Агар сиз ушбу олий таълим муассасасига раҳбар бўлиб борсангиз, қандай ишларни амалга оширасиз? Тадбирларингизни “Мақсадлар дарахти” усслубини қўллаган холда ечинг.
Кейс 3.
Экстремистик, террористик ахборот хуружлари
Тошкент шаҳрида жойлашган Тошкент ахборот технологиялари университетида талабалар иштирокида “Интернет ва ижтимоий тармоқларда кузатилаётган ахборот хуружлари” мавзусида суҳбат ўтказиляпти.
Минбарда нутқ сўзлаётган рахбар ходим мавзуни интернет ва ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, дин ниқоби остида ёшлар онгига эга чиқишни мақсад қилган кучлар, юртимиздаги диний соҳада эришилган натижалар ва бу борадаги оқилона сиёсатни нохолис ёритиб, юртда нотинчлик келтириб чиқариш уларнинг бош мақсади экани ҳақида тўлқинланиб гапириб бўлгач, залдагиларга тадбирнинг савол-жавоб қисми бошланганини эълон қилди.
Шунда залда ўтирган ўзига ярашган кийим кийган, дид билан текисланган соқол қўйган, кўринишидан ўқимишли бир йигит қўл кўтариб, савол берди: “Фалончи Фалончиевич, мени сизга иккита саволим бор. Биринчиси, мана сиз ҳозир ахборот хуружи, уларнинг ёшлар онгига таъсири ҳақида гапириб ўтдингиз, лекин бу муаммоларнинг чораси ҳақида ҳеч нима демадингиз. Сўзингиз асносида “Вазият тақозо қилса барча ижтимоий тармоқларни тақиқлаб ташлаш керак”, деб ҳам айтдингиз. Демак, сизнингча, биз ёшларни ўз диний эҳтиёжлари учун керакли маълумотлар билан қуроллантириб, четдан кириб келаётган ахборот хуружига нисбатан уларда иммунитет ҳосил қилиш ўрнига, дунёдаги бир қўл билан санарли бир-иккита авторитар режимдаги давлатлар йўлидан бориб, интернетни, ахборот олиш эркинлигини чеклашимиз керакми? Ахир, бунда вазият фақат чигаллашмайдими? Иккинчи саволим: кўриб турганинггиздек, мен соқол қўйганман. Мен бу ишимни биринчи навбатда диним мени шунга буюргани учун қилсам, иккинчи жиҳатдан юзимнинг териси етарли даражада соғлом эмас, агар соқолимни қирсам юзимга дарров нарса тошади. Лекин, ушбу ўқув юртида ҳамма ўқитувчи ва деканлар манга ола қараш қилади, ҳатто бир куни маънавият ишлари бўйича проректор мендан соқол қўймаслик ҳақида тилхат олмоқчи ҳам бўлди.
Айтинг-чи, юртимизда азалдан амал қилиб келинадиган ҳанафийлик мазҳабида ҳам вожиб деб айтилган соқол қўйишим, соқолни айрим адашган тоифа ва жангарилар каби бесўнақай қўймасдан, ўз кўринишимга мослаб, чиройли қўйиб юришимга қаршилик қилиниши тўғрими? Яна бир масала, нега ОТМларда турли мажбурий тадбирлар айнан жума куни жума намози пайтига белгиланади. Ахир динимизда жума намозини адо этиш балоғатга етган ҳар бир мусулмон эркакка фарз-ку!”.
Бу саволларни кутмаган мутахассис бир муддат тин олди. Залдаги ҳамманинг кўзи “Жўяли жавоб берармикин?” деган маъно билан унга тикилган.
Юқоридаги ҳолат бўйича қуйидаги саволларга жавоб беринг:
1. Мутахассис ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйиш ҳақидаги кескин шахсий фикрини қай тарзда шарҳлаши лозим?
2. Мутахассис мурожаат қилган талабанинг соқол ва жума намози ҳақидаги саволларига қандай жавоб берса тўғри бўлади?
3. Ушбу вазиятда мутахассис диний асослар ва жорий қонунчилик талаблари ўртасидаги нозик мувозанатни қандай тиклаши мумкин?
Do'stlaringiz bilan baham: |