340-модда. Суриштирувнинг бошланиши
Суриштирувчи жиноят ишини қўзғатганидан кейин ёки прокурор ёхуд суриштирув органининг бошлиғи томонидан қўзғатилган ишни олгач, дарҳол уни ўз иш юритувига қабул қилади ва кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини бажаришга киришади.
1. Ҳар қандай суриштирувни бошлашдан олдин жиноят ишини қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилган бўлиши керак. Фақат гумон қилинган шахсни ушлаб туриш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва экспертиза ўтказиш бундан мустасно (329-моддага берилган шарҳга қаранг).
2. Жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув органи бошлиғи ёки прокурор томонидан суриштирувчига берилгандан кейин суриштирув бошланади. Суриштирувчи жиноят ишини ўз юритувига қабул қилиб олганлиги ҳақида қарор чиқаради. Шунингдек, суриштирувчи жиноят ишини ўзи ҳам қўзғатиши ва суриштирувни бошлаши мумкин.
3. Жиноят ишини суриштирувчи қўзғатган бўлса, жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг ўзида мазкур ишни ўз иш юритувига олганлигини кўрсатиб ўтади. Ишни қўзғатган ва ўз юритувига олган суриштирувчи ва суриштирув органи бу ҳақда прокурорни хабардор қилади.
341-модда. Суриштирув юритиш муддати
Жиноят иши юзасидан суриштирув ўн суткадан ошмаган муддатда тамомланиши лозим.
1. Суриштирув юритиш муддати деганда, жиноят иши қўзғатилган кундан бошланган суриштирув фаолиятини амалга оширишга сарфланган процессуал муддат тушунилади.Суриштирувни юритиш ўн кундан ошмаслиги лозим. Бу муддат қатъий бўлиб, уни узайтириш мумкин эмас.
2. ЖПКнинг 345-моддасига мувофиқ барча жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ўтказилиши шарт. Дастлабки тергов жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим. Демак, суриштирув юритишнинг ўн кунлик муддати дастлабки тергов муддатига қўшилган ҳолда ҳисобланади.
3. Суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи ўн кунлик муддат ичида кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини бажариб, жиноят ишини дастлабки тергов ўтказиш учун терговчига юборади.
4. Агар суриштирув органи бошлиғи ёки суриштирувчи лозим деб топса, суриштирув юритишнинг ўн кунлик муддатини тугашини кутмасдан ҳам жиноят ишини терговчига ўтказиши мумкин, бунинг учун алоҳида кўрсатма ёки топшириқ бўлиши шарт эмас.
5. Суриштирувни тўла юритишга ўн кунлик муддат етмаса, жиноят иши терговчига ўтказилиши лозим, айни вақтда суриштирув органи мазкур жиноят иши юзасидан суриштирув жараёнида улгурмаган процессуал ҳаракатларини бажаришда терговчига ёрдам беради (343-моддага берилган шарҳга қаранг).
6. Суриштирувнинг қонун талаблари асосида бажарилиши устидан назоратни суриштирув органи бошлиғи, терговчи, тергов органи бошлиғи, прокурор амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |