2. Кўмакчи вазифасида қўлланувчи сўзлар (вазифадош кўмакчилар (25; 63) гапда ўрни билан мустақил сўз, ўрни билан кўмакчи бўлиб келади. Булар қуйидаги туркумлардан кўмакчиларга кўчади:
1) от туркумидан: ташқари, бўйи, чамаси, ҳолда, йўсинда;2) сифатдан: сабабли, туфайли, қарши, чоғли, доир, мувофиқ, ўзга, бошқа; 3) феълдан: қараб, қараганда, кўра, тортиб, деган, дейдиган, оша, бўйлаб, яраша, қарамасдан, қарамай, қарата; 4) равишдан: аввал, сўнг, кейин, бурун, илгари, бери, буён, асосан, биноан.
3. Айрим кўмакчилар боғловчи вазифасини ҳам бажаради. Бундай сўзлар кўмакчи-боғловчилар деб юритилади: билан, деб, дея. Масалан: дафтар билан қалам; Умрим ширин ўтсин деб(дея), у кўп меҳнат қилди.
4. Булардан ташқари, ўз луғавий маъноларини сақлаган ҳолда кўмакчи ўрнида келиб, ҳаракат билан предмет ўртасидаги турли муносабатларни ифодалайдиган сўзлар ҳам бор. Бу сўзлар ўрин-пайт, чиқиш келишиги ва эгалик қўшимчаларини қабул қилади. Бундай сўзлар кўмакчи отлар деб аталади: олд, ўрта, ён, орқа, кет, ич, уст, тепа, ост, таг, ора, бош, ўрин, қош, ёқа, томон. Бу сўзлар белгисиз қаратқич келишигидаги сўздан кейин келгандагина кўмакчи от ҳисобланади: иш устида, сиқиғи остида. Акс ҳолда, улар ўрин отлари ҳисобланади: столнинг устида, уйнинг олдида. Кўмакчи отларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин: 1) вертикал йўналишни билдирувчи: ост, уст, таг. 2) горизонтал йўналишни билдирувчи: олд, орқа, ён, ич, томон; 3) аралаш йўналишни билдирувчи: ўрта, ора, бош.
2-§. Кўмакчиларнинг қўлланиши ва маънолари
1) бош келишикдаги сўзлар билан қўлланадиган кўмакчилар:
Билан (қисқа шакллари: -ла, ила) кўмакчиси биргалик (Укаси билан келди.), восита (Қалам билан ёзди), тез бошланиш (Эшик очилиши билан киришди), пайт (Туни билан ухламади), ҳолат (Бахтиёрлик билан жилмайди) каби маъноларни билдиради.
Учун (қисқа шакли: -чун) кўмакчиси мақсад, сабаб, аташ, эваз маъноларини ифодалайди: Болалар учун қурилди. Ўқимагани учун билмади. Сен учун олдим. Ёрдамингиз учун раҳмат.
Do'stlaringiz bilan baham: |