Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат айбланувчининг ёки судланувчининг суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тергов ва суддан яширинмаслик, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслик, жиноий фаолият билан шуғулланмаслик, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақируви билан етиб келиш ҳақида берган ёзма мажбуриятидан иборатдир. Тилхат берувчи шахс бундан ташқари ўз зиммасига суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг ижозатисиз ушбу аҳоли пунктидан чиқиб кетмаслик ва шу аҳоли пункти доирасида истиқомат жойини ўзгартирса, бу ҳақда уларни хабардор қилиш мажбуриятини олади.
Айбланувчи ёки судланувчи ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузган тақдирда унга нисбатан жиддийроқ эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин, бу ҳақда у тилхат олиш чоғида огоҳлантирилади.
1. Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат айбланувчи ёки судланувчи томонидан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга берилган:а) тергов ва суддан яширинмаслик; б) жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслик; в)жиноий фаолият билан шуғулланмаслик; г) терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан етиб келиш; д) уларнинг ижозатисиз ўзи истиқомат қилаётган аҳоли пунктидан чиқиб кетмаслик; е) шу аҳоли пункти доирасида ўз истиқомат жойини ўзгартирса, бу ҳақда уларни хабардор қилиш тўғрисидаги ёзма мажбуриятидир. Тилхат олиш чоғида айбланувчи ёки судланувчи ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузган тақдирда унга нисбатан жиддийроқ эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкинлиги ҳақидаогоҳлантирилади.
2. Муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат асосан эркинликда қолиши жиноят судлов ишларини нормал юритишга жиддий хавф туғдирмайдиган (масалан, доимий яшаш жойи, машғулоти, оиласи бўлган) айбланувчи, судланувчиларга нисбатан қўлланилади. Ушбу эҳтиёт чораси келгусида дастлабки тергов ёки суддан бўйин товлаши, янги жиноятлар содир қилиши ёки иш бўйича тергов ва судда иштирок этувчи шахсларга ғайриҳуқуқий таъсир ўтказиши эҳтимол бўлган, шунингдек, доимий турар жойи бўлмаган айбланувчи ёки судланувчиларга нисбатан қўлланмайди.
3. Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат айбланувчи ёки судланувчи номидан тузилади. Тилхатда: тилхат берилган кун, йил, жойнинг номи; айбланувчи, судланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми; яшаш жойи; ЖПКнинг 250-моддаси талаблари билан танишиб чиққанлиги; ўз зиммасига тергов ва суддан яширинмаслик, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслик, жиноий фаолият билан шуғулланмаслик, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан етиб келиш, уларнинг ижозатисиз ўзи истиқомат қилаётган аҳоли пунктидан чиқиб кетмаслик, шу аҳоли пункти доирасида ўз истиқомат жойини ўзгартирса, бу ҳақда уларни хабардор қилиш мажбуриятларини олганлиги; ушбу тилхатни бузган тақдирда, ўзига нисбатан жиддийроқ эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганлиги қайд этилади. Тилхат айбланувчи ёки судланувчи ҳамда тилхатни олган мансабдор шахс томонидан имзоланади.Тилхат икки нусхада тузилиб, бир нусхасига жиноят ишига қўшиб қўйилади, иккинчи нусхаси айбланувчи ёки судланувчига топширилади.
251-модда. Шахсий кафиллик
Do'stlaringiz bilan baham: |