584-модда. Жиноят ишини судга юбориш тартиби
Суриштирувчи, терговчи, прокурор жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) ёки унинг қонуний вакилининг ярашув тўғрисидаги аризасини олгач, етти суткадан ортиқ бўлмаган муддатда гумон қилинувчининг, айбланувчининг розилиги билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради.
Қарорнинг тавсиф қисмида қуйидагилар кўрсатилади: жиноят иши қўзғатилишининг асослари, ишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, улар айбланаётган қилмишлар ва уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари, шунингдек, ярашув тўғрисидаги аризанинг мазмуни ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчининг аризага муносабати.
Қарорнинг қарор қисмида:
1) ишни судга юбориш тўғрисидаги;
2) эҳтиёт чораси тўғрисидаги, шунингдек, фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари тўғрисидаги;
3) ашёвий далиллар тўғрисидаги қарор кўрсатилади.
Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этиш учун бир неча шахс жалб қилинган бўлиб, барчаси билан ҳам ярашувга эришилган бўлмаса, ярашувга эришилмаган гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга тааллуқли материаллар ажратилади ва улар бўйича иш юритиш умумий қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.
Иш, қарор чиқарилганидан кейин уч сутка ичида прокурорнинг розилиги билан судга юборилади.
1. Жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, уларнинг қонуний вакилидан ярашув тўғрисида аризани олгач, суриштирувчи, терговчи, прокурор етти суткадан қолдирмай бу ҳақда гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг розилиги билан ишни судга юбориши лозим. Ишни ўз вақтида судга юбормаганлик учун суриштирувчи, терговчи, прокурорга интизомий таъсир чоралари кўрилиши мумкин. Етти сутка ўтгандан сўнг келган бўлсада, суд бундай ишни кўриши лозим.
2. Ярашув тўғрисида аризани ҳал қилиш учун қонунда белгиланган етти кунлик муддат ариза суриштирувчига, терговчига ёки прокурорга берилган кундан бошланади. Агар ариза жиноят иши қўзғатилганидан олдин берилган бўлса, бу муддат жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти ярашув тўғрисида ариза берилган пайтда иш бўйича қилмиш ЖКнинг 661-моддасидаги жиноят таркиблари билан квалификация қилинмасдан олдин берилган бўлса, уни кўриб ҳал қилиш муҳлати қилмишни тавсиф қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Бу ҳақда Олий суд Пленуми юқорида номланган қарорининг 5-бандига қаралсин.
3. Ярашув тўғрисида аризани ҳал қилишда сансалорликка йўл қўйган суриштирувчи, терговчи, прокурорга нисбатан ушбу масалани кўрган суд алоҳида ажрим чиқариши, агар суд бундай ишларни ўз вақтида кўрмаган бўлса, бу ҳақда юқори суд ажрим чиқариши лозим.
4. Ишни ярашув тартибида кўриш учун судга юбориш тўғрисида суриштирувчи, теровчи, прокурор қарор чиқаради. Қарорда баён этилиши лозим бўлган ҳолатлар ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган.
5. Агар иш бўйича бир неча шахслар гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этиш учун жалб қилинган, лекин уларнинг барчаси томонидан ярашув ҳақида ариза берилмаган бўлса, ишни ярашувга эришилган гумон қилинувчилар ва айбланувчиларга тааллуқли материаллари ярашув масаласини ҳал қилиш учун судга юборилади. Ишнинг қолган қисми бўйича дастлабки тергов умумий тартибда юритилади.
4. Ярашув тўғрисидаги иш бу ҳақда қарор чиқарилгач уч суткадан кечга қолдирмай прокурорнинг розилиги билан судга юборилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |