193-модда. Суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан намуналаролиш тартиби
Суриштирувчи ёки терговчи намуна олиниши керак бўлган шахсни чақиртиради ёки у турган жойга бориб, уни намуна олиш тўғрисидаги қарор ёки суднинг ўзига келиб тушган ажрими билан таништириб тилхат олади ва бу шахсга, мутахассисга, холисларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, агар кимдир рад этилган бўлса, бу масалани ҳал қилади. Кейин суриштирувчи ёки терговчи керакли ҳаракатларни бажаради ва эксперт текшируви учун намуналар олади. Бунда оғриқ бермайдиган ҳамда инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлмаган илмий-техникавий воситалар қўлланилиши мумкин.
Мурдадан, шунингдек, хом ашёлардан, маҳсулотлардан, бошқа материаллардан намуналар олиш эксгумация қилиш, олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Олинган намуналар ўралади ва муҳрланади. Кейин суриштирувчи ёки терговчи уларни намуна олиш баённомаси билан бирга тегишли экспертга юборади. Агар намуна олиш суднинг ажримига биноан амалга оширилган бўлса, ушбу ажримни бажарган суриштирувчи ёки терговчи намуналарни уларни олиш тўғрисидаги баённома билан бирга судга юборади. Суд тарафлар иштирокида намуналарни кўздан кечириб, уларнинг ҳақиқийлигига ва тўла сақланганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин олинган намунани ажрим ва баённома билан бирга тегишли экспертга юборади.
1. Суриштирувчи ва терговчи намуна олинадиган шахсга, намунаси олиниши зарур бўлган мулкнинг эгасига ўзининг қарорини ёхуд ижро этиши учун суддан юборилган ажримни тушунтиради ва бу тергов ҳаракатини бажаришда иштирок этаётган холислар, мутахассис, эксперт ва бошқа шахсларга эълон қилади. Уларга намуна олиш тартиби, услуби ва қўлланадиган илмий-техника воситалари тўғрисида ҳам маълумот берилиши шарт.
2. Намуна олиш бошланиши олдидан барча иштирокчилардан қандай илтимослари ва талаблари борлигини аниқлайди ҳамда уларни қаноатлантиради ёхуд рад этиш сабабларини билдиради.
Турли нарсалардан намуна олиш уларнинг эгалари, фойдаланувчи ёки қўриқловчи шахслар ҳузурида амалга оширилади. Намуна олиш мақсадида процессуал нормаларга риоя қилиб тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш ва мурдани эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатлари ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолларда намуна олингани ҳақида тегишли тергов ҳаракатининг баённомасида кўрсатилади.
3. Олинган намуналар худди ашёвий далиллардек ўралади, муҳрланади, устидаги ёзув холислар ва бошқа ҳозир бўлганлар томонидан имзоланади. Намуна экспертга, агар суднинг ажримига кўра олинган бўлса, - судга топширилади. Эксперт ёки суд намунани ўрамидан очиб кўздан кечиргани ҳужжат билан расмийлаштирилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |