21-модда. Аралаш ташишлар операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Аралаш ташишлар оператори:
ўзининг хусусиятларига, вазнига ҳамда габарит параметрларига кўра аралаш ташишлар шартномасида кўрсатилган багаж, юк багажи, юк, почта ва курерлик жўнатмалари тўғрисидаги маълумотларга мос келмайдиган багажни, юк багажини, юкни, почта ва курерлик жўнатмаларини аралаш ташишни рад этиш;
аралаш ташишлар шартномасида мижоз томонидан кўрсатилган етказиш пунктига багажни, юк багажини, юкни, почта ва курерлик жўнатмаларини енгиб бўлмас куч туфайли етказиб бериш имкони бўлмаган тақдирда, аралаш ташишни рад этиш ҳамда юк жўнатувчини ёзма ёки электрон шаклда олдиндан хабардор қилган ҳолда багажни, юк багажини, юкни, почта ва курерлик жўнатмаларини қайтариб бериш. Бунда, агар аралаш ташишлар шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, аралаш ташишлар операторининг қўшимча харажатлари юкни жўнатувчи (юкни олувчи) томонидан тўланади;
мижоздан аралаш ташишлар шартномаси бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Аралаш ташишлар оператори қонунчиликка ва аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Аралаш ташишлар оператори:
йўловчини, багажни, юк багажини, юкни, почта ва курерлик жўнатмаларини жўнатиш пунктидан етказиш пунктига ташишни ҳар хил турдаги транспортдан фойдаланган ҳолда аралаш ташишлар шартномасига мувофиқ ташкил этиши;
етказиш пунктида багаж ва юк багажи йўловчига топширилишини ташкил этиши;
аралаш ташишлар шартномасида белгиланган муддатларда йўловчини ва багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курерлик жўнатмаларини қабул қилиб олиши;
ташишнинг ҳар бир босқичида йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курерлик жўнатмаларининг ҳаракатланиши устидан мониторингни таъминлаши;
багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курерлик жўнатмаларининг бутун ҳаракатланиш йўли давомида бут сақланишини, аралаш ташишлар шартномасида белгиланган муддатларда етказилишини ҳамда уларни қабул қилиб олишга ваколати бўлган шахсга (юкни олувчига) топширилишини таъминлаши шарт.
Аралаш ташишлар операторининг зиммасида қонунчиликка ва шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |