М. А.Ҳамроев она тилидан маърузалар


Download 1.58 Mb.
bet129/149
Sana15.06.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1486497
1   ...   125   126   127   128   129   130   131   132   ...   149
Bog'liq
М. А. амроев она тилидан маърузалар

36 - М А Ъ Р У З А
УСЛУБИЯТ (СТИЛИСТИКА). НУТҚ УСЛУБЛАРИ


Режа:
1. Услубият ҳақида умумий маълумот.
2. Нутқ услублари:
1) сўзлашув услуби;
2) илмий услуб;
3) расмий-идоравий услуб;
4) оммабоп (публицистик) услуб;
5) бадиий услуб.
3. Нутқ маданияти ҳақида.
1-§. Услубият ҳақида умумий маълумот


У с л у б и я т тилшунослик фанининг бир бўлими бўлиб, нутқ жараёнида тил ҳодисаларининг мақсадга, шароитга ва муҳитга мос равишда фойдаланиш қонуниятлари билан таништиради. Услубиятда услублар, тил воситаларининг нутқда қўлланиш йўллари, фонетик, луғавий, фразеологик ва грамматик бирликларнинг қўлланиш хусусиятлари ўрганилади.
Адабий тилнинг ижтимоий ҳаётдаги маълум бир соҳада қўлланадиган, бир қанча ўзига хос хусусиятларга эга бўлган кўриниши адабий тил услуби дейилади. Услуб орқали сўзловчи шахс нарсаларга, воқеаларга шахсий муносабатини акс эттиради.
Ўзбек адабий тилида қуйидаги асосий нутқ услублари бор: сўзлашув услуби, бадиий услуб, расмий услуб, оммабоп услуб, илмий услуб (Айрим дарсликларда сўзлашув услубидан бошқа барча услублар китобий услуб деган умумий ном остида берилади): дуруст, метро, кўк, тузук (сўзлашув услуби); мовий, метрополитен (китобий).
Ҳар бир услубни яратувчи воситалар мавжуд. Буларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин:
1. Лексик воситалар: Синоним, омоним, антоним, пароним, кўп маънолилик, таг маъно (гапнинг тагида яширинган маъно), сифатлаш, ўхшатишлар, фразеологик бирлик, шева, ноадабий сўзлар (жаргон, арго, сўкиш, қарғиш кабилар) касб-ҳунар сўзлари, муболаға (гипербола), архаик ва тарихий сўзлар, атамалар.
2. Фонетик воситалар: нутқ товушлари, оҳанг, урғу.
3. Грамматик воситалар: а) морфологик воситалар: ҳар бир сўз туркуми; б) синтактик воситалар: гап бўлаклари, риторик сўроқ гаплар, ундалма, кириш сўз, кириш бирикма, содда ва қўшма гаплар, кўчирма ва ўзлаштирма гаплар.
Маълум бир услубга тегишли бўлган сўзлар услубий хосланган сўзлар деб юритилади: янглиғ сўзи бадиий услубга, омоним, синоним сўзлари илмий услубга, балли, кетворган каби сўзлар сўзлашув услубига, фаоллар йиғилиши, сиёсий майдон каби сўз бирикмалари оммабоп услубга хосдир. Сўзлашув услубида ҳам, китобий услубда ҳам ишлатилаверадиган сўзлар услубий бетараф сўзлар ҳисобланади: сув, тоғ, бола, хат. Бу сўзлар кўчма маънода қўлланса, маълум бир услубга тегишли бўлиши мумкин.



Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   125   126   127   128   129   130   131   132   ...   149




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling