Жиноят-процессуал кодексига


-модда. Жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишгажалб қилиш тўғрисидаги қарор


Download 0.79 Mb.
bet292/491
Sana18.06.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1565152
TuriКодекс
1   ...   288   289   290   291   292   293   294   295   ...   491
Bog'liq
Jinoyat-protsessual kodeksiga sharh

361-модда. Жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишгажалб қилиш тўғрисидаги қарор


Шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида терговчи ёки прокурор қарор чиқаради, унда:
1) айбланувчи тариқасида жалб этилаётган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган куни, ойи ва йили;
2) айбловнинг мазмуни, яъни шахснинг зиммасига қўйилаётган жиноят ҳодисаси, у содир этилган жой, вақт ва бошқа муҳим ҳолатлар баёни;
3) Жиноят кодексининг ушбу жиноятни назарда тутган моддаси, қисми, банди акс эттирилиши лозим.
Жиноят кодексининг турли моддалари, қисмлари ёки бандларида назарда тутилган бир неча жиноятни содир этишда айблаганда, бу жиноятлардан ҳар бирининг моҳия­ти ва юридик тавсифи алоҳида кўрсатилиши лозим.
Қарорнинг хулоса қисмида мазкур шахсни ишда айбланув­чи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида тўхтамга келинганлиги ифодаланиши лозим.

1. Жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор муҳим процессуал ҳужжат­лардан бири ҳисобланади. У жиноят иши бўйича муайян шахсга нисбатан қўзғатилган айбловни ифодаловчи, мазкур шахсга ана шу айбловдан ҳимояланиш имкониятини берувчи қарордир.


2. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор жиноят иши бўйича суднинг ҳукми чиқкунга қадар шахснинг нимада айбланаётганлигини, судда ишни кўриш чегарасини ўзида акс эттиради. Мазкур ҳужжатнинг ўз вақтида чиқарилиши ишнинг қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилинишининг гаровидир. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор қонунийлик, асослан­тирилганлик ва айбловнинг индивидуаллаш талабларга жавоб бериши керак.
3. Қонунийлик талаби жиноят ишларини юритишнинг даст­лабки тергов босқичида ваколатли мансабдор шахслар томони­дан чиқарилиши кераклиги, қилмиш тўғри ҳуқуқий тавсиф қилинганлиги, белгиланган процессул шаклга мос келиши, яъни зарурий реквизитларнинг баён қилинишини англатади.
4. Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки терговни олиб бораётган терговчи томониданчиқарилади. ЖПКнинг 37-мод­дасига мувофиқ тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳи бошлиғи ва унинг ўринбосари жиноят ишини ўз юритувига олганидан кейин шахсан ўзи айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Ушбу шахслар дастлабки терговни шахсан ўзлари амалга оширмаган­ларида, ишни юритаётган, маъмурий жиҳатдан бўйсунувчи терговчига кўрсатма беришлари мумкин. Жиноят иши тергов­чилар гуруҳига топширилган бўлса, ЖПКнинг 355-моддасига биноан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор гуруҳ раҳбари томонидан қабул қилинади. Прокурор жиноят иши бўйича дастлабки терговни шахсан ўзи амалга ошираётган вақтда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорни чиқара олади. Дастлабки тергов устидан назоратни амалга ошираётган пайтда эса, ЖПКнинг 355-моддасига, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида ёзма кўрсатма бериш ваколатига эга.
5. Суриштирувчи ёки суриштирув органининг бошлиғи жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор чиқариш ҳуқуқига эга эмас. ЖПКнинг 342-моддасига кўра, суриштирувда муайян шахсни айбланувчи тариқасида иштирок этишнга жалб қилиш учун асослар аниқланса, жиноят иши дарҳол терговчига ўтказилиши лозим.
6. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг қонунийлиги жиноятнинг тўғри тавсиф қилиниши, жиноятнинг аниқланган ҳолатларига объектив мувофиқлиги билан ҳам белгиланади. Бундан ташқари, қарор­нинг қонунийлиги унинг белгиланган шакл ва мазмунда тузили­шига ҳам боғлиқ. Жиноят ишида шахсни айбланувчи тариқа­сида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорни чиқа­ришда терговчи шарҳланаётган моддада кўрсатилган маълумот­ларни акс эттириши, талабларига риоя қилиши шарт.
7. Қарор кириш, тавсиф-асослантирув ва хулоса қисмларидан ташкил топади. Кириш қисмида чиқарилган вақти ва жойи; ким томонидан (лавозими; махсус унвони; фамилияси; қисқартирил­ган шаклда исми ва отасининг исми) ва қандай иш юзасидан (жиноят ишининг тартиб рақами) чиқарилганлиги кўрсатилиши керак.
8. Тавсиф-асослантирув қисмида айбланувчи тариқасида жалб этилаётган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган куни, ойи ва йили; айбловнинг мазмуни, яъни шахс­нинг зиммасига қўйилаётган жиноят ҳодисаси, у содир этилган жой, вақт ва бошқа муҳим ҳолатлар баёни; ЖКнинг ушбу жиноятни назарда тутган моддаси, қисми, банди; ЖПКнинг ушбу қарорни қабул қилишда қўлланилаётган тегишли модда­лари акс эттирилиши лозим. Қарорнинг мазкур қисмида айбла­нувчи тариқасида жалб қилишга асос бўлган далилларнинг кўрсатилиши мажбурий бўлмасада, ишнинг ҳолатидан келиб чиқиб, терговчи томонидан бундай далилларнинг кўрсатилиши айбланувчининг ҳимоя позициясини шакллантиришга, қолавер­са, айбловнинг исботланганлигини кўрсатишга хизмат қилади.
9. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида бир қанча жиноятларни содир этганлик ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тартиби ёритилган. ЖКнинг турли моддалари, қисмлари ёки бандларида назарда тутилган бир неча жиноятни содир этишда айбланаётганда, бир қанча айблов ифода этилади. Кўп эпизодли ишлар бўйича бундай қарорда ҳар бир жиноятнинг моҳияти ва юридик тавсифи алоҳида кўрсати­лиши лозим. Шахс айнан қандай хатти-ҳаракати билан ЖКнинг алоҳида моддаси, қисми ёки бандида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги асослаб берилади. Мазкур қоида юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 17-сонли қарорида ҳам шахс бир неча жиноятни содир этганликда айбланаётган бўлса, мазкур моддада назарда тутилган ҳолатлар ҳар бир айбловга нисбатан алоҳида баён этилиши лозимлиги таъкидланган.
10. Такроран жиноят содир этганлик учун айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилишда ҳар бир жиноят айбловнинг алоҳида бандини ташкил қилади. Мустақил тавсиф қилинадиган ҳар бир жиноят қандай ҳаракатлар орқали содир этилганлиги кўрсатилиб, охирида ягона айблов ифода қили­нади. Шахс давомли ёки узоққа чўзилган жиноятни содир этганликда айбланаётганида, мустақил жиноят таркибини бе­рувчи ҳар бир хатти-ҳаракат жиноий фаолиятнинг эпизодлари ҳисобланиб, битта жиноятнинг юридик тавсифи кўрсатилади.
11. Шахс рецидив ва хавфли рецидив жиноятни содир этишда айбланаётганда, қарорда шахсни рецидивист ва хавфли рецидивист деб топилаётганлигига сабаб бўладиган олдинги ҳукм қилинганлик ҳолати ҳам кўрсатилади. Жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғриси­даги қарор билан шахсни ўта хавфли рецидивист деб топил­майди. ЖКнинг 34-моддасига кўра фақат суд ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.
12. Шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларини ҳуқуқий тавсиф қилишда ЖК Махсус қисми нормалари билан бир қаторда Умумий қисми нормалари қўлланилганида айнан қайдай ҳолат­лар мазкур моддаларни қўллашга олиб келганлиги ҳам ёритили­ши керак.
13. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг хулоса қисмида шахсни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ва унга айб эълон қилиш тўғрисидаги терговчининг тўхтами, у томонидан содир қилинган жиноят таркиби қисқача кўрсатилади. Прокуратура органларида жиноят ишлари устидан назорат ишларининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида айбланувчи тари­қасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси, қандай орган терговчилари томонидан тузилишидан қатъи назар, тергов устидан назоратни амалга оширувчи проку­рорга юборилади ва хулоса қисмида бу тўғрисида қайд этилади.
14. Қарорнинг якунида терговчи имзо қўяди. Гарчанд қо­нунда бевосита кўрсатилмаган бўлсада, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг охирида унинг айбланувчига ўқиб эшиттирилганлиги ёки айб эълон қилинганлиги, айбланувчига унинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисида ёзув киритилиб, айбланувчининг имзоси билан тасдиқланади.
15. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда баён қилинган ҳар бир ҳолат айбланувчи­нинг шахси тўғрисидаги маълумотларга, ижтимоий хавфли қилмишга, айбнинг шаклига, ижтимоий хавфли оқибатига реал мос келиши ва иш бўйича тўпланган далиллар билан асослан­тирилиши лозим. Жиноят иши бўйича тўпланган далиллар шахс жиноятнинг содир этилишида айбли эканлигини кўрсатади. Айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғриси­даги қарор эҳтимолларга эмас, шахснниг жиноят содир этган­лигини кўрсатувчи етарли далилларга асосланиши лозим.
16. Айбловнинг индивидуаллаш талаби иш бўйича икки ва ундан ортиқ шахслар айбланувчи тариқасида жалб қилинганда, ҳар бир айбланувчининг қилмиши, шахси, айблилик даражаси ва қилмишни содир этишда айбланувчининг тутган ўрнига кўра айблов индивидуаллаштирилиши кераклигини билдиради. Шу мақсадда ҳар бир шахсни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисида алоҳида қарор чиқарилади.



Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   288   289   290   291   292   293   294   295   ...   491




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling