Шарҳланаётган моддада бажарилмаслиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган буйруқни бажармаслик бошлиқнинг бўйсунувчига қаратилган ва муайян ишларнинг мажбурий бажарилишини, у ёки бу қоидалар ёки низомда белгиланган тартибга риоя этилишини талаб қилган муайян буйруғини англатади.
Шаклига кўра буйруқ ёзма, оғзаки ёки техник алоқа воситалари орқали берилиши мумкин. Шу билан бирга, айрим масалаларга нисбатан (масалан, молиявий, кадрлар) мажбурий равишда ёзма шакл белгиланган, акс ҳолда ҳужжат ноқонуний ҳисобланади. Буйруқ бўйсунувчига бевосита ёки бошқа шахс орқали берилиши мумкин; у буйруқ, кўрсатма, фармойиш шаклида бўлиши мумкин – буларнинг барчаси қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди.
9. Буйруқ фақат хизмат бўйича ва хизмат манфаатларини кўзлаб берилиши лозим, акс ҳолда у қонуний кучга эга эмас. Бошлиқнинг ноқонуний буйруғини бажармаган бўйсунувчи бунинг учун жавобгарликка тортилмайди (ЖК 40-моддаси шарҳига қаранг). Командирлар (бошлиқлар) эса буйруқ ва фармойиш берганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
10. Бундай фармойишларни ҳарбийларнинг хизматнинг у ёки бу соҳасидаги фаолияти умумий қоидаларидан таркиб топган буйруқлар билан расмийлаштириладиган ҳужжатларни (кўрсатмалар, қарорлар, қоидалар ва ҳоказолардан) фарқлаш лозим. Бундай кўрсатмаларнинг бажарилмаслиги бўйсунмаслик деб эътироф этилмайди, бироқ айрим ҳолларда у бошқа ҳарбий жиноятни ташкил қилиши мумкин. Масалан, соқчилик қилаётган жойдан берухсат кетиш, ЖК 295-моддасида кўзда тутилган қоровуллик хизматини ўташ низом қоидаларини бузишни англатади. Шу билан бирга қоровуллик бошлиғининг постни бўшатиш ҳақидаги талабини бажармаслик бўйсунмасликни келтириб чиқаради.
11. Буйруқ фақат бошлиқ томонидан бўйсунувчига берилади.
Бошлиқ – тобелигида бошқа ҳарбий хизматчилар бўлган, буйруқ, фармойиш беришга ҳақли ва уларнинг бажарилишини назорат қиладиган ҳарбий хизматчи. Ҳарбий хизматчи лавозимига ёки ҳарбий унвонига кўра бошлиқ бўлиши мумкин. Ҳарбий лавозим ҳарбий уставлар ва бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Бу сафдаги хизмат: бўлим, взвод, рота, батальон ва ҳоказолар командирларининг, бўлим ва хизмат, суткалик наряднинг айрим турлари (қоровул, назорат-пропуск пункти ва ҳоказолар) бошлиғи штат лавозими. Бошлиқ лавозими муайян вазифани бажариш мақсадида муайян вақтга штатдан ташқари ҳам тайинланиши мумкин (масалан, отиш машқлари, хўжалик ишлари, ўқув машғулотларини ўтказиш мақсадида ва ҳоказо). Ҳарбий хизматчи бошлиқ лавозимини доимий ёки муваққат эгаллаши мумкин. Бошлиқ вазифаларини унинг ўринбосари ёки бошқа ҳарбий хизматчи махсус кўрсатма бўйича бажариши мумкин.
12. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий унвон бўйича бўйсуниши Қуролли Кучлар ички хизматининг низомида белгиланади. Унга мувофиқ, офицер оддий аскарлар ва сержантлар таркиби шахсларига, сержантлар – бир ҳарбий қисмдан бўлмиш оддий аскарлар учун бошлиқ ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |