Ikki elning tanti
ИБРОЙИМ ЮСУПОВ ДОСТОНЧИЛИК МАҲОРАТИГА
Download 1.16 Mb. Pdf ko'rish
|
И Юсупов ижоди фаолияти, шеърлар
ИБРОЙИМ ЮСУПОВ ДОСТОНЧИЛИК МАҲОРАТИГА ЧИЗГИЛАР Акбарали Сабирдинов – ФарДУ профессори, филология фанлари доктори Аннотация: Мақолада Ибройим Юсуповнинг қсатор достонлари таҳлили мисолида унинг замонавий қорақалпоқ достончилиги тараққиётига қўшган ҳиссаси ёритиб берилган. Шоир услуби ва бадиий маҳоратига хос жиҳатлар кўрсатиб берилган. Калит сўз ва иборалар: бадиий маҳорат, услуб, достончилик, қаҳрамон, давр муаммолари, тасвирий воситалар, шеърий санъатлар. Ҳар бир халқнинг ғурури ва виждони ҳисобланган, унинг шону шавкатини дунёга танитган даҳолари, саркардалари, ижодкорлари бўлади. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, моҳир прозаик ва таржимон Ибройим Юсупов ана шундай намояндалардан ҳисобланади. Ибройим Юсупов адабиётга ХХ асрнинг 40-йилларида кириб келди, ўттиздан ортиқ шеърий ва насрий асарлар тўпламини чоп эттирди. У қорақалпоқ адабиётига даврнинг долзарб масалалари акс этган содда, пурмаъно, дилбар оҳанг ва образларга бой асарлари билан салмоқли ҳисса қўшди. Шоир муҳаббат мавзусида фикр юритадими, ватанпарварлик туйғуларини ифодалайдими, қорақалпоқ эли тарихини тасвирлайдими, юртнинг бетакрор табиат манзараларини ёритадими, аввало миллатнинг оташин фарзанди сифатида юз кўрсатади. Ибройим Юсупов “Тўмарис”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Булбул уяси”, “Ватан тупроғи”, “Чўл армонлари” каби қатор достонлари билан ушбу жанр тараққиётига катта ҳисса қўшди. Шоирнинг “Тўмарис” достони эрамиздан аввалги VI асрда Ўрта Осиёга бостириб кирган аҳмонийлар шоҳи Кирга қарши Тўмарис бошчилигидаги массагетларнинг мардонавор кураши воқеалари тасвирига бағишланган. Тўмарис қаҳрамонлиги тўғрисида яратилган эпос мазмуни грек тарихчиси Геродотнинг “Тарих” китоби ва Страбон асарлари орқали бизгача етиб келган. Шоир тарихий манбалардаги маълумотни асос қилиб олгани ҳолда достонни янги тафсилот ва 13 воқеалар билан бойитади. Фалсафий фикрлар синган гўзал асарлар яратишга эришади. Бетакрор тасвирий ифода ва воситалар, шеърий санъатлар ва бадиий тафсиллар билан безанган сатрлар орқали муаллиф асар жозибадорлигини оширади. Окс (Аму) ва Яксарт (Сир) дарёлари қуйиладиган Оксанна (Орол) денгизининг қуйи оқим воҳасида яшаган туркийларнинг боболари бўлган массагетларнинг қаҳрамонона кураши тарихи асар асосини ташкил этади. Достонга Тўмариснинг дунёга келиш воқеасини шоир ижодий тўқима сифатида киритган. Шоҳнинг қизи бўлган аёллар салтанатининг ҳукмдори Тўмариснинг онаси қўшни шоҳ билан севишиб қолади. Севгининг “сирли меваси” бўлган Тўмарис дунёга келгач, онаси томонидан ғорга беркитилади. Сабаби аёллар салтанати ҳукмрон бўлган муҳитда қизларнинг турмушга чиқишлари мумкин эмас. Орол ҳукмдори олдига қизлар ёввойи табиат қўйнида юрган ёввойи қиз – Тўмарисни тутиб олиб келадилар. Сир бой бермаган ҳукмдор аёл ўз қизини саройда тарбиялай бошлайди. Лекин бу мамлакатга Тўмарис севиб қолган қўшни мамлакат ҳукмдори ҳужум қилади. Йигит ўз ҳужумини “Қизил тулки думини асло Қўлтиғига яшириб бўлмас. Агар бўлса бу сирдан огоҳ, Подшо онанг сени соғ қўймас”[1,350] дея изоҳлайди. Қирқ кунлик жангда йигит ғолиб келиб, аёллар ҳукмдори Тўмариснинг онасини ўлдиради. Тўмарисни эса хотинликка олади. Етти йилдан сўнг халқ золим йигитни тахтдан ағдари, ўзларига Тўмарисни ҳукмдор этиб тайинлайдилар. Сўнг Эрон шоҳи Кайхусрав массагетлар юртига юриш қилиб Тўмариснинг ўғлини ҳийла билан асир олади. Тўмариснинг ўғли номусга чидай олмай ўзини ўлдиради. Асар сўнгида Тўмарис ўз онтига содиқ қолиб, Кайхусравни енгади. Бошини олиб, қон тўлдирилган мешга солади. Асардаги “Асов кийик овчини кўрса, Асқар тоғин пана этади, Агар бургут чўққига қўнса, Қанотига умид тутади” сатрларида параллелизмдан, “Ўчоқдаги қоқ саксовулнинг Милт-милт ёнган чўғи сўнади, Фарзанд доғи ғамгин кўнгилнинг Туб-тубида чўғдай ёнади” [1,339] мисраларида қаршилантиришдан, “Зикр тушиб гулхан ёнида Арвоҳ чорлар кекса табиблар. Парвонадай ўт атрофида Массагетлар ўйнаб кулишар. Бир жимжитлик чўкди майдонда Қулоғи том битган танадай” [1,344] саирларида ўхшатишлардан, “Қирғоғида нор қамишлари Шовқин солиб, кўллар қолдилар. Оролларада иш, ташвишлари – Паналаниб эллар қолдилар” [1,345] мисраларида сўз такрорларидан, “Аммо... ёрсиз, севгисиз турмуш – Айт-чи, менга; турмуш бўларми? Ўтсиз ўчоқ ва қанотсиз қуш Чиндан ўчоқ ва қуш бўларми?” [1,348] сатрларида тажоҳили ориф санъатидан моҳирлик билан фойдалангани ҳолда муайян фикр ифодаланган. 14 Шоир достонда даврнинг долзарб муаммосини қуйидагича изоҳлайди: Шундаймиди, товба, одамлар! Улар илк бор пайдо бўлган он. Ўт, сув, меҳр, ҳасад, аламлар Юрагида урганда туғён. Одамларни одам туғади, Дунёга ҳам келтирар улар. Ҳобил қочса, Қобил қувади, Бир-бирини ўлдирар улар. Сирмоқ эшар одамга одам, Азоб берар одамга одам. Қирмоқ учун одамни одам Қурол ясар одамга одам... Уруш бўлса – туриш бўлмайди Ва қурбонсиз уруш бўлмайди. Бу – урушнинг қонуни азал, Уруш элга ёвдир ҳар маҳал[1,355] Хуллас достон тўққиз қисмдан иборат бўлиб, бармоқнинг 4+5 туроқланиш асосидаги тўққиз бўғинли вазнида ёзилган ҳамда а–б–а–б тарзидаги кесма қофияланишга эга. “Булбул уяси” достони иккинчи жаҳон урушининг кишилар тақдирига кўрсатган оғир асоратларига бағишланган. Шоир қорақалпоқ юртига бўлган муҳаббатини, бетакрор табиати манзараларини нозик чизгиларда акс эттиради: Кегейли соҳили кўзимнинг нури, Туғилиб – улғайиб ўйнаган ерим. Мажнунтол остида илҳом-ла масрур, Тўнғич муҳаббатни куйлаган ерим. Онамнинг чеҳраси, овози ёдгор, Қурдош дўстларим ҳам бари шу жойда. Не улкан йўллардан чекка бу диёр Мени тортиб турар бўлмайин қайда. [1,367] Достон воқеалари муаллиф томонидан баён этилади. У ўзининг ўсмирлик дамларини ёдга олади. Чангалзорлар ичра кезиб юриб, тасодифан бузилган қуш уясини ва ерда ётган полапонини топиб олади. Уяни тузатиб полапонни унинг ичига солади. Полапон ҳолидан мунтазам хабар олиб туради. Бир куни совуқдан музлаб қолган қушни ва унинг қанотлари остида тирик қолган полапонни кўради. Ушбу воқеа достонда кейинчалик уруш туфайли асар қаҳрамонлари тақдиридаги бўҳронлар билан қиёсланади. 15 Достонда булбул бўлиб куйлаб, севган ёри – чарос кўз келинчакни ўзига ром этган муаллим йигит, уларнинг покиза муҳаббати тасвири орқали шоир урушга бўлган нафратини таъсирчан ифодалашга эришади. Муаллим йигитнинг урушга кетиши дала ишларининг хотин- қизлар, болаларга қолиши тасвири достонда изчил аксини топади: Кунлар оғир меҳнат ичра ўтарди, Қамчи тушган отдай зада этарди. Уруш олис, ёт қайинлар умринмас, Бизларни-да ҳар кун ямлаб ютарди. Женга – бекач, дойи – жиян, хазил сўз, Кулки – овунч, бошқа гап йўқ, ичида туз... Қайтаётган қушлар сафи кўринса, Хабар бордай эргашарди ҳар бир кўз... [1,371] Кўп ўтмай муаллим йигитнинг жангда ҳалок бўлгани хабари келади. Келинчак йигирма ёшида бева қолади. Достонда ғалаба учун ўз ҳиссаларини қўшаётган фидойи инсонлар билан бирга овул бошлиғи – овулатқум каби нафс бандалари, аёлларнинг номусига тажоввуз қилувчи нопок шахсларнинг қилмишлари танқид қилинади. Уруш тугагач, муаллимнинг тирик экани, уруш бўлган жойларда ногирон бўлиб қолиб кетгани маълум бўлади. Достонда муаллим йигитнинг юртига қайтолмай онаси ва ёридан айро ҳолатдаги соғинч туйғулари синган шеърлари ҳам берилади. Уларда уруш туфайли қўллари ва оёқларидан ажраган йигитнинг изтироблари чуқур ифодаланган. Достон воқелари ровий-қаҳрамон – ўсмир тилидан баён қилинади. Ўсмирнинг келинчакка бўлган беғубор муҳаббати нозик ифодаларда аксини топган. Достоннинг сўнгги сатрларида баёнчи қаҳрамоннинг фалсафий фикрлари қуйидагича ифодаланади: Бутун дунё нотинч, дунё тўфонлиғ, Сарҳадларда танглиғ, сасларда танглиғ. Дунё – хавф-хатарли чангалзор ичра Булбулнинг омонат уяси янглиғ! Уни бузмоқ бўлар неча тўфонлар. Ўрмаланиб юрар неча илонлар. Шақол – тулки озми?! Қочгайдир офат Биз унга кўз-қулоқ бўлсак, инсонлар! [1,394] Ушбу достон 6+5 туроқланишли ўн бир бўғинли бармоқ вазнида ёзилган бўлиб, қофияланиш тартиби а–а–б–а; в–в–г–в ва ҳ.к. тарзда. Достон шоирнинг фалсафий фикрлари билан безанган. Муаллиф бир ўринда О, Она Табиат, сен на донишманд! 16 Ул камёб қуш, билдим, булбулга дилбанд. Булбул чумчуқ каби кўпайса, балки Истеъдоднинг қадри бўлмасди баланд [1,392], дея эътироф этади. Ушбу фикрни шоирнинг булбул оҳангини ёдга солувчи гўзал шеърияти ва ёрқин истеъдодига ҳам тўла тадбиқ этиш мумкин. “Ватан тупроғи” – жанр жиҳатидан шеърий қисса ҳисобланади. Асарда шўро давлатининг қатағон сиёсати қанчадан-қанча инсонлар тақдирини издан чиқарганлиги маҳорат билан тасвирланади. Шеърий қиссага Махтумқулининг “Арилар ҳам учиб парвона бўлар Уяси бузилиб, болдан айрилса” сатрлари ҳамда муаллифнинг “Бу қиссани қатағон қурбони бўлган азиз падарим Юсуф Охуннинг руҳи покига бағишладим” деган сўзлари хатбоши сифатида келтирилган. Асар воқеалари Абдусамат охун ва унинг ўғли Момитнинг қатағон сиёсати туфайли ўз юртидан кетиб, хорижий юртларда саргардонликда кечган машаққатли ҳаётлари тасвирига бағишланган. Хорижий мамлакатда Момитнинг камол топиб, яхши кишилар ёрдамида илмли, маърифатли шахс бўлиб вояга етиши билан достон воқеалари якунланади. Асар равон тил билан ёзилган. Ўз юртига зиёрат учун келган Момитни шўро давлати нозирлари шундай сўроққа тутадилар: Олимлар “Қўнғиротга пир ўтган” дейди. Қорақалпоқни динга ўргатган дейди. Ҳаким ота Сулаймонмиш лақаби, Бул ҳикматни шул пир яратган дейди. Олимлар ҳам асли ақлдан озган, Никакой пир эмас бу сўзни ёзган. “Сенга қул бўлганим султондан ортиқ”, Деб онт ичиб, ўзи гўрингни қазган. “Онамнинг тумори” дейсан сен буни, Неча доллар бу хатнинг хуни? “Отам ўлар чоғи менга берди” деб, Жудаям оширдинг бунинг қадрини [1,398-399]. Хуллас ушбу шеърий қисса воқеалари замирида қатағон сиёсатини қоралаш, шўро давлатининг ғайриинсоний моҳиятини фош этиш етакчилик қилади. “Чўл армонлари” достони 22 қисмдан иборат асарда чўл табиатининг бетакрор манзараларини шоир мароқ билан тасвирлайди. Она юртга бўлган чексиз меҳрини Сулувлар қадамин эслайман бунда, Кийиклар нозланиб босганда оёқ. (Қизлар кийикданми, кийиклар қиздан – 17 Кимдан ким ўрганган, билмадим бироқ). Ҳуркмай, эмин-эркин югурсин ўйнаб, Гўзал оҳуларим, эрка маролим. Кийиклар чопганда кенг дала бўйлаб, Кийик бўлиб кетар менинг хаёлим... [1,425] тарзда ифодалайди. Ушбу ўринда Ян Парандовскийнинг “Сўзнинг сеҳрли, мўъжизали ва фусункор кучи унинг тасаввурлар ва образларни юзага келтириш қобилиятида акс этади. У бешта сезги орқали идрок қилинган нарса, воқеа, ҳодисаларнинг кўзга кўринмас вакилидир” [2,195] деган фикри ёдимизга келади. Ибройим Юсупов ҳам ўз асарларида сўзга ана шундай ёндашади. Асрлар давомида шоҳлар ҳам мавҳ эта олмаган чўл ушбу ҳодисани шундай изоҳлайди: Қайсар Қайғоқчилик – чўл армияси Мени киприк қоқмай қўриқлаб турар. Қудратли икки қум империяси Менинг атрофимда ўт пуркаб турар. Кайхисрав подшонинг боши бу ерда Қонли мешга чўкиб пушаймон этган. Ҳатто икки шоҳли Искандарлар-да Менга тиши ўтмай айланиб ўтган [1,430]. Достонда инсонларнинг ҳамжиҳат бўлиб чўлга сув чиқаришлари, машаққат билан уни жиловлашлари ёритилади. Шоир она юртга, унинг бетакрор табиатига бўлган чексиз муҳаббатини Биламан, дунёда сулув ерлар кўп, Кўрдим денгизларни, яшил тоғларни, Кўрдим дарёларнинг бўйини кўм-кўк, Кўрдим гулга тўлган гўзал боғларин... Ёвшан!.. Уни ёниб куйлагандим нуқул! Ёвшан кенг саҳрони буркар атирга. Сени ром айлар бу оддийгина гул, Сен мангу қоласан мен билан бирга [1,449] тарзда ҳароратли ифодаларда акс эттиради. “Посейдоннинг ғазаби” – аллегорик достон бўлиб, унинг қаҳрамонлари Анахита ва унинг қизи, Посейдон ва унинг ўғиллари, Чироқчидир. Шоир аллегорик образлар воситасида табиатга нописанд муносабатга бўлиш қандай оқибатларга олиб келишни кўрсатиб беради. Кимки шону шуҳратга берилиб, манмансираб, табиатга менсимай муносабатда бўлар экан, албатта у жазосини олади деган фикрни достон воқеалари давомида шоир ифодалайди. Асар қуйидаги некбин сатрлар билан якунланади: 18 “Эй, сен, ғалати замон! Юлдузга йўл солдинг донолигингдан, Аммо баъзан бошқа сўз билан ишинг, Жанжал тинмас оғзи олалигингдан. Атомларга солдинг илм сиртмоғин, Коинот сирини очди йўриғинг. Бир қўл билан ҳаёт гулини экиб, Бир қўл билан сочдинг ажал уруғин!!!” Авлодлар денгизга бурар дарёни, Оқин сувдан кирар денгизнинг жони. Водийларга қайтар одамлар кўчиб, Янгидан гуллайди булбул макони [1,366]. Хуллас, Ибройим Юсупов турли хил мавзудаги қатор достонлари билан қорақалпоқ адабиётида ушбу жанр тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. Унинг асарлари ўзбек китобхонлари учун ҳам севимлидир. Унинг ижоди келгусида ҳам илдизи, дини, урф-одатлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларини ўзаро боғловчи олтин кўприк вазифасини бажаражак. Адабиётлар: 1. Юсупов И. Танланган асарлар. – Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2019. 2. Парандовский Я. Сўз кимёси. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2022. Download 1.16 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling