Дебиторлик қарзларнинг бошланғич (дастлабки) қиймати деганда уларнинг вужудга келган санасидаги қиймати тушунилади. Ушбу қиймат бўлиб, одатда, счёт-фактура ва далолатномаларда кўрсатилган товар-моддий бойликлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг сотиш баҳосидаги қиймати ҳисобланади.
Дебиторлик қарзларнинг соф қиймати деганда харидор ва буюртмачиларга берилган пулли чегирмалар, савдо чегирмалари, улардан қайтиб келган товар-моддий бойликлар, шубҳали қарзлар суммалари айирилиб ташлангандан кейин, шунингдек чет эл валюталари курслари ва миллий валюта курси ўртасидаги фарқлар ҳисобга олиб топилган қиймат тушунилади.
Пулли чегирмалар – бу жами олинадиган счётлар суммасининг маълум бир қисмини рағбатлантириш воситаси сифатида харидор ва буюртмачилар ихтиёрида қолдириладиган қисми. Бундай чегирмалар, одатда, сотувчи томонидан дебиторлик қарзларни тезроқ ўндириб олиш, шубҳали қарзларни вужудга келишининг олдини олиш мақсадларида берилади. Пулли чегирмалар олинадиган счётлар суммасига нисбатан фоизлар кўринишида ёки қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Савдо чегирмалари – бу товарларни тезроқ катта миқдорда сотиш мақсадида, шунингдек уларни реклама қилиш мақсадида харидорлар фойдасига сотиб олишда товарнинг сотиш баҳосидан камайтириладиган қисми.
Қайтарилган товар-моддий бойликлар қиймати– бу харидор ва буюртмачиларга жўнатилган, лекинда маълум сабабларга кўра улар томонидан қайтариб берилган, шунинг учун келиб тушадиган дебиторлик қарзлар суммасидан айириб ташланадиган қиймат.
Олинадиган счётлар бўйича бухгалтерия ҳисобининг асосий вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Олинадиган счётларни асосли тан олиш ва реал баҳолаш;
Олинадиган счётларни вужудга келиши ва қопланишини ўз вақтида тегишли ҳужжатлар билан тўғри расмийлаштириш;
Олинадиган счётларни мазмуни, характери ва бошқа белгилари бўйича улар учун кўзда тутилган счётларда акс эттириш;
Олинадиган счётларнинг ҳолати ва ҳаракати устидан доимий назоратни олиб бориш;
Олинадиган счётларни ўз вақтида келиб тушушини, тўлов муддатини ўтиб кетмаслиги устидан доимий назорат қилиш;
Келиб тушуши шубҳали ҳисобланган дебиторлик қарзларни суд органлари орқали ўндириб олинишини ёки корхона ҳисобидан тўғри чиқарилишини назорат қилиш;
Олинадиган счётлар бўйича ҳисоботларни тўғри ва ўз вақтида тегишли органларга етқазиш ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |