4) инкор боғловчиси сўз ва гапларга инкор маъносини юклайдиган боғловчидир (25; 71): на...на: Унда на китоб бор, на дафтар. Бу боғловчи иштирок этган гапнинг кесими тасдиқ шаклда бўлади: У на ўқиди, на ёзди.
2. Эргаштирувчи боғловчилар
Бу боғловчилар эргашган қўшма гап таркибидаги содда гапларни бир-бирига эргаштириш йўли билан боғлайди ва қуйидаги турларга бўлинади:
1) аниқлов боғловчилари: яъни, -ки(-ким), токи: У кўрдики, камчиликлар кўп. Баъзан -ки от туркумидаги сўзлар билан бирга келиб, таъкидлаш, уқтириш маъноларини англатади, бунда у боғловчи эмас, юклама саналади: ...кўкси тўла нуқул орденки, бир-биридан чиройли.
2) сабаб боғловчилари: чунки, шунинг учун, негаки, зероки: Иш ўз вақтида бажарилди, чунки бунга пухта тайёргарлик кўрилган эди. Баъзан учун кўмакчиси ҳам шу вазифада қўлланади: Улар етиб келсин учун, Турди кутиб турди.
3) шарт боғловчилари: агар(да), гарчи, гарчанд, гар, мабодо, башарти: Агар ишимиз ўнгидан келса, бугун қайтиб кетамиз.
4-§. Боғловчи вазифасини бажарадиган сўзлар ёки
вазифадош боғловчилар ҳақида
Билан, деб, борди-ю сўзлари, -у(ю), -да, -ми, ҳам, на юкламалари, балки модал сўзи боғловчи ўрнида алмашиб келади: Борди-ю (агар), ўзим келолмасам, одам жўнатаман. Улар етиб келсин деб, кутдим. Алишер билан (ва) Салимжон мактабда бирга ўқишган. Китоб ҳам (ва) дафтарларни тайёрлаб қўйдим. Бу гапдан у хафа бўлмади, балки хурсанд бўлди. Иборалар ҳам баъзан боғловчиларга синоним бўлиши мумкин: Шунга қарамай у келмади - Аммо (лекин, бироқ) у келмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |