Дарснинг муваффақиятли бўлиши педагогларга боғлиқ. У ўз ишининг устаси бўлиши, ўргатиш санъатини мукаммал эгаллаган бўлиши лозим. Унинг таълим олувчиларга тарбиявий таъсири дарсда ва ундан ташқари вақтда муомалада бўлиш давомида амалга оширилади. Бу таъсир педагогнинг ўз-фикрлари, гаплари, таълим олувчиларга таъсир этишида ифодаланади. Унинг билимлари дастур ва дарсликлар билан чекланиб қолмаслиги керак улар анча кенг ва ҳар томонлама бўлиши лозим. Шунинг учун педагог ўз малакасини ошириш устида доимо иш олиб бориши, ўз мутахассислиги соҳасида фан, техника ва технологиянинг энг янги ютуқларидан хабардор бўлиши керак.
Агар педагог фақат эски билимга таяниб иш кўрса, у таълим олувчилар олдида обрўсини йўқотади. Унинг иш сифати аста-секин пасайиб боради, чунки у таълим олувчиларни ўқитишга қўйиладиган замонавий талабларни ҳисобга олмайди. У ўз мутахассислигига оид билимлардан ташқари ҳозирги вақтда фан ва техниканинг баъзи бир бошқа соҳаларига оид билимлардан ҳам хабардор бўлиши керак. Бу таълим олувчилар билан ўтказиладиган суҳбатлар учун ҳам, тўгарак дарсларини ташкил этиш учун ҳам керак бўлади.
Педагог энг яхши бадиий ва илмий оммабоп адабиёт, саънат асарлари, спорт масалалари кабиларни ҳам яхши билиши керак. Бу билимларсиз унинг таълим олувчилар билан муҳокама қилиш, уларнинг саволларига жавоб қайтариш, маслаҳатлар бериши қийин бўлади. Таълим олувчиларга таълим-тарбия беришда унинг фақат ўзи ўқитадиган фаннигина билиши кифоя қилмайди. У тайёргарликка, педагогика, психология ва фанни ўқитиш методикасига оид чуқур билимларга эга бўлиши ҳамда ўзининг амалий ишида уларни қўллай олиши керак.
Педагогик билимлар педагогга таълим-тарбия беришнинг энг самарали методларини онгли равишда танлаб олиш имконини беради. Шу билан бирга у ўзининг шахсий тажрибасини ҳамда бошқаларнинг тажрибасини умумлаштиришни ўрганиши, улардан ижобийларини танлаб олиши ҳамда таълим олувчиларга билим бериш, уларда мустақил билим олиш ва ўз-ўзини бошқариш кўникмаларини ривожлантириш юзасидан олиб борадиган ўз ишларида фойдаланиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |