199-модда. Суриштирувчи, терговчи ёки суднинг талабига кўранарсаларни тақдим қилиш
Суриштирувчи, терговчи ёки суд тинтув ёки олиб қўйиш ўтказмасдан туриб, корхона, муассаса, ташкилот раҳбаридан, шунингдек, фуқародан тергов ва суд ҳаракатларини юритиш чоғида вақтинча фойдаланиш учун зарур бўлган нарсаларни тақдим этишларини талаб қилишга ҳақлидир. Бундай нарсалар жумласига қуйидагилар киради:
1) эксперимент ўтказишда текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини ва шароитини қайта тиклаш учун фойдаланиладиган ўхшаш нарсалар ёки макетлар;
2) таниб олиш учун кўрсатилаётган нарса билан турдош бўлган нарсалар;
3) тергов ёки суд ҳаракатларини юритиш ёхуд эксперт текширувини ўтказиш учун зарур бўлган мосламалар, асбоб-ускуналар, анжомлар, материаллар, агар бундай нарсалар суриштирувчи, терговчи ёки судда ёхуд уларнинг топшириғи бўйича ҳаракат қилаётган мутахассис, эксперт ёки экспертиза муассасасида бўлмаса. Зарурат қолмагач, бу нарсалар эгасига қайтарилиши лозим.
1. Одатда тергов ҳаракатлари давомида, жумладан, кўздан кечириш, олиб қўйиш, тинтув, эксперимент, кўрсатувни ҳодиса жойида текшириш жараёнида олиниб ишга қўшиб қўйилган нарсалар ашёвий далил ҳисобланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳар қандай шахсдан, корхона, муассаса, ташкилот раҳбаридан жиноят ишини юритишда далил сифатида ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун зарур нарсаларни талаб қилиб олишга ҳақли.
2. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг жиноят ишини юритишда вақтинча фойдаланиш учун тақдим этиш тўғрисида талаби барча шахслар учун мажбурийдир.
3. Бундай нарсалар жумласига, ушбу модданинг 1, 2 ва 3-бандларида санаб ўтилганлардан ташқари, умуман исботлаш жараёнида кўмак берувчи турли моддий объектлар ҳам киради.
4. Юқорида кўрсатилган нарсаларни қабул қилиш чоғида холислар иштирок этади. Нарсаларнинг номи ва хусусиятлари баённомада батафсил акс эттирилади. Баённоманинг нусхаси нарсани тақдим этган шахсга берилади.
Олинган нарса ўралиб, устидаги ёзувни суриштирувчи, терговчи ёки прокурор ва холислар имзолайдилар, ўрам муҳрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |