205-модда. Ашёвий ва ёзма далилларни олиш усуллари
Ашёвий ва ёзма далил сифатида фойдаланиладиган нарсалар, ҳужжатлар ва бошқа ёзувлар ҳодиса содир бўлган жойни ёки бошқа жойларни, биноларни кўздан кечириш, таниб олиш учун кўрсатиш, гувоҳлантириш, мурдани эксгумация қилиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, кўрсатувни ҳодиса юз берган жойда текшириш, олиб қўйиш, тинтув ёки эксперимент ўтказиш жараёнида олиниши мумкин ёхуд улар ушбу Кодекснинг 198-202-моддаларида назарда тутилган тартибда суриштирувчи, терговчи ёки судга тақдим қилиниши мумкин.
1. Ашёвий ва ёзма далиллар фақат ушбу моддада санаб ўтилган тергов ҳаракатлари жараёнида олиниши ёки бирор шахс томонидан ўз ташаббуси билан ёхуд суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг талабига кўра тақдим қилинган бўлиши лозим. Ана шу тергов ҳаракатлари қонунга риоя қилинмай ўтказилган ҳолда, уларнинг воситасида олинган нарса ёки ҳужжат далилий кучга эга бўлмайди.
2. Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш чоғида топилган ёхуд шахслар тақдим қилган нарса ёки ҳужжат тезкор-қидирув ходимининг билдиргисига илова қилиниб, жиноят ишини юритаётган масъул шахсга топширилади. Бундай нарса ёки ҳужжат камида икки нафар холиснинг ҳузурида кўздан кечирилиб, белгилари ва аломатлари баённомада акс эттирилиши лозим. Имкон борича бундай нарса ва ҳужжат фотосуратга олиниб, сўнгра ўралади, ўровнинг устидаги ёзув, нарса ёки ҳужжатни топширган ходим, холислар ва суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланиб, муҳрланади. Ҳар сафар нарсани ёки ҳужжатни кўрсатиш ёки текшириш учун ўрамни очиш чоғида камида икки нафар холис иштирок этиши ва уларнинг ҳузурида қайта ўралиб, имзоланиб, муҳрланиши шарт. Акс ҳолда тезкор-қидирув ходими топширган нарса ёки ҳужжатдан далил сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
206-модда. Ашёвий далилларни кўздан кечириш
Бошқа шахслардан топилган, олиб қўйилган ёки қабул қилиб олинган нарсалар ушбу Кодекснинг 135-137, 139 ва 140-моддаларида кўрсатилган қоидаларга асосан дарҳол кўздан кечирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |