К. Жанзаков Ўзбекистон республикаси
Инновацион лойиҳалар танлови ва экспертизаси
Download 3.15 Mb.
|
Қ. Ж. Мирзаев, Э. Ш. Шавқиев,Б. К. Жанзаков-fayllar.org
17.2. Инновацион лойиҳалар танлови ва экспертизаси
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик, технологик иш ҳамда инновацион ишланмалар бўйича танлов Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан (манфаатдор бошқа вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда) эълон қилинади. Танловда олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар таркибидаги илмий тадқиқотларни олиб бориш мақсадида ташкил этилган лабораториялар (таркибий бўлинмалар), мулк шаклидан қатъи назар таъсис ҳужжатларида илмий тадқиқотларни амалга ошириши мумкинлиги кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бошқа илмий ташкилотлар жамоаларининг лойиҳалари қатнашади. Бугунги кунда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳалар қуйидаги йўналишларга қаратилган: • илғор рақамли, интеллектуал ишлаб чиқариш технологияларига, роботли тизимларга, янги материалларга ва қурилиш усулларига ўтиш, йирик ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, техник таълим ва сунъий ақл тизимларини яратиш; • экологик тоза ва ресурс тежовчи энергетикага ўтиш, углеводород хомашёсини қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, энергиянинг янги манбаларини, узатиш ва сақлаш усулларини шакллантириш; • шахсийлаштирилган тиббиётга ўтиш, юқори технологияли соғлиқни сақлаш ва соғлиқни муҳофаза қилиш технологияларидан, шу жумладан, дори воситаларидан (айниқса, антибактериал препаратлардан) оқилона фойдаланиш; • юқори маҳсулдор ва экологик тоза агро ва гидро хўжалик юритишга ўтиш, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва ҳайвонларини кимёвий ва биологик ҳимояловчи воситалардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва самарали қайта ишлаш, хавфсиз ва сифатли, шу жумладан, функционал, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш тизимларини яратиш ва жорий этиш; • инсон ва табиат, инсон ва технология, глобал ривожланишнинг ҳозирги босқичида ижтимоий институтлар, шу жумладан, гуманитар ва ижтимоий фанлар усулларини қўллаш бўйича ўзаро самарали таъсир ўтказиш имкониятини яратиш. Лойиҳани амалга ошириш, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва ижтимоий ривожланишини таъминлайдиган илмий ва технологик захираларни шакллантиришга йўналтирилиши лозим. Лойиҳани танловдан ўтказиш учун лойиҳа раҳбарининг бевосита ўзи Инновацион ривожланиш вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: лойиҳа раҳбарининг аризаси (қоғоз нусхада) ҳамда унга қўшимча материаллар; лойиҳа раҳбари ва асосий ижрочилари ҳамда ташкилот ҳақида маълумот (лойиҳа бажариладиган ва молиялаштиришни амалга оширадиган ташкилот); лойиҳа мазмуни (социал-иқтисодий муаммонинг мавжудлиги, лойиҳанинг мақсади ва вазифалари, кутилаётган натижалар); лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган молиялаштириш ҳажми; интеллектуал фаолият натижаларининг индикатор кўрсаткичлари. Танловга тақдим этилган аризалар илмий ва илмий-техник дастурлар ва лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича амалдаги ҳужжатларга ҳамда илмий, илмий-техник дастурлар ва лойиҳаларни танлов асосида саралаб олишнинг танлов шартларига мувофиқ дастлабки ва асосий экспертизадан ўтказилади. Танлов натижалари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Илмий-техник Кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади. Танловда ғолиб бўлган лойиҳа раҳбарларига шартномани қуйидагиларни кўрсатган ҳолда имзолаш ва расмийлаштириш учун АТТ орқали юборилади. илмий тадқиқот йўналиши; илмий тадқиқотни амалга ошириш учун иш режаси ва харажатлар сметаси; лойиҳа раҳбарининг лойиҳа бажарилиши бўйича оралиқ ва йиллик ҳисоботларни тақдим этиб бориш мажбурияти; ташкилотнинг илмий жамоани зарур бинолар, ускуналар ва материаллар билан таъминлаш, шунингдек, илмий тадқиқотлар учун мавжуд экспериментал базага кириш мажбурияти; ташкилот раҳбарининг илмий жамоа аъзоларининг ҳар бири билан грант ажратилиши билан боғлиқ тегишли фуқаролик-ҳуқуқий ёки меҳнат шартномаларини тузиш мажбурияти; ташкилотнинг лойиҳа раҳбари томонидан берилган ёзма сўровига кўра, илмий жамоа аъзоларига лойиҳани амалга ошириш учун мукофот пули тўлаш мажбурияти; ташкилотнинг грант харажатларининг алоҳида ҳисобини юритиш (грант бўйича қўшимча харажатларни ҳисобга олиш) ва мақсадли ишлатилиши тўғрисида ҳисобот бериш мажбурияти; мониторингда қатнашиш мажбурияти; вазирлик томонидан грант маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолати аниқланган, шунингдек, шартнома муддати тугагандан кейин фойдаланилмаган грант маблағлари мавжуд бўлган тақдирда тарафлар ўртасидаги шартномани бекор қилиш ва/ёки грант маблағларини қайтариш (қисман қайтариш) тартиби ва шартлари; грантдан фойдаланиш билан алоқадор томонлар – вазирлик, лойиҳа раҳбари ва ташкилотнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Давлат сири бўлган маълумотларни ўз ичига олган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилади. Лойиҳалар экспертизаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил қилинади. Лойиҳалар бўйича – дастлаб техник ва кейинчалик илмий экспертизани ўтказиш йўли билан якуний хулоса шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 133-сон қарорининг 61-бандига кўра, қабул қилинган барча турдаги лойиҳа ҳужжатлар техник экспертизасини ўтказиш муддати лойиҳа талабномалари учун ҳужжатларни қабул қилиш тугаган кундан бошлаб ўн беш кун қилиб белгиланган. Бундан ошмаслиги керак. Техник экспертиза – тақдим этилган лойиҳа ҳужжатларнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқлигини ҳамда маълумотлар таҳлилида хатоларнинг йўқлигини (ёки мавжудлигини) аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Техник экспертиза қуйидаги тартибларни ўз ичига олади: талабномага илова қилинган шаклларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжудлигини текшириш; илгари топширилган лойиҳа талабномасига ўхшаш ёки шу мавзуда бажарилган лойиҳаларнинг мавжудлиги ва лойиҳа талабномаларининг такрорланишини аниқлаш; тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар мавжудлигини ўрганиш; лойиҳа талабномасига кўра, тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни текшириш, техник хатолар ва ноаниқликлар йўқлигини текшириш. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ҳужжатлар тўплами Эксперт гуруҳи томонидан илмий экспертизани ўтказиш учун вазирлик ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашларга юборилади. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг салбий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, Инновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳани тақдим этган муассасага (ташкилотга) бу ҳақда ёзма равишда маълум қилади. Буюртмачи томонидан камчиликларни бартараф этиш учун уч иш кунидан кам бўлмаган муддат белгиланади. Буюртмачи лойиҳа талабномада кўрсатилган тартибда асослантирилган хулосани тегишли ташкилотга (муассасага) етказади. Агар лойиҳа тақдим этган ташкилот (муассаса) Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган таклифларни белгиланган муддатда тақдим этмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади ва илмий экспертизадан ўтказилмайди. Экспертизадан олиб ташланган лойиҳа ҳужжатлари уни тақдим этган ташкилотга (муассаса) қайтариб юборилмайди ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Инновацион ривожланиш вазирлигида сақланади. Бироқ, лойиҳани тақдим этган ташкилот (муассаса)нинг ёзма мурожаатига асосан лойиҳа ҳужжатлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қайтарилиши мумкин. Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида давлат илмий экспертизасидан ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилган. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси тегишли соҳалардаги фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар (ИТК) томонидан амалга оширилади. Эксперт сифатида тегишли соҳада етарли даражада билим ва малакага эга бўлган, экспертиза қилинаётган ишга холис ёндоша оладиган, илмий даражага эга бўлган мутахассислар жалб қилинади. Илмий экспертизани ўтказишга чет эл мутахассислари жалб этилиши мумкин. ИТК ва экспертлар ўтказилган экспертиза хулосаларининг холислиги юзасидан шахсан жавобгардирлар. Илмий экспертиза лойиҳанинг илмий янгилиги ва амалий аҳамиятини, уни техник жиҳатдан амалга ошириш имкониятларини, шу жумладан моддий-техник базанинг етарли эканлиги, илмий салоҳиятнинг ва жамоанинг илмий натижалари мавжудлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Илмий экспертиза қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда амалга оширилади: экспертларнинг мустақиллиги; илмий лойиҳани илмий ёндашув асосида, холис, тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиш; экспертиза натижаларининг асослантирилганлиги; экспертларнинг чуқур билимга эгалиги, юқори даражада профессионал ва касбий маҳоратга эгалиги; давлат, хизмат ва тижорат сирларига риоя қилган ҳолда экспертиза натижаларининг очиқлиги; жамоат, техника ва экологик хавфсизликка, миллий ва халқаро стандартларга риоя қилиш. Илмий экспертиза муддати Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ИТКга лойиҳа келиб тушган санадан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси икки босқичда ўтказилади. Илмий экспертизанинг биринчи босқичида лойиҳа талабномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида иккита эксперт бўйича таклиф Инновацион ривожланиш вазирлигига киритилади. Вазирлик томонидан экспертлар рўйхатга олингандан сўнг, экспертларга лойиҳалар кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим қилинади. Экспертларга қўйиладиган талаблар, уларни танлаш ва экспертизага тайинлаш тартиби Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан белгиланади. Экспертлар лойиҳа талабномасини 10 кундан кечиктирмай кўриб чиқади. Текширув натижаларига кўра, ҳар бир эксперт лойиҳа бўйича ўзининг эксперт хулосасини беради ва уни 100 баллик шкала бўйича баҳолайди, бунда 0 балл — энг паст кўрсаткич, 100 балл — энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Агар иккала эксперт лойиҳа талабномасини 60 баллдан паст баҳоласа, лойиҳа талабномаси илмий экспертизадан ўтмаган деб ҳисобланади. Агар экспертларнинг фақат биттаси лойиҳа талабномасини 60 баллдан юқори баҳолаган бўлса, ИТК учинчи эксперт томонидан қўшимча экспертиза тайинлайди. Агар учинчи экспертнинг баҳоси 60 баллдан паст бўлса, лойиҳа талабномаси илмий экспертизадан ўтмаган деб ҳисобланади. Агар иккала эксперт ҳам лойиҳа талабномасини 60 баллдан юқори баҳолаган бўлса, у илмий экспертизанинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади. Бунда агар эксперт баҳоларидаги фарқ 25 баллдан юқори бўлса, ИТК экспертиза натижаларини аниқлаштириш учун учинчи экспертни қўшимча экспертиза учун тайинлайди. Лойиҳа талабномасининг якуний эксперт баҳоси барча эксперт баҳоларининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади. Илмий экспертизанинг биринчи босқичидан ўтган лойиҳа талабномалар, эксперт баҳолаш натижаларига кўра илмий экспертизанинг иккинчи босқичи учун ИТКга юборилади. Экспертизадан ўтмаган лойиҳалар бўйича лойиҳа талабномаси олинган ташкилотга (муассасага) ёзма равишда асослантирилган рад этиш хулосасини Инновацион ривожланиш вазирлиги тақдим қилади. Бунда вазирлик рад этиш қарорига лойиҳани кўриб чиққан экспертларни кўрсатмаган ҳолда эксперт хулосаларини илова қилади. Ҳар бир илмий тадқиқот лойиҳасини мустақил экспертлар томонидан илмий экспертизадан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярмига тенг ҳажмда гонорар тўланади. Хулоса қилиб айтганда, танловда иштирок этувчи субъектлар инновацион лойиҳани ишлаб чиқишда, у ёки бу янгиликни жорий этиш қандай фойда келтиришини, шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхона (фирма)ларининг самарали фаолиятининг энг асосий мезони бўлиб нима хизмат қилишини исботлаб бериш лозим бўлади. Download 3.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling