Ёнғоқ баргларининг оқ доғланиш касаллиги. Бу касаллик баҳорги-ёзги даврларда бўлади,
унинг аломати шуки, бунда баргнинг устки томонида ёйиқ сариқ доғлар, орқа томонида эса сариқ
доғлар, остида қор сингари оппоқ ғубор ҳосил бўлади, бу ғубор барг томири бўйлаб жойлашади.
Барглар сарғаяди ва вақтидан илгари тўкилади. Касалликни Microstroma juglandis деган базидияли
замбуруғ тўкилган баргларда қишлайди.
Ёнғоқнинг бактериоз касаллиги. Бу касалликдан ёнғоқнинг барглари, новдалари ва
мевалари зарарланади. Баргларида қўнғир рангли аста-секин катталашиб, кўпинча, бир-бирига
қўшилиб кетадиган юмалоқ ёки бурчак шаклидаги майда доғлар ҳосил бўлади, бу доғлар
кейинчалик уйилиб тушади, барг тешилиб қолади. Бундай доғлар барг бандида, яшил новдаларда
ҳосил бўлади, натижада яхши новдалар буралиб қолади. Хом, пишмаган ёнғоқларда аввал сувли
ёйиқ доғлар ҳосил бўлади, ёнғоқ пиша борган сари улар қораяди, ичига ботиб киради ва атрофи
оқиш чордиш билан ўралади. Бу касаллик аста-секин ёнғоқ пўчоғига етиб боради ва ёнғоқнинг
ўзини ҳам зарарлайди, касалланган ёнғоқлар қораяди, пўсти бужмаяди ва тўкилади. Ўсимликнинг
касалланган ҳамма тўқималаридан оқиш шилимшиқ модда оқади. Касалликни Xanthomonas
juglandis деган бактерия чақиради. Бу бактерия касалланган новдаларнинг барг ҳамда гул
куртакларида, шунингдек тўкилган баргларда ва ёнғоқда қишлайди. Касаллик Марказий Осиёда
кам учрайди.
Ёнғоқ ун шудринги. Бу касалликни Microsphaera juglandis қўзғатади. Касаллик асосан
кўчатларда ва ёш ўсимликларда кузатилади. Ун шудринг асосан баргларини зарарлайди, натижада
барглар ўсиш ва ривожланишда орқада қолади. Зарарланган барг сирти оқиш ғуборлар билан
қопланади ва бу ердаги ҳосил бўлган конидиялар тезда йўқолади. Касал барг юзасида нуқта
ҳолидаги, қорамтир рангли замбуруғ мева танаси клейстотецийлар ҳосил қилади. Ун шудринг
туфайли барглар сарғайиб, қуриб қолиш ҳоллари ҳам кузатилади.
Бу касалликни инфекция манбаи зарарланган баргларда мавжуд бўлган қишлаб чиққан мева
таналар - замбуруғ клейстотецийларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |