Рибоза ва дезоксирибозани аниқлаш
Пробиркага 1 мл гидролизат, 1 мл 20% ли натрий гидроксид ва 5-6 томчи мис сульфатнинг 2% ли эритмасидан қўшамиз, қизил чўкма ҳосил бўлади.
Фосфор кислотасини аниқлаш
Пробиркага гидролизатдан 1 мл олиб, тенг ҳажмда молибден реактивидан қўшиб қиздирамиз. Сариқ рангнинг ҳосил бўлиши фосфат кислота борлигини кўрсатади.
Реактивлар: Ачитқи забуруғлари, эфир, натрий гидроксиднинг 0,4 % ли эритмаси, сирка кислотасининг 5% ли эритмаси, сульфат кислотанинг 5% ли эритмаси, натрий гидроксиднинг 20 % ли эритмаси, мис сульфатнинг 2% ли эритмаси, аммоний молибдат тузининг нитрат кислотадаги эритмаси.
ДНК миқдорини колориметрик усул билан аниқлаш
ДНК таркибидаги дезоксирибоза дифениламин билан кўк ранг ҳосил қилади. Рангнинг зичлиги ДНК миқдорига тўғри пропорционал бўлгани сабабли фотоэлектроколориметрда ўлчанади.
Иш тартиби:
Бир текширув ва бир назорат пробиркаси тайёрланади. Биринчисига ДНК нинг сувли эритмасидан 1 мл, иккинчисига дистилланган сув солинади. Ҳар иккала пробиркага 2 мл дан дифениламин реактиви солиб, 10 дақиқа сув ҳаммомида ушлаб турилади. Бир оздан сўнг пробиркалардаги суюқликлар совитилади ва ФЭК нинг қизил нур фильтрида назорат суюқликлиги қаршисида кўрилади. Текширилувчи ДНК нинг оптик зичлигини топгач, калибрлаш чизиғидан унинг миқдори аниқланади.
Ўлчов эгри чизиғини тайёрлаш
3 та пробиркага концентрацияси турлича бўлган 50-100-200 мкг/мл ДНК эритмасидан 1 мл ва дифениламин реактивидан 2 мл солиб, 10 дақиқа қайнаб турган сув ҳаммомида қиздирилади. Эритма совитилгач, юқоридагидек фотоэлектроколориметрланади. Топилган оптик зичлик ва ДНК миқдоридан калибрлаш чизиғи тузилади. Абсцисса ўқига ДНК миқдори, ордината ўқига оптик зичликлар келтирилади.
Колориметрик усул билан РНК миқдорини аниқлаш
РНК таркибидаги пентоза орцин реативи билан рангли бирикма ҳосил қилади. Рангнинг оптик зичлиги колориметрда ўлчанади ва калибрлаш чизиғидан РНК миқдори топилади.
Иш тартиби:
Текширув тажриба пробиркасига 1 мл РНК эритмаси ва 2 мл орцин реактиви солинади. Назорат пробиркасига эса 1 мл дистилланган сув ва 2 мл орцин реактиви солинади. Иккала пробирка сув ҳаммомида 20 дақиқа тутиб турилади. Бир оздан сўнг эритмалар совитилиб, ФЭК нинг қизил нур фильтрида оптик зичлик топилади. Назорат пробиркаси қаршисида РНК нинг миқдори калибрлаш чизиғидан аниқланади.
Калибрлаш чизиғини тайёрлаш: 3 та пробиркага 1 мл дан 50-100-200 мкг/мл РНК эритмаси ва 2 мл дан орцин реактиви солиниб, юқоридагидек сув ҳаммомида қиздирилади, 20 дақиқа ўтгач эритмалар совитилиб, ФЭК да уларнинг оптик зичлиги аниқланади. Абцисса ўқига РНК нинг миқдори, ордината ўқига оптик зичлик келтирилиб, ўлчов эгри чизиғи тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |