ИЙМОН КАЛИМАСИ
«Лá илáҳа иллАллóҳу Муҳаммадур росýлуллóҳ.»
М а ъ н о с и:
Ёлғиз Аллóҳдан бошқа худо йўқ ва Муҳаммад аллайҳиссалоту ва саллам унинг росулидир.
«Ашҳаду ал-лá илáҳа иллáллóҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ.»
М а ъ н о с и :
Аллóҳдан ўзга илóҳ йўқ, у яккаю ягона ва Муҳаммад алайҳиссалоту ва саллам унинг бандаси ва ҳақ пайғамбарлигига шаҳодатлик бераман.
Бу калималарни дил билан тасдиқлаб тил билан айтган инсонлар мўъмин ҳисобланадилар.
Аллóҳ-таоло мўьминларга бошқа ўзак-арконларни ҳам бажариш зарурлигини айтади.
Намоз эса Исломдаги ана шу ўзаклардан иккинчисидир.
Аллóҳ-таоло намозни пайғамбаримиз меърожга чиққанларида барча мўъминларнинг зиммасига фарз қилди. Демак иймон келтирган инсонлар мўъмин, қолган барча фарзларни бажарадиганларгина мусулмон бўладилар. Аллóҳ таоло ўзи барчамизни ҳидоятга бошласин! Омин!
Намоз — мўъмин, мусулмонларнинг меърожидир, яъни инсонларнинг роббиси бўлмиш Аллóҳ-таоло билан мулоқотидир. Йўқдан бор қилиб яратган, ақл-заковатни неъмат қилиб берган, нихоятда меҳрибон зот Аллóҳ-таоло ҳузурида, албатта, инсон нафақат қалби билан, балки танаси билан пок бўлмоғи лозим. Тана поклиги эса таҳорат билан юзага келади.
ТАҲОРАТ АМАЛИ
Истинжо қилиш, яъни инсоннинг нажосат чиқадиган аъзоларини сув билан тозалаб ювиш.
«Бисмиллáҳир роҳмáнир роҳим» деб, кўллар билаккача ювилади. 3 марта.
Ўнг қўл билан оғизга сув олиб, бармоқлар билан тишларни тозалаб, халқумни чайиш. 3 марта.
Ўнг қўл билан бурунга сув олиб, чап қўл билан уни яхшилаб чайиш. 3 марта.
Юзни ювиш. 3 марта.
Аввал ўнг қўлни сўнгра чап қўлни тирсаги билан қўшиб — 3 марта ишқалаб ювиш.
Бошга масҳ тортиш, яъни қўлларни намлаб пешонадан то орқа бўйингача ҳўллаш. Қулоқларини ичи ва усти билан ишқалаб артиб, - бўйинга қўл панжаси усти билан масҳ тортиш.
Аввал ўнг, сўнг чап оёғини тўпиғи билан қўшиб тозалаб, чап қўл билан ювиш. 3 марта.
Шу аснода таҳорат ниҳоясига етади.
Do'stlaringiz bilan baham: |