527-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш ҳақидаги масаланинг суд томонидан ҳал қилиниши
Прокурорнинг янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги протести:
1) туман (шаҳар) судлари ва гарнизон ҳарбий судлари томонидан ҳукм ёки ажрим чиқарилган ишлар бўйича - тегишли юқори суднинг раёсатида;
2) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари, шунингдек, Қуролли Кучларнинг ҳарбий суди томонидан ҳукм, ажрим, қарор чиқарилган ишлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли ҳайъатларида;
3) Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ҳукм ва ажрим чиқарилган ишлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида;
4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати ёки Пленуми томонидан қарор чиқарилган ишлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида кўриб чиқилади.
1. Ушбу модда янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритишни қайтадан бошлаш ҳақида прокурорнинг протестини кўрувчи суд инстанцияларини белгилайди.
2. Туман (шаҳар) жиноят ишлари бўйича судлари ва гарнизон ҳарбий судлари чиқарган ҳукм ва ажримни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида протест –Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раёсатида кўрилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди чиқарган ҳукм, ажрим, қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида протест – тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ёкиҳарбий ҳайъатида кўрилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди чиқарган ажримни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида протест – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўрилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати ёки Пленуми чиқарган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида протест – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида кўриб чиқилади.
6. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, жиноят ишини илгари назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилган бўлса, янги очилган ҳолатлар муносабати билан ҳукм, ажрим, қарорни бекор қилиш ҳақида протестни қуйи суд инстанцияларида кўрилиши мумкин эмас.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида илгари назорат тартибида кўрилган жиноят иши бўйича янги очилган ҳолатлар муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори Олий суд Раиси номига тақдимнома киритади ва иш Олий суд Раисининг протести асосидакўрилиши мумкин (Бу ҳақда ЖПКнинг 511-моддасига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |