18-модда. Ташувчининг мажбуриятлари
Мижозга хизмат кўрсатиш чоғида ташувчи:
ташиш ҳуқуқини берувчи литсензияга эга бўлиши;
сертификатга эга бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинган ишга яроқли транспорт воситаларидан фойдаланиши;
ташиш шартномаси шартларига риоя қилиши;
йўловчилар, багаж ва юклар ташишнинг белгиланган қоидаларига риоя қилиши;
йўловчи, багаж ёки юкни тайинланган жойига ташиш шартномасида белгиланган муддатда элтиб қўйиши. Агар элтиб қўйиш муддати ташиш шартномасида белгиланмаган ва назарда тутилмаган бўлса, элтиб қўйиш оқилона муддатларда амалга оширилиши лозим;
йўловчининг хавфсизлигини, хизмат кўрсатишнинг зарур қулайликлари ва шартларини таъминлаши;
багаж ва юкларнинг ташишга қабул қилиб олинган пайтдан бошлаб олувчига берилгунга қадар сақланишини таъминлаши;
йўл ҳаракати хавфсизлиги ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;
ташувчи ташишни давом эттиришдан бош тортган тақдирда мижоз кўрган зарарни қоплаши;
автомобилда ташишлар бўйича белгиланган тартибга мувофиқ ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш ишларини юритиши;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг 09.08.2021 йилдаги “Транспорт тўғрисида”ги ЎРҚ-706-сон қонунига асосан
18-модда. Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
нарх белгилаш қоидаларига мувофиқ ташиш нархларини эркин белгилаш, бундан тартибга солинадиган тарифлар белгиланган ҳоллар мустасно;
фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид, экология ва санитария нормалари бузилиши ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) юзага келишига сабаб бўладиган ҳолатларда ташишни рад этиш.
ташувчи қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Ташувчи:
литсензияга, сертификатга, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга ва (ёки) ташиш учун рухсатномага эга бўлиши, агар бу Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса;
мижоз билан белгиланган шаклда шартнома тузиши;
ташишларни белгиланган тартибда сертификатлаштирилган транспорт воситаларида амалга ошириши;
қонунчиликка мувофиқ ташиш орқали етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши, маънавий зарарни компенсатсия қилиши;
йўловчи хавфсизлигини, унга зарур қулайликлар ва хизмат кўрсатиш шароитлари яратилишини, йўловчи томонидан багаж ҳамда юк багажи топширилган тақдирда эса унинг багажи ва юк багажи ўз вақтида ташилиши ҳамда бут сақланишини ҳам таъминлаши;
ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши;
мажбурий равишда сертификатлаштирилиши лозим бўлган жўнатилаётган юк учун мувофиқлик сертификатининг кўчирма нусхасини мижоздан талаб қилиши;
қонунчиликка мувофиқ алоҳида тоифадаги йўловчиларни бепул ташишни амалга ошириши ёки уларга кира ҳақини тўлаш бўйича бошқа имтиёзларни тақдим этиши;
йўловчиларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши;
жисмоний имкониятлари чекланган шахсларнинг транспорт воситаларидан, ахборотдан, шунингдек алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, ташиш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатиш чоғида зарур шарт-шароитлар яратиши шарт.
ташувчининг зиммасида қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |