Ушлаб туриш жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилишдан иборатдир.
Ушлаб туриш жиноят иши қўзғатилгунга қадар ҳам, иш қўзғатилганидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин. Иш қўзғатилганидан кейин ушлаб туришга фақат терговчи, суриштирувчи, прокурорнинг қарорига ёки суднинг ажримига мувофиқ йўл қўйилади.
1. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туриш жиноят судлов вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган, кўпинча кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда қўлланадиган, шахсни қисқа муддат жамиятдан ажратилган ҳолда сақлаб туришдан иборат бўлган превентив (олдини олиш) процессуал мажбурлов чораларидан биридир. Ушлаб туриш қуйидаги мақсадларда қўлланади: а)жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахснинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш; б)дастлабки тергов ва суддан қочиб кетишининг олдини олиш; в) ушбу шахс томонидан жиноят иши учун аҳамиятли бўлган далилларни яшириш ёки йўқ қилиб юборишнинг олдини олиш; г) ушланган шахснинг содир этилган жиноятга алоқадорлигини аниқлаш.
2. Ушлаб туриш жиноят иши қўзғатилишидан аввал ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу ҳолда ушлаб туриш нафақат милиция ёки бошқа суриштирув органи ходими, балки муомалага лаёқатли ҳар қандай шахс томонидан амалга оширилади (ЖПКнинг 222-моддаси). Ушбу ҳаракатни амалга ошириш давомида ёки ундан кейин дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш ёхуд ушлаб туришдан олдин шу жойда бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига мурожаат қилиб, унинг ёрдамидан фойдаланиш лозим.
3. Жиноят иши қўзғатилгандан кейин ушлаб туришга фақат терговчи, суриштирувчи, прокурорнинг қарорига ёки суднинг ажримига мувофиқ йўл қўйилади.
221-модда. Ушлаб туриш асослари
Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |