55-моддага қуйидагича нормалар қўшилади:
Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади.
56-модданинг амалдаги талқини қуйидагича: “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”. Мазкур моддани қуйидагича таҳрирга ўтказиш таклиф этиляпти:
Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, унинг мазмунини белгилайди.
Фуқаролик жамияти институтлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишга, ижтимоий ҳамда маданий мақсадларга эришиш учун кўмаклашишга, жамиятнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилгандир.
61-моддага диний эркинликка оид қуйидагича нормалар қўшилади:
Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган барча диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлиги кафолатланади.
Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил бўлади.
63-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”. Мазкур модда қуйидагича таҳрирга ўтказилади:
Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.
Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.
Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |