Илмдан ўзга нажот йўқ


Download 62.5 Kb.
Sana23.03.2023
Hajmi62.5 Kb.
#1287369
Bog'liq
Илмдан узга нажот йук


Илмдан ўзга нажот йўқ


Илмдан ўзга нажот йўқ! – Бу ўз ўзидан туғилган фикр эмас. Бу фикрга келишда мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейин турадиган муқаддас ҳадисларни тўплаб, саралаган, китоб ҳолига келтирган, одамларни ҳидоят ва маърифат йўлига бошлаган Имом Бухорий ҳазратларининг бой меросларини ўрганишнинг ўзи ҳам кифоя.


Дарҳақиқат, Шарқнинг ўтмишдаги мислсиз равнақи ҳам айнан илм туфайли юз берди. Буюк тарихимиз ҳақида ўйлаганимизда кўз ўнгимизда беихтиёр Имом Термизий, ал-Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, аз-Замахшарий, Соҳибкирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби кўплаб буюк аждодларимизнинг сиймолари гавдаланади.


Уларнинг ҳар бири, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ўз соҳасининг султони бўлган. Тарихда турли тоифа қаҳрамонлар кўп ва улар турлича из қолдиришган. Бизнинг аждодларимиз эса кўпроқ ва асосан дунёга илм ва маърифат улашиш билан шуҳрат қозонган.


Буюк алломаларимиз биз яшаётган муқаддас заминни саодат ўчоғига айлантириш билан чекланмай, узоқ улкаларда ҳам ақл чироғини ёқишган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, айнан Туронзаминдан бутун Ер юзига маданият, маърифат зиёси таралган. Маърифатпарвар адиб Абдурауф Фитрат бу ҳақда шундай деган эди:


«Шарқ дунёси бутун инсоният оламини саодат ва тинчлик ўчоқларига эришдурмак учун иш кўруб турар эди. Чинлилар ёзиш учун қогоз ясаганда оврупалилар ўнг-сўл қўлларини бир-биридан айира олмас эдилар».


Қайси даврда маънавий–маърифий қарашлар устувор келиб, илм-фанга эътибор берилган бўлса, жамият гуллаб-яшнаган. Аксинча, илм-фанга эътибор сусайган вақтларда жаҳолат, бидъат ва ҳурофот авж олган.


ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тавалло каби бир гуруҳ маърифатпарварлар янги мактаблар очиш ва уларда замонавий фанларни ўқитиш ташаббуси билан чиқдилар. Улар замон талабларига жавоб берадиган мактаблар очишади, янги дарсликлар ёзишади, ёшларни билим олишга даъват қилишади.


Маърифатпарвар ватандошларимиз янги ўқув усулларини жорий қилиш билан бирга, халқимизнинг маънавий юксалишига тўсқинлик қилаётган урф-одатлар ниқоби остидаги, мазмун ва моҳияти мантиқсиз исрофгарчилик ва кераксиз дабдабалардан иборат бўлган бидъат ва хурофотларга қарши кураш олиб борган.


Масалан, маърифатпарварлар пешвоси Маҳмудхўжа Беҳбудий «Падаркуш», Абдулла Кодирий эса «Жувонбоз», «Бахтсиз куёв» каби асарлар ёзган. Уларнинг қаҳрамонлари: «Сизлар ҳам шундай исроф қилмоқдасиз. Исрофнинг зиёнини кўрдингиз… Шариат ва Мустафога бўйсининглар, энди кўзларингизни очинглар. Бидъат, тўйга исроф бўладиган ақчага ўғлингизни ўқитингиз!» деб халққа мурожаат қилади.


Маърифатпарварларнинг эзгу ва савобли сайъи-ҳаракатлари онги эски қарашлар, қолоқлик ва жаҳолат билан заҳарланган кимсалар, жохил кишиларнинг кексин қаршилигига учрайди. Қолаверса, сал ўтмай одамларга хуррият ваъда қилган «социализм»нинг даҳшадли моҳияти юзага чиқади. Миллионлаб одамлар «мулкдор», «бой», «қулоқ», «зиёли» «жосус», «диндор» сифатида қатағон қилинади.


Озодлик, мустақиллик кенг йўл очмаса халқ қандай қилиб қаддини ростлайди, қандай қилиб юрт ростлайди, қандай қилиб юрт тараққий этади? Биз шунинг учун ҳам мустақилликни энг олий неъмат деймиз.


Ҳукуматимиз томонидан қилинаётган улкан хайрли ишларни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу эзгу сиёсат чет элликлар томонидан ҳам холис эътироф этилмоқда. Шу ўринда бир савол туғилади: Фарзандларимиз комил инсонлар қилиб тарбиялаш учун ўзимиз нима қилаяпмиз, орамизда боламнинг тарбияси билан боғча, мактаб ҳукумат шуғулланиши керак деб ўйлайдиганлар йўқми?


Албатта, бор. Шундай ота-оналар ҳам борки, қўлига иштиёқ билан китоб олган болани «Ўқиб ким ҳам бўлардинг!» деб жеркишади. Улар япон, корейс ёки немислар айнан ўқиш ва яна ўқиш туфайли ривожланишга юз тутгани, фаровон ҳаёт кечираётганини билишармикин? Билимсиз бола эртага бошқаларга қарам бўлиб, фақат қора меҳнат остида қолади.


Ваҳоланки, ҳозирги юксак технология асрида қора меҳнат ҳам кескин қискариб кетмоқда. Шундай экан, биз фарзандларимизнинг илмга бинобарин маърифатга интилишини ҳар томонлама рағбатлантиришимиз керак. Бу борада маблағни аяш боланинг келажагига қора чизиқ тортиш билан баробар.


Ҳолбуки, ўзлигини англаган миллат топган-тутганини, аввало бола тарбиясига сарфлайди. Фарзандининг кўнгли қайси китобни ёки билимга оид нарсани тиласа, дарҳол уни муҳайё қилади. Уларнинг онгига ёшлигидан: «Сен жуда катта одам бўласан», -деган тушунчаларни сингдиради.


Дам олиш кунлари бола тарбияси билан махсус шуғулланишади ва ҳоказо. Болани мустақил ҳаёт ва унинг синовларига тайёрлашади. Қўлига бир тийин ортиқча пул бермайди. Ҳамма нарсага ўзинг масъулсан, яхши ўқисанг, яхши яшайсан, ёмон ўқисанг кўчада қоласан деб уқтиришдан чарчамайди.


Болалар ёшлигидан меҳнатга, тўғри сўз ва жасур бўлишга, қонунларга итоат этишга, давлат тизимини хурмат қилишга ўргатилади. Ўқишдан бўш пайтларда ошхоналарда идиш-товоқ ювиш ёки майса ўришдан, ҳатто бадавлат оилаларнинг фарзандлари ҳам ор қилмайди. Аксинча, улар пешона тери билан пул топганидан фахрланади.


Билимсиз, меҳнатсиз ҳаётда ўз ўрнини тополмаслигини англаган бола, онгли равишда яхши ўқийди. Мабодо, омади чопмаса, фақат ўзини айблайди, менга давлат ёки яқинларим бирон нима қилиб бериш керак, деган мантиқсиз фикрга бормайди.


Аслида бу анъаналарнинг илдизи узоқ ўтмишимизга бориб тақалади. Шарқда бола ёшлигидан илм олишга, ҳунар эгаллашга, меҳнат қилишга, ҳаётнинг аччиқ-чучугига бардош беришга ўргатилган. Масалан, Амир Темур, Мирзо Улуғбекдек суюкли набирасини беш ёшидан бошлаб ўзи билан ҳарбий сафарларда олиб юрган, уни чиниқтирган, ҳаётнинг оғир синовларини енгишга қодир бўлган одил ва маърифатли шоҳ қилиб тарбиялаган.


Темурийларнинг яна бир забардаст вакили Бобур Мирзо ҳам ўн икки ёшида тахтга ўтирган, саркарда бўлиб етишган. Тўғрисини тан олиб айтганда, буни нафақат бугунги ёшлар, ҳаттоки, катталар ҳам тасаввурига сигдира олмайди.


Лекин Ҳиндистондек буюк маданий анъаналарга эга бўлган улкан салтанатни гуллатиб-яшнатган буюк бобокалонимизнинг шоҳлик фаолияти мана шундай эрта бошланган. Ҳазрат Навоий 10-12 ёшларида Фаридиддин Атторнинг ҳатто катта-катта олимлар қийналган «Мантиқ ут-тайр» достонини ёдлаб, ҳаммани ҳайратга солган. Тарихимизда бундай мисоллар кўп.


Ҳар қандай оғир шароитда ҳам халқимиз ўзлигини ва эътиқодини унутмади. Аммо, эски тузум онг-тафаккуримизда оғир асоратлар қолдиргани, улар бугунги тараққиётимизга ҳалақит бераётгани ҳам рост. Тарбия соҳаси ҳам бундан истисно эмас.


Биз энди бола тарбиясига мутлоқо янги кўз билан қарашимиз керак! У биз учун «ё ҳаёт, ё мамот масаласи» эканлигини англаб етишимиз лозим. Агар фарзандларимиз вояга етгач, ҳаётда муносиб ўрин топа оладиган даражада билимли бўлмаса, бизнинг эртаю кеч елиб-югуришимиздан, қилинаётган ишларимиздан ҳеч нима топмаймиз-ку?


Президентимизнинг «Ахир ўйлаб кўрайлик, биродарлар, биз бугун қураётган давлатимиз, мустақил ва ҳар жиҳатдан мустаҳкам мамлакатимиз эртага кимнинг қўлида қолади?


Бугунги ислоҳотлар эвазига қўлга киритилаётган ётуқларимизни эртага фарзандларимиз давом эттиришга қодир бўладими-йўқми?..» деган мулоҳазаларни ҳар биримизни жиддий ўйлантириши керак.


Замон ёш авлод тарбияси борасида қўяётган қатъий талаблар баъзи бир эскича мезон ва қарашлардан воз кечишини талаб қилмоқда. Афсуски, баъзи ҳолларда моддият маънавиятдан устун қўйилади. Одамлар ҳатто бу борада ўзаро синовидан беллашдилар ҳам.


Асрлар синовидан ўтган диний ва миллий қадриятларимизга зид равишда катта маблағлар эвазига дабдабали маросимлар ўтказишади, янги-янги, хилма-хил «анъаналар» ўйлаб топишади. Одамнинг қадр-қимматини дастурхондаги егуликлар билан ўлчашга ҳаракат қилишади. Бундай эскилик моҳиятини мантиқсиз қадриятларимизга зид одатлар, қанча танқид қилинмасин, ўжарлик билан давом эттирмоқда.


Қасрни эслатадиган, қимматбаҳо идиш-товоқлар кўз-кўз қилиб териб қўйилган кўпгина муҳташам хонадонларда афсуски, болаларнинг дарслигидан бошқа китоб йўқ! Ривожланган мамлакатларда аҳолининг аксарияти ўз ҳаётини китобсиз тасаввур қила олмайдиган бир пайтда биз уйимизда мўъжаз кутубхонамиз бўлишини деворга санъат асарини осиб қўйишни кўпинча ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Биз ёшлигимизда «Тоҳир ва Зухра», «Эгри ва тўғри»ларни мижжа қоқмай ўқиб, ҳаёлот оламида сузганмиз.


Буюк француз файласуфи Дени Дидро, «Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар» деб бежиз насиҳат қилмаган. Баъзилар китоб, компьютер ҳақида нолийди, сотиб олишга оғринади.


Аммо дўстларини йиғиб, бешикдаги боласининг туғилган кунини нишонлашга ачинмайди. Ҳолбуки, шунга ўхшаш тадбирларга сарфланадиган пулнинг лаоқал бир қисмига китоб сотиб олганимизда ўзига хос кутубхона пайдо бўларди.


Китоб боланинг руҳиятига катта таъсир кўрсатади, унинг дунёқарашини ўстиради, кенг ва ижодий фикрлашга ўргатади. Кўп китоб ўқиган болалар орасидан йирик шахслар етишиб чиқишини таъкидлаш шартмикан?


Моддиятпарастликка кетиш уни ҳаёт мезонига айлантириш яхшиликка олиб бормайди. Айнан мана шу иллат порахўрлик, таниш–билишчилик, ўз мансабини суйистеъмол қилиш, инсон қадрини моддий бойлик билан ўлчаш, жамият манфаатига ҳиёнат қилиш каби ижтимоий иллатларни келтириб чиқаради.


Ёш оилалар фарзанд кўришни орзу қилишади. Дунёда бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Аммо фарзанд кўриш бу шунчаки ҳавас эмас, балки улкан масъулиятдир. Кўпчилик ёш оилалар болани шахс қилиб тарбиялаш тўғрисида аниқ тушунчага эга эмас. Болани қўғирчоқдек кийинтириб, йиғласа овқат бериш билан иш битмайди. Уни туғилганидан бошлаб тарбия қилиш керак.


Тарбия қилиш учун эса ёш ота-оналар махсус китобларни ўқишлари шарт. Масалан, ривожланган мамлакатларда ота-оналар фарзанд кўришга икки-уч йиллаб тайёрланишади. Бенжамин Спокнинг «Болани қандай қилиб тарбиялаш керак?» деган ва шу каби қалин-қалин китобларини қунт билан ўқийдилар. Бизда кенг омма, айниқса, ёш ота-она учун шифокор, руҳшунос, мураббий ва ҳамжихатликда ёзилган мукаммал китобнинг йўқлиги таассуфли ҳолдир.


Бола тарбиясига, унинг руҳиятига «бизга шу ҳам бўлаверади», «дўппини яримта қилиб яшаш», «пақир киши панада» каби жаҳолат замонларидан қолиб кетган, миллатни камситадиган қолоқ иллатлар ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ваҳоланки, улуғвор мақсадлар билан яшашамиз, фарзандларимиз онгига буюклик туйғусини сингдиришимиз ҳам қарз, ҳам фарз.


Болага ёшлигидан «Сен одам бўлмайсан!»-деса, у албатта, заиф бўлиб қолади. Одамни камситиш энг оғир маънавий зарбадир.


Руҳшунос олимларнинг хулосаларига кўра, инсон муттасил яхши ният билан яшаса, интилса, ўзига ишонса, албатта муродига етади. Чунки, ҳамма нарса фикрдан, мулоҳаза қилишдан бошланади.


Рустам Қосимжоновнинг шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиши, дунёнинг энг нуфузли институт ва университетларида тахсил олаётган ватандошларимизнинг ўз тенгдошлари ичида етакчилик қилаётгани, спортчиларимизнинг жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинларидаги жасоратлари халқимизнинг генофондида жуда катта салоҳият ва имкониятлар мавжудлигининг исботидир.


Олдимизга қўйган улуғ ва эзгу мақсадларга эришишимиз мана шу салоҳиятни юзага чиқишимизга боғлиқ. Зеро, Президентимиз айтганларидек: «Ҳар қандай миллатнинг равнақи, умумбашарият тарихида тутган ўрни, мавқеи ва шуҳрати бевосита ўз фарзандларининг ақлий ва жисмоний етуклигига боғлиқдир». Мана шу ҳақиқатни ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз ва унинг учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.




Заҳириддин Тўраев
Download 62.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling