Процессуал мажбурлов чоралари фақат асослар мавжуд бўлганда ва қонунда белгиланган тартибда қўлланилиши мумкин.
Ушбу Кодексда бошқача асослар назарда тутилмаган бўлса, процессуал мажбурлов фақат қўзғатилган жиноят иши бўйича ва суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорида ёки суднинг ажримида кўрсатилган шахсларга нисбатан қўлланилади.
1. Процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун ушбу Кодекснинг 213-моддасида кўрсатилган асослар мавжудлиги талаб этилади. Бундан ташқари ЖПКда ҳар бир процессуал мажбурлов чорасини қўллашнинг процессуал тартиби мустаҳкамланган бўлиб, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд бу чораларни қўллаш чоғида мазкур тартибга қатъий риоя этишлари лозим, акс ҳолда у тегишли шахсга моддий ва маънавий зарар етказади. Бундай ҳолларда процессуал мажбурлов чорасини қўллаш оқибатида етказилган зиён ундирилиши лозим. Масалан, қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён ЖПКнинг 235-моддаси, қамоқда қонунга хилоф равишда сақлаб туриш туфайли етказилган зиён ЖПКнинг 248-моддаси, щахснинг лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани оқибатида етказилган зиён эса ЖПКнинг 261-моддасида кўзда тутилган тартибда қопланади.
2. Процессуал мажбурлов чоралари, ЖПКда бошқача асослар кўрсатилмаган ҳолларда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан фақат жиноят иши қўзғатилгандан сўнг қўлланиши мумкин. Бу қоида шахсни асоссиз, ноқонуний тарзда процессуал мажбурлов чоралари қўлланишидан ҳимоя қилади, унинг дахлсизлигини кафолатлайди.
3. ЖПКнинг 220-моддаси иккинчи қисми, 329-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда шахсга нисбатан ушлаб туриш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси жиноят иши қўзғатилгунга қадар қўлланилиши мумкин.
4. Процессуал мажбурлов чоралари тегишли шахсларга нисбатан қўлланилганлиги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорида ёки суднинг ажримида қайд этилиши лозим.
215-модда. Ушлаб турилган, қамоқда сақланаётган ёки тиббиймуассасага жойлаштирилган шахслар билан муносабатдабўлиш
Do'stlaringiz bilan baham: |