187-модда. Эксперт хулосасини баҳолаш
Эксперт хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан биргаликда унинг илмий асосланганлиги ва экспертиза ўтказиш учун белгиланган барча процессуал қоидаларга риоя этилганлиги нуқтаи назаридан баҳоланади.
Экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд учун муқаррар далилий кучга эга эмас. Хулосага қўшилмаслик қарорда ёки ажримда асослаб берилиши лозим.
Жиноят иши бўйича бир неча экспертиза ўтказилган ва экспертлар бир хил фикрга келмаган бўлсалар, суриштирувчи, терговчи ёки суд баъзи экспертларнинг хулосаларига қўшилиш ва бошқа экспертларнинг хулосаларига қўшилмаслик тўғрисидаги ўз фикрини асослаб бериши лозим.
1. Ушбу модда экспертнинг хулосасига баҳо беришнинг алоҳида қоидаларини назарда тутади. Барча далиллар каби экспертнинг хулосаси иш бўйича тўпланган далиллар билан бирга, қиёслаш йўли билан баҳоланади. Унга баҳо беришнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, дастлаб унинг нақадар илмий ва амалий асосланганига эътибор қаратилади. Сўнгра экспертиза тайинлаш ва ўтказишга оид процессуал қоидаларга тўла риоя қилингани текширилади.
2. Экспертнинг хулосаси иш бўйича ҳар қандай далиллар қаторида баҳоланади. Унинг ўтказилиш жараёни, қўлланган усуллар ва натижалар бир-бирига монанд, хулоса ички ягона мантиққа эга бўлиши лозим. Сўнгра у ишдаги бошқа далиллар билан ҳамоҳанг, бир хилда ҳақиқий ҳолатларга мос бўлиши лозим. Эксперт хулосасининг бирор жиҳатдан камчиликлари ва хатолари аниқланса, бу ҳақда қарор (ажрим) чиқарилиб, хулосани тўла ёки қисман ҳақиқатга тўғри келмаслиги эътироф этилади. Лекин хулоса ишда сақланади ва ҳеч ким тамонидан бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёхуд унга қўшимча киритилиши мумкин эмас. Экспертнинг баъзи хулосавий фикрларига суриштирувчи, терговчи, прокурор эътироз билдириши мумкин бўлса-да, якуний баҳони суд беради. Бу қоида иш бўйича бир қанча, ўзаро зид бўлган эксперт хулосаларига баҳо беришга ҳам тааллуқли.
3. Экспертнинг хулосасидаги тахминий фикрлардан далил сифатида фойдаланиш мумкин эмас, улар фақат гумон қилиш , тусмоллар тузиш учун ярайди, холос. Чунки, шубҳа ва тусмоллар ҳақиқатни билдирмайди.
4. Эксперт хулосаларига қандай баҳо берилганлиги, улардан қай йўсинда фойдаланилгани тўғрисида эксперт муассасаларини ва экспертларни хабардор қилиш тавсия этилади.
5. Экспертнинг хулосаси билан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари, жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахслар иш бўйича тергов тамомланганидан сўнг танишишга ҳақли. Лекин суриштирувчи, терговчи, прокурор тергов охирига етмасдан эксперт хулосасини манфаатдор шахсларга танишиш ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш учун тақдим этиши мумкин. Бу эксперт хулосасига батафсил ва холисона баҳо беришга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |