83-моддада қонунчилик ташаббусига эга субъектлар рўйхатига қуйидагилар қўшиляпти:
Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари;
Олий Мажлис Сенати;
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
Марказий сайлов комиссияси.
Бу модданинг янги таҳрири асосида Конституциявий суд, Олий суд ва бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуслари доираси чекланмоқда: улар (шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳам) фақат “ўз ваколатларига оид масалалар юзасидан” қонунчилик ташаббуси билан чиқиши мумкин бўлади.
84-модданинг янги таҳрири билан қуйидагилар таклиф этиляпти:
Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунларни Сенатга юборишнинг чекланган муддатини (қонун қабул қилинган кундан бошлаб) амалдаги 10 кундан 20 кунга узайтириш;
Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш ва эълон қилиш учун президентга юборишнинг чекланган муддатини (қонун маъқулланган кундан бошлаб) 10 кундан 20 кунга узайтириш;
Президент Сенатдан келиб тушган қонунни имзолаши ва эълон қилишининг чекланган муддатини амалдаги 20 кундан 2 ойга узайтириш.
90-моддада президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф этилмоқда.
93-моддада президентнинг ваколатларига қуйидагилар қўшилмоқда:
ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим стратегик устувор йўналишларини белгилаш ҳамда уларнинг ижро этилишига оид масалалар юзасидан Олий Мажлисга мурожаатномалар йўллаш;
президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантириш ва бошқариш;
Президент администрациясини, шунингдек арезидент ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантириш.
98-модданинг янги таҳрири билан Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги йўналишларда жавобгарлик юклатилмоқда:
экология бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш;
оилани қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш;
ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ишлашини таъминлаш;
фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |