Ўсимлик оқсилларини амидошварц 10В реактиви ёрдамида
миқдорий аниқлаш
Ўсимликларда кўп миқдорда учрайдиган феноллар ва уларнинг ҳосилалари Лоури усули ёрдамида оқсилни миқдорий жиҳатдан аниқлашга ҳалақит бериши мумкин. Шунинг учун бу усул ўсимлик оқсилларини миқдорий жиҳатдан аниқлашда кам қўлланилади. Кейинги вақтларда оқсилларни турли бўёқлар билан комплекс ҳосил қилишига асосланган миқдорий аниқлаш усуллари кенг қўлланилмоқда. Шундай усуллардан бири оқсил миқдорини амидошварц ёрдамида аниқлашдир.
Бу усул ёрдамида оқсил миқдори тўқималарда ва тозаланмаган экстрактларда ҳам аниқланиши мумкин. Амидошварц ўзининг сульфогруппаси ёрдамида оқсиллар билан боғланади. Натижада оқсиллар чўкади, бу эса реакцион аралашмадаги контрол намуна билан текширилаётган суюқлик ранглари орасидаги фарқни ўлчашга имкон беради.
Реактивлар: ўсимлик барги, амидошварц 10В нинг 7% ли сирка кислотадаги 0,1 % ли эритмаси, чўктирувчи реактив.
Иш тартиби:
0,5 г ўсимлик барги ҳовончада 5 мл сув билан яхшилаб майдаланади. Гомогенатга 5-45 мл сув қуйиб суюлтирилади. Анализ учун тайёрланган гомогенатдан 1 мл олиб, унинг устига чўктирувчи реактивдан қуйилади ва яхшилаб аралаштирилгач, хона температурасида 10 дақиқа қолдирилади. Шундан кейин 15 дақиқа давомида минутига 5000 марта айланиш тезлигида центрифугаланади. Чўкма устидаги суюқликдан 1 мл олинади ва 25 мл сиғимли ўлчов колбасига қуйилади, унга сув қўшиб ҳажми 25 мл га етказилади. Суюлтирилган эритманинг оптик зичлиги ФЭК – 56 м да 8 светофильтр (600±10 нм) ёрдамида ёки спектрофотометрда 615 нм да аниқланади.
Калибрлаш эгри чизиғини чизиш учун қорамол қон зардоби альбуминидан фойдаланилади. 25 мл қон зардоби альбумини 25 мл бидистилланган сувда эритилади ва бу эритмани суюлтириш йўли билан 0,75 мг/мл, 0,5 мг/мл, 0,25 мг/мл концентрацияли эритмалар тайёрланади. Бунинг учун тайёрланган оқсил эритмасидан даражаларга бўлинган пробиркаларга 7,5; 5,0; 2,5 мл дан олиб, 10 мл гача бидистилланган сув қуйилади. Тайёрланган турли концентрацияли стандарт эритмалар билан юқоридаги операциялар бажарилиб, олинган оптик зичлик қийматлари асосида калибрлаш эгри чизиғи чизилади. Бунинг учун абцисса ўқига оқсил концентрацияси, ордината ўқига оптик зичлик қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |