2-§. Бутун сон, каср сон, аралаш сон ва уларнинг ёзилиши
Нарса-буюмнинг сон-саноғини, миқдорини унинг бутунлигини сақлаган ҳолда ифодалайдиган сон бутун сон деб аталади: 1, 3, 5, 12 каби.
Нарса –буюмлар миқдорини бўлаклаб, қисмлаб ифодалайдиган сон каср сон деб аталади: 1/2 (ярим), 1/4 (чорак), 1/8 (нимчорак).
Каср сон икки хил ифодаланади: 1) икки сон чиқиш келишиги қўшимчаси билан боғланган бўлади: иккидан бир. 2) ўз ҳолича касрни англатадиган сўз бўлади: ярим, чорак, нимчорак.
Бутун сон билан каср сон биргаликда ишлатилса, аралаш сон деб аталади: бир ярим, икки бутун ўндан уч. Бутун, каср, аралаш сонлар ажратиб ёзилади: бир ярим килограмм.
3-§. Соннинг маъно турлари
Сонлар маъно ва грамматик жиҳатдан олти хил бўлади:
1. Миқдор (саноқ) сон бир турдаги нарса-буюмларнинг умумий сонини, миқдорини билдиради: бир машина, икки одам, ўн беш киши.
Нутқимизда бир сўзи миқдор ифодалашдан ташқари қуйидаги маъноларни ҳам ифодалайди: 1) ноаниқлик (бунда у қандайдир олмошига синоним бўлади): Эшикни бир киши тақиллатяпти; 2) кучайтириш (бунда у жуда сўзига синоним бўлади): Бир югурдим, бир югурдим; 3) кетма-кетлик (бунда у дам, гоҳ боғловчиларига синоним бўлади): Бир менга, бир унга қарайди; 4) чегаралаш (бунда у фақат юкламасига синоним бўлади): Ҳамма келди, бир Аҳмад келмади; 5) тенглик (бунда у тенг сўзига синоним бўлади: Қонун олдида ҳамма бир).
2. Дона сон нарса-буюмнинг доналаб саналадиган миқдорини билдиради. Дона сон миқдор (саноқ) сонга -та қўшимчасини (жонли ва жонсиз нарса номларига бирика олади) қўшиш ёки дона (нарса номларига бирикади), нафар, бош (мавжудот номлари билан бирикади), туп (ўсимлик номлари билан бирикади) сўзларини келтириш ёрдамида ҳосил қилинади: бешта қуш, уч дона нон, ўн нафар одам, юз бош қўй.
Do'stlaringiz bilan baham: |