Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet88/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   84   85   86   87   88   89   90   91   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томо­нидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мол-мулк эгаси ёхуд мол-мулк эгалиги ихтиё­рида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилмоғи лозим. Ишончга асослан­ган муносабатлар фирибгар ва жабрланувчи шахс ўртасида про­кат, ижара, олди-сотди, топшириқ шартномаси ва ҳоказоларда вужудга келиши мумкин.
11. Ишончни суиистеъмол қилишни жиноят содир этиш усули сифатидаги алдашдан фарқламоқ лозим. Шарҳланаётган усулдан фарқли равишда, алдаш жабрланувчида айбдорга нисбатан ишонч муносабатлари шакллантириб, ўз мулкини топшириш мақсадига қаратилган фаол ҳаракатларда ифодаланади. Бошқача айтганда, ишонч – бу айбдорга жабрланувчининг ишончини суиистеъмол қилиш орқали унинг мулкини эгаллаш учун зарур бўлган бир босқичдир. Айбдор ўзи ва мулкдор ёки бошқа қонуний эгалловчи билан шундай алоҳида ишончни қозониш усулларидан фойдала­надики, натижада турли алдашлар орқали жабрланувчининг ишончига кириб олади. Ишончни суиистеъмол қилиш фирибгар­лик жиноятининг мустақил усули сифатида камдан-кам ҳолларда алоҳида ҳолда учрайди. Мисол тариқасида бланка имзосини суи­истеъмол қилиш (мулкни эгаллаш мақсадида тўлдирилмаган им­золи бланкадан фойдаланиш)ни олиш мумкин.
12. Ишончни суиистеъмол қилиш ва алдашнинг ҳар қандай шаклининг моҳияти шундаки, ишончга эришган айбдор жабрла­нувчида қандайдир ҳолатлар ҳақида нотўғри таассурот уйғотади ва мулки ёки мулкий ҳуқуқларини ўтказиши фойдалилигига ёки мажбурийлигига ишонтиради. Бошқача айт­ганда, фирибгарликда жабрланувчининг айбдорга ишонгани ёки алдангани сабабли ўзи мулкни ихтиёрий равишда бериб юборади.
13. Фирибгарлик ўзганинг мулки қўлга киритилган ва айб­дорда ўз ихтиёрига кўра талон-торож қилинган мулкни тасарруф этиш имконияти пайдо бўлган пайтдан бошлаб тугалланган жи­ноят ҳисобланади. Агар айбдор жабрланувчи ишончини суии­стеъмол қилиш ёки алдаш натижасида мулкни қўлга кирита ол­маса, унда қилмишни фирибгарлик содир этишга суиқасд сифа­тида квалификация қилмоқ лозим.
14. Субъектив томондан ушбу жиноят фақат қасддан ва ғараз мақсад билан содир этилади. Айбдор ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жабрланувчини чалғитаётганлигини ёки била туриб ишончини суиистеъмол қилаётганлигини англаб етади ва бунинг содир этилишини хоҳлайди. Шунингдек, ушбу жиноий қилмишни айбдор мулкий фойда олиш ва бойиб кетиш мақсадида содир этади. Ғараз мақсаднинг мавжудлиги фирибгарликнинг за­рурий аломати ҳисобланади, шу билан бирга, агар мулкни алдаш йўли билан ғаразли мақсадларсиз эгаллаган бўлса (масалан, бошқа шахснинг номидан ойлик иш ҳақини унга бериб қўйиш мақсадида олиш), қилмишни фирибгарлик сифатида квалифика­ция қилиб бўлмайди.
15. Ушбу жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс ҳисобланади.
16. Фирибгарликни ўғриликдан фарқлаш лозим, чунки уни содир этишда ҳам айбдор иншоотга, бинога, уйга кириб олиш ва мулкни яширинча талон-торож қилиш мақсадида алдашдан фой­даланади. Фирибгарликни содир этишда алдаш ёки ишончни суи­истеъмол қилиш ўзганинг мулкини қўлга киритиш усули бўлиб хизмат қилади, ўғрилик содир этишда алдашни қўллаш ўғир­ланадиган нарсани қўлга туширишни енгиллаштириш воситаси ҳисобланади. Фирибгарлик содир этилганда жабрланувчи шахс мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқни фирибгарга ўзи, “ихтиёрий” ра­вишда топширади, ўғриликда эса айбдор шахс уни мол-мулк эга­сининг ёки мол-мулк ихтиёрида турган шахснинг рухсатисиз яширин равишда талон-торож қилади. Яна шуниси борки, фақат ўзганинг мулкигина ўғрилик предмети бўлиши мумкин, фириб­гарлик предмети эса ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқи ҳам­дир. Шунинг учун, шахсга муайян ваколатлар билан таъминлан­маган жисмоний ҳаракатлар содир этиш учун (чемоданни кўтаришга ёрдам бериш, ишониб топширилган буюмларга қараб туриш ва ҳоказо) берилган мулкни ғаразли мақсадларда эгаллаб олиш фирибгарликни эмас, балки ўғирлик жиноятини ташкил этади.
17. Шунга эътибор бериш лозимки, шарҳланаётган модданинг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик фақатгина, ташки­лот, муассаса ва корхонанинг ўғирланган мулкининг умумий суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдоридан кам бўлмаганда келиб чиқади. Акс ҳолда шахс Маъмурий жавоб­гарлик тўғрисидаги кодексининг 61-моддаси билан жавобгар­ликка тортилади. Агар ўғирланган мулкнинг умумий суммаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошмаса, айбдор неча марта майда ўғирликлар содир этганлигидан қатъи назар маъмурий жа­вобгарликка тортилади. Айни пайтда, агар фирибгарлик орқали талон-торож қилиш фуқароларнинг мулкига нисбатан содир этил­ган бўлса, мулкнинг умумий суммаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқ­дордан ошмаса ҳам жиноят шарҳланаётган модданинг 1-қисми бўйича квалификация қилинади. “Шуни таъкидлаш керакки, қо­нунга кўра ўғрилик ва фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг мулкини талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик та­лон-торож суммаси миқдоридан қатъи назар келиб чиқади. Бироқ талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари­дан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва суд­лар айбланувчининг (судланувчининг) шахсига оид маълумот­ларни ҳамда моддий зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда жиноят ишини ЖК 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этиши керак”[101].
Талон-торож қилинган мулкнинг миқдорини аниқлаш қилмиш содир этилган кунда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Талон-торож қилинган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қа­раб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор ва биржа нархларига асосланиш лозим[102].
18. ЖК 168-моддаси 2-қисмида назарда тутилган фириб­гарлик жинояти таркибининг квалификация қилиш белгиларига:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган ҳаракатлар киради.
Ушбу белгилар юқорида тўлиқ кўриб чиқилди (ЖК 164 ва 167-моддалари шарҳига қаранг). Шу билан бирга, “компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиш” белгиси фирибгарлик му­носабатларига нисбатан ўзига хос хусусият касб этади ва алоҳида кўриб чиқилиши лозим.
19. Фирибгарликда компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиш ёрдамчи аҳамият касб этиб, жиноятчининг мақсадга муваффақиятли эришишини, жабрланувчини тез ва самарали ишонтиришни, унинг ихтиёрини ўзига оғдириб олишни таъмин­лайди. Фирибгарликнинг шарҳланаётган квалификация қилиш белгиси амалий жиҳатдан турли шаклларда ифодаланиши мум­кин, бироқ унинг фарқлаб турувчи белгилари бўлиб, ушбу жино­ятни содир этиш усулларини осонлаштириш мақсадида, яъни ал­даш ёки жабрланувчининг ишончини суиистеъмол қилишни ен­гиллаштиришда фойдаланилади.
20. Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб фириб­гарлик содир этиш ҳаракатларининг квалификация қилинишига, масалан, компьютерлардан фойдаланиб ноқонуний лотерея, Ин­тернетда сотилган товарларни етказиб бермайдиган “мага­зин”ларни ташкил этиш ва бошқаларни киритиш мумкин. Шу­нингдек, ушбу модда бўйича компьютер воситаларидан фойдала­ниб жабрланувчига қалбаки ҳужжатларни (масалан, қалбаки гу­воҳнома) тақдим этиб алдайдиган жиноятчининг қилмишларини ҳам квалификация қилиш лозим. Шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, агар компьютер воситаларидан айбланувчининг ўзи ёки айбдорни огоҳлантирган ҳолда учинчи шахс томонидан фойдала­нилсагина, ушбу белгиларни мавжуд деб ҳисоблаш мумкин (ма­салан, фирибгар компьютер техника воситаларидан фойдалани­лишини билгани ҳолда қалбаки ҳужжатга “буюртма” бериши). Агар фирибгар қандайдир қалбаки ҳужжат компьютер воситала­ридан фойдаланиб тайёрланганлигини билмаган бўлса, унда унинг ҳаракатларини компьютер техникаси воситаларидан фой­даланиб фирибгарлик содир этиш сифатида квалификация қилиш мумкин эмас.
Агар айбдор компьютер техника воситаларининг объектив ху­сусиятларидан фойдаланаётганлигини тушуниб етган ва ўзининг жиноий мақсадларига етишиш учун уни хоҳлаган бўлсагина, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб фирибгарлик содир этилганлигини қайд этиш мумкин.
21. Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этиладиган фирибгарлик ва бошқа жиноятларни бир-биридан ушбу воситалардан қандай мақсадлар учун фойдаланганлиги бўйича фарқлаш зарур. Шуни назарда тутиш лозимки, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб қалбаки ҳужжатлар тайёр­ланганда ёки бошқа ижтимоий хавфли қилмишлар содир этил­ганда, иккинчиси ЖК 168-моддаси 2 қисмининг “г” банди тарки­бини қамраб олмайди ва жиноятлар мажмуи бўйича ЖК тегишли моддалари билан қўшимча квалификация қилинади.
22. ЖК 168-моддасининг 3-қисмида фирибгарлик таркиби­нинг қуйидаги алоҳида квалификация қилиш белгилари акс этти­рилган:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса.
Ушбу белгилар босқинчилик таркибига кирувчи белгилари билан айнан мос келади (ЖК 164-моддаси шарҳига қаранг).
23. ЖК 168-моддаси 4-қисмида рағбатлантирувчи норма на­зарда тутилган бўлиб, унга кўра агар айбланувчи етказилган мод­дий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Жиноят кодексида моддий зарар қанча миқдорда қопланиши лозимлиги кўрсатил­маган, бироқ моҳиятидан моддий зарар тўла ҳажмда қопланиши келиб чиқади.
169 - м о д д а. Ўғрилик
Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жа­рима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазола­нади.
Ўғрилик:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний ра­вишда кириб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жа­рима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб;
в) кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин: унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди; айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яши­рин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мул­кини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бош­лайди. Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мул­кини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.
2. Ўғрилик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Мулк сифатида фақатгина ихтиёрий ҳолатдаги ва шаклдаги, иқтисодий қийматга эга бўлган товар-моддий бойликлар, шунингдек, нарх­нинг умумий эквиваленти сифатида, махсус товар сифатида, бошқа турдаги мулк нархини акс эттирувчи пул ҳисобланиши ло­зим.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўғрилик учун ўзганинг эгалигида бўлган мулкни олиб қўйиш хосдир. Бироқ ўғрилик айбдорнинг мулкка нисбатан тасарруф этиш ва фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари бошқа муайян ҳуқуқи бўлган мулкни ўғрилаш ва эгал­лашга ҳам қаратилиши мумкин. Бу ерда ишлаб чиқаришда ишчи томонидан хом ашёни ёки тайёр маҳсулотни, жабрланувчи томо­нидан вақтинча қараб туришга ташлаб кетилган мулкни, мага­зинда кийиб кўриш учун олинган мулкни, аравакашга етказиб бериш учун топширилган мулкни ўғрилаш назарда тутилмоқда.
3. Объектив томондан ўғрилик ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланади.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   84   85   86   87   88   89   90   91   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling