4. Қўшимча материалларни тақдим этиш
Экспертиза давомида талабнома берувчи ўз ташаббуси билан ихтиро моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда талабнома материалларига тўлдиришлар, аниқликлар ёки тўғрилашлар киритиш ҳуқуқига эга, бироқ буни талабнома берувчи патент бериш ҳақидаги қарор қабул қилингунга қадар ва белгиланган миқдордаги патент божини тўлаган ҳолда амалга ошириши лозим.
Экспертиза талабига кўра қўшимча материалларни талабнома берувчи экспертиза сўровномаси юборилган санадан бошлаб уч ой ичида тақдим этиши лозим.
Талабнома берувчининг кўрсатилган муддат ўтмай туриб келиб тушган илтимосномасига биноан ҳамда белгиланган патент божи тўлангандан кейин, бу муддат чўзилиши мумкин, бироқ у экспертиза сўровномаси юборилган санадан бошлаб 12 ойдан ошмайди.
Агар талабнома берувчи экспертиза сўровномасига жавоб қайтармаган бўлса ёки қўшимча материалларни тақдим этиш муддатини бузса, талабнома чақириб олинган ҳисобланади.
5. Ўтказиб юборилган муддатларни тиклаш
Агар патент олиш бўйича талабнома берувчи тақдим этилган ҳар бир амалий ҳатти-ҳаракатларни бажариш муддатини ўтказиб юборган бўлса, Вазирлик узрли сабаблар мавжудлиги ҳақидаги далилларнинг келтирилиши ҳамда белгиланган патент божининг тўланиши шарти билан сўровномага жавоб бериш муддатини тиклаши мумкин.
Муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани тақдим этиш муддати ўтиб кетган ҳужжат билан биргаликда ўтказиб юборилган муддат тугаган кундан бошлаб 12 ойдан кечикмаган муддатда тақдим этилиши лозим. Вазирлик кўрсатилган сабабларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиб олишга ҳақлидир.
Илтимосномага белгиланган миқдордаги тегишли патент божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат илова қилиниши керак. Белгиланган миқдордаги тегишли патент божи тўланганлигини исботловчи ҳужжат кўрсатилган муддатда тақдим этилмаса, юридик аҳамиятга эга ҳаракатлар амалга оширилмайди ва бу ҳақда талабнома берувчига хабар берилади.
Ўтказиб юборилган муддат тикланганлиги ҳақида ҳам талабнома берувчига хабарнома юборилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |