206 - м о д д а. Ҳокимият ёки мансаб ваколати
доирасидан четга чиқиш
Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
в) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолият юритиши доирасида келиб чиқадиган ижтимоий муносабатлар ҳисобланади (Объект тўғрисида батафсил маълумот учун ЖКнинг 205-моддаси шарҳига қаранг).
Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш бевосита объекти ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш объектидан фарқ қилмайди. Ўз ваколатларидан четга чиққан мансабдор шахс жиноий фаолияти характерига кўра жиноятнинг қўшимча объектлари инсон саломатлиги, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда бошқа қадриятлар бўлиши мумкин.
2. Жиноятнинг объектив томони мансабдор шахснинг ваколатидан четга чиқувчи ҳаракатларни содир этишида ифодаланиши мумкин. Мансабдор шахснинг унга қонунда белгилаб берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан четга чиқувчи ҳаракатларни содир этиши бу ҳолларнинг ҳаммаси учун умумийдир.
Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқишнинг объектив томонининг зарурий белгиси фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига путур етказиш кўринишидаги ижтимоий хавфли оқибатларнинг келиб чиқиши, шунингдек, қилмиш ва оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш бўлиши мумкин.
3. Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш фақат ҳаракатлар орқали амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |