Ишни ўтказишда у билан бирга йўлланадиган ашёвий далиллар илова хатда ёки унга илова қилинадиган рўйхатда бирма-бир санаб ўтилади. Бундан ташқари, айблов хулосасига илова қилинган маълумотномада ишга доир барча ашёвий далиллар, ҳар бирининг қаерда эканлиги кўрсатилиб, бирма-бир санаб ўтилиши лозим.
Ашёвий далиллар почта ёки чопар орқали етказиб берилганда суриштирувчи, терговчи ёки судья холислар иштирокида, зарур бўлганда эса, шунингдек, эксперт ёхуд мутахассислар иштирокида олинган далилларни кўздан кечиради ва уларни илова хати ёки рўйхати билан солиштиради. Кўздан кечириш жараёни ва натижаси ҳақида баённома тузилади.
Ашёвий далиллар, улар ҳақидаги масала суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан ёхуд суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ишни тугатиш тўғрисидаги қарори билан ҳал қилинмагунга қадар сақлаб турилади. Ушбу Кодекснинг 210-моддасида назарда тутилган ҳолларда ашёвий далилларга оид қарор иш юритиш тамом бўлгунга қадар қабул қилиниши мумкин.
Ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйилган нарсага эгалик қилиш ҳуқуқи борасидаги низо фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилиниши лозим бўлганда, бу нарса фуқаровий иш бўйича суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар сақланиши лозим.
1. Ашёвий ва ёзма далилларни авайлаб сақлаш, улар нобуд бўлиши, шикастланиши, ўзгариши, алмашиб қолишининг олдини олиш жиноят ишини юритувчи ва далилларни сақловчи шахсларнингмасъулиятига киради.
2. Ашёвий далилни экспертга, бошқа суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга юборилганда уни ихтиёткорлик билан сақлашга оид махсус қоидалар, жумладан, тик ҳолда, қуриқ жойда, муайян ҳароратда сақланиши ҳақида огоҳлантирувчи ёзувлар ашёвий далил ўрамининг устида яққол жойлаштирилиши лозим. Тез бузиладиган маҳсулотлар кимёвий ўзгаришининг олдиниолинмаса, уларни текшириш, идентификациялаш имкониятлари йўқолишини ҳам эътиборга олиш даркор. Бевосита ёзма далилнинг устига ёзиш, турли белгилар қўйиш, ғижимлаш, йиртиш, қирқиш, елимлаш тақиқланади. Бу ҳақда криминалистик қоида ва тавсияларга риоя қилиш лозим.
3. Ашёвий далиллар эксперт текширувида тўла сарфланмаслиги, улардан намуна олиш услубидан фойдаланилиши лозим. Бу ҳақда экспертни огоҳ қилиш зарур.
4. Жиноят иши тугатилган ёхуд ҳукм кучга киргандан сўнг ашёвий ва ёзма далил сифатида ишга қўшилган нарсаларни эгаларига қайтариш масаласи ҳақида 211-моддага берилган шарҳларга қаралсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |