ҳар хил фахрли ишларда, жумладан, кит овлаш ишларида қулларни кам аралаштиришарди. Қул меҳнатидан фойдаланиш бу қабилаларда кенгайиб борарди ва айрим вақтларда ишга жалб қилинганлар сони 15-20 тагача қуллардан иборат бўларди. Айрим қабилаларда эса бундай ишларга 30 % аҳоли жалб қилинарди. Қулчиликнинг аввалги манбаига эндиликда қул савдоси қўшилди. Қулчилик аҳволи меросхўрликка тааллуқли бўлди. Қулларнинг аҳволи жиддий равишда ёмонлашди. Аста-секин қул ҳеч қандай мулкка эга бўлмай қолди, ўз хоҳиши билан хотинга ҳам уйлана олмас эди. Никоҳ уларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлмасдан, оддий бирга яшашдан иборат эди, холос. Бошқа эркин кишилардан фарқли ўлароқ, улар сочларини таги билан калта қилиб олдириб юриши керак эди. Қуллар билан жиддий муносабатда бўлинарди. Масалан, Қадимги Спартада қулларнинг қўзғолонидан хавфсираб, уларнинг яшаш уйларига ҳужум қилиб туриларди. Шу каби усул билан уларнинг ҳовири бостирилиб, қўрқитиб, сунъий равишда ваҳима уюштирилиб туриларди. Уларда янги уй қуриб ишга тушириш удумларини тантанаворликда ўтказишда қуллар ўлдирилиб, «ҳадя» қилинарди. Шундай ҳолатлар янги қайиқ ясашда, дафн маросимларини ўтказишда тез-тез амалга оширилиб турарди. Бу ҳолат уларда қадимги вақтлардан мерос бўлиб қолган эди. Чунки дастлабки вақтларда айрим қабилаларда қулларни ортиқча ташвиш келтиради, деган аснода уларни ўлдириб юборишарди. Бу каби эски удум ва анъана эндиликда янги кўринишга эга бўлди. Қулларни террор қилишга ўтилди. Шундай қилиб, кейинчалик уй қулчилиги ишлаб чиқариш қулдорлигига айланди. Бироқ кичик оилага қарашли қуллар ишлаб чиқариш воситасига эга эмас эди. Улар ҳуқуқсиз аҳоли сафига кирарди ва улар эндиликда жамоатчилик ишлаб чиқаришида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб қолди. Бироқ қулдорликнинг вужудга келиши бошқа оқибатларга ҳам олиб келди: патриархал қулчилик озод жамоалар орасида табақаланишни кучайтирди. Эндиликда қуллар ҳамда бошқа қўлга киритилган бойликлар, аввало, қабила бошлиқлари, доҳийлари, дружинниклари ва яқин қариндошларининг мулки ҳисобланарди. Қулларни эксплуатация қилиш орқали бойиб бориш билан бир вақтда улар ўзларининг мавқеларини оширишарди, жамоатчиликда ҳурмат, обрў қозонишга уринишардилар. Хусусий мулкчилик институтининг ривожланиши билан мулкдорлар сони ошиб борди. Бу манбалар асосан уруғ-қабила бошлиқлари ихтиёрида тўпланарди, савдо ишлари ҳам уларнинг ихтиёрига ўтади. Жумладан, уруғ-қабила бошлиқларида ашёвий бойликдан ташқари ов, экин майдонлари, йилқичилик, ҳунармандчиликдан тушган бойликлар тўплана борарди. Шу билан бир вақтда кичик ишлаб чиқарувчилар ҳаётда синиб, қашшоқлашиб, улар ҳам бошқа жонли жамоатчиликка бирлаша бордилар. Уларнинг айримлари қарзга ботиб, қарамликка тушиб қоларди, айрим вақтларда ўзларини қул ўрнида сотарди. Кўпгина халқларда қабиладошларнинг қуллар аҳволи дастлаб бошқа қуллардан фарқ қиларди. Уларнинг кўпчилик аҳволи вақт бўйича чегараланган бўлиб, уларнинг шахсий ҳуқуқи бироз кенгроқ эди. Нима бўлганда ҳам, аввалги ҳукм сурган ҳолат, яъни қулчиликнинг асосий манбаи уруш орқали босиб олиш, маҳкум вақтида туғилиш, қул савдоси каби ҳодисаларнинг барчаси йиғилиб, қулдорликнинг принципиал жиҳатдан янги манбаини вужудга келтирди. Жумладан, қул савдоси, қарздорлик, қарамликка тушиб қолиш, қабиладош қулларнинг пайдо бўлиши кабилар шулар жумласидан эди. Жамоатчилик бирлашмасининг бошқа қисми ўзининг чоғироқ хўжалигига эга бўлган ҳолда шахсий эркинликдан иборат бўлиб, кўп вақтлар улар бой қабиладошлардан натурал ёки пул соҳаси бўйича қарзга ботиб қоларди. Мана шу асосда ери бор хўжалик учун ишлаб бериш, судхўрлик, ишлаб чиқариш воситаларини ижарага олиш, деҳқончиликда дон қарзга олиш каби ҳолатларни ўз вақтида қутила олмаганлиги сабабли экспулатациянинг ана шу каби шакллари вужудга келди. Кўп ҳолатларда кичик жамоалар ўз қарзларини вақтида беролмасдан бойларга қарамликка тушиб қолишарди. Шундай қилиб, кичик жамоалар ишлаб чиқаришида нисбатан қўшимча қийматга эга маҳсулотлар пайдо бўларди. Бундай ҳолларда қарздорнинг жамоатчи мулкдор хўжайиннинг фойдасига ишлаб бериши талаб қилинарди. Шу тарзда эксплуататор хўжайин пайдо бўлади. Аста-секин эксплуатация жамоачиларнинг иқтисодий жиҳатдан тўлақонли мустақил объекти бўлиб қолди. Юқори сатрларда айтилганидек, йўлбошчилар ва доҳийлар жамоаларнинг бойлигини ўзлаштира бошладилар ва уларнинг таъсири омма орасида оша борди. Оқсоқоллар, ҳарбий саркардалар, коҳинларнинг коллектив хўжалик устидан назорати кучая борди. Шу билан бир вақтда жамоалардан, қабиладан, қабила иттифоқларидан келиб тушаётган бойлик ҳиссаси оша борди. Жамият томонидан бошқарувни ташкиллаштирувчиларга сарфланадиган ҳаракатлар ҳам кўпая борди. Бу бошқарув шакли доимий равишда такомиллаштириб борилди ва эксплуатациянинг ричаги кенгайиб, мустаҳкамланиб боради. Шундай қилиб, бирини иккинчиси томонидан эксплуатация қилиш шакли кенгая борди. Кўпгина шўро ва хорижий мамлакатлар олимлари маҳсулотнинг вертикал тақсимланиш шаклини «Редаструбация» («тақсимлайман») атамаси билан фанга киритишганлар. Бундай эксплуатация йўли анча такомиллашган бўлиб, маҳсулотни ёки бойликни бошлиқларга «йўлда» йўқотишсиз етказиш тартиби ўрнатилади. Жамоалардан, қабилалардан доимий анъанавий равишда оқиб келадиган мол-мулк, бойликлар, шунингдек, ҳар хил совғалар тўғридан тўғри бошлиқларнинг, ҳарбий саркардаларнинг ихтиёрига бориб тушарди. Қўшимча қийматга эга, иқтисодий жиҳатдан салмоқли маҳсулот ва бойликларнинг юқори лавозимларни эгаллаб турган амалдорлар ихтиёрида доимий равишда тошиб, тўпланиб бориши профеодал ёки примитивно-феодал эксплуатацияга хос иқтисодий ва маънавий йўналишни пайдо қилди. Хуллас, эндиликда одамларнинг эгаллаб турган катта ер мулкини бошлиқлар, доҳийлар бошқарадиган бўлинди. Бутун бу ҳақдаги жараённи океания халқлари турмуш тарзида аниқ кузатиш мумкин эди. Мелонезиялик қабилалар бошлиқлари одатда ҳадя учун келтирилган мулкни қабул қилмасдилар, бироқ жамоаларнинг бойлиги устидан назорат ўрнатиб, бу ҳодисада бошқарувчилар бойиб боришни назарда тутиб, бу соҳага катта умид билан қарардилар. Янги Зеландиялик маорларда доҳийлар оддий жамоачилардан совғаларни куч ишлатиш йўли билан тортиб олардилар. Уларнинг ер бўлинмалари бошқа жамоатчиларникидан кўп эди, бироқ ҳали улар жамоа ерларига дахлдорлик қилмасдилар. Фаджиликларда эндиликда жамоалар ер мулкига хўжайинлик қилишга уринардилар. Танго оролида яшаган халқларда барча ерлар доҳийнинг мулки ҳисобланарди. Оддий жамоачилар ўзларига беркитилган ерга бўлган хўжайинликни бошқалар билан алмаштиришга ҳаққи йўқ эди. Чунки бундай ҳаракатлар учун ўлим жазоси тайинланган эди. Таитада бу жараён янада ривожланган бўлиб, уларга келтириб берилган мол-мулк ҳисобга олинарди. Яна бир даҳшатли эксплуатация урушларни келтириб чиқарди. Кучсиз жамоалар ва қабилалар ҳар хил талон-тарождан ҳайиқиб, ўзларидан кучлироқ қўшни қабилаларга, амалда уларнинг доҳийларига дастлаб бир вақтдаги контрибуцияни доимий тўлаб турарди. Кейинчалик кўпми, камми муайян миқдорда ўлпон ҳам тўлаб турардилар. Шундай қилиб, бериб туриладиган эксплуатация шакли эндиликда қўшимча қиймат туфайли пайдо бўлган мол-мулк ихтиёри ёки мажбурий равишда енгилган қабилалар ғалаба қилган қабилаларга тўловларни бериб турардилар. Ўлпон тўловчилар шунинг учун ҳам эксплуатацияни кучайтириб, ундан келган қўшимча даромад ҳисобидан ўлпонларни тўлаб, ўзларининг мулки ёки бойлигига катта зарар етказилмасликка уринишардилар. Талончилик урушлар ёки констрибуциялар ҳам, ўлпон тўлаш ҳам аслида эксплуатациянинг бошланғич шакли эди. Тўғри, ҳозирги вақтда эксплуатациянинг бошланғич шакли ҳамон саёз ўрганилганлиги қайд этилмоқда. Шундай қилиб, ҳозирча эксплуатациянинг қадимги икки шакли ҳақида сўз юритса бўлади. Биринчиси энг қадимгиси бўлиб, мардикорчилик ёки уй қулчилиги каби жамоатчиларнинг ички дунёсида бўлган эксплуатация ҳисобланади. Иккинчиси амалда даҳшатлироқ бўлиб, зўравонлик учун куч ишлатиш, турли талончилик урушлар эвазига бўладиган эксплуатация деб масалага қисқача якун ясаса бўлади. Бундан ташқари, эксплуатация шаклларининг барчаси ҳам муайян тарихий жараённи бошдан кечирган кўпгина шакллари жуда қадимги даврларда вужудга келганлиги ҳақида юқори сатрларда айтилди. Ҳозирги биз томондан ҳикоя қилинаётган шакллар асосан этнография ҳамда қисман археология манбаларига таянилган ҳолда ҳикоя қилинмоқда, лекин уларнинг энг дастлабкиларини тарихан тиклаш жуда мураккаб. Биз ҳикоя қилаётган эксплуатация шакллари юқорида эслатилган кўпгина халқлар ва қабилаларнинг турмушида узоқ йиллар, асрлар давомида уларнинг муайян анъанавий излари сақланиб қолганлигини кўриб ўтдик. Келажакда бу масалага янада кўпроқ ойдинлик киритиш учун янгитдан қилинган археологик кашфиётлардан фойдаланиш мумкин. Ҳозирча эксплуатациянинг қадимий шаклларидан бири бўлган ҳодиса ўзлаштирувчи хўжалик даврида ҳам эксплуатация юзага келганлигидир. Масалан, бу даврда уй қулчилиги ташкил топган эди. Шу масалани алоҳида урғу бериб айтиш лозимки, синфларнинг пайдо бўлиши шундай чегара бўлиб қолдики, бу ибтидоий жамият формацияси ўтиш жараёнини тарихий нуқтаи назардан белгилаб берди. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling