Безорилик мотивининг моҳияти жиноий қилмишнинг қандай предметга йўналтирилганлиги, қайси ижтимоий муносабатлар тизимида амалга оширилишидан қатъи назар, жамиятга бўлган ҳурматсизлик ва уни менсимасликда ифодаланади.
Безорилик мотивига ўзини ижтимоий фикрга қарши қўйиш истаги у ёки бу шаклда бошқалар кўз олдида жамоат тартибини менсимаслик, юклатилган жавобгарликка бефарқлик, маст ҳолда “жасорат” кўрсатиш, жабрланувчини қўрқитиш ёки камситиш ва ҳоказоларни киритиш мумкин.
10. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмида кўзда тутилган безориликнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган, ақли расо шахсдир. Шарҳланаётган модданинг 2 ва 3-қисмларида кўзда тутилган безориликнинг субъекти ўн тўрт ёшга тўлган шахслар ҳам бўлади.
11. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида безорилик қуйидагича содир этилганлиги учун жавобгарлик белгиланган:
а) баданга ўртача оғир шикаст етказиб;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан;
в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб;
г) ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан;
д) ёш бола, қария, ногирон ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб;
е) кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган бўлса.
(Баданга ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек, бир гуруҳ шахслар тушунчаси тўғрисида ЖК 29 ва 105-моддалари шарҳига қаранг.)
12. Бир гуруҳ шахслар томонидан содир қилинадиган безорилик бирга ҳаракат қилаётган шахслар шарҳланаётган жиноятнинг объектив томонини бевосита содир этаётган иштирокчилигини ташкил этади, лекин иштирокчилик олдиндан тил бириктирмаган ҳолда содир этилади. Бундай ҳолларда иштирокчиларнинг безорилик содир этаётган бажарувчига қўшилиши кўзда тутилади.
13. Айбдор безориликни совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб содир этса, унинг қилмишини ЖК 277-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича квалификация қилиш лозим.
Совуқ қуроллар ёки соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган предметни намойиш этиш – безорилик ҳаракати жараёнида совуқ қурол ёки бошқа нарсаларни, уларни қўллаш таҳдиди бор ёки йўқлигидан қатъи назар, жамоат олдида кўрсатишдир. Бировнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган совуқ қурол ёки бошқа нарсаларнинг безорилик хатти-ҳаракати жараёнида кўрсатилиши фактининг ўзиёқ жиноий қилмиш содир этилган деб ҳисоблаш учун етарлидир[411].
Совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни қўллаш ёки қўллаш таҳдиди деганда, айбдорнинг бошқа шахс ёки шахсларга совуқ қурол ёки объектив равишда соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган бошқа нарсаларни қўлламоқчи эканлигини айтиши ёки уларни намойиш қилиши тушунилади. Таҳдид қуролни ёки бошқа нарсаларни кўрсатиб ёки кўрсатмасдан ҳам содир этилиши мумкин. Ушбу шаклдаги безориликни тугалланган деб ҳисоблаш учун айбдор ўз хулқи орқали ўзидаги совуқ қурол ёки қурол ўрнидаги нарсаларни қўллашга тайёр эканлигини кўрсатганлигини аниқлаш етарлидир[412].
14. Совуқ қурол деганда, ўз моҳиятига кўра инсон ҳаёти ва соғлиғига қарши ишлатиш учун мўлжалланган, суд-криминалистик экспертизаси хулосасига мувофиқ совуқ қурол деб топилган нарсалар тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |