Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Ўғирланган мулкка нисбатан тасарруф этишнинг реал имконияти


Download 1.53 Mb.
bet90/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   86   87   88   89   90   91   92   93   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Ўғирланган мулкка нисбатан тасарруф этишнинг реал имконияти деганда, жиноятчига мулкка нисбатан, мулкнинг қо­нуний эгасига тегишли бўлган комплекс ҳуқуқларни амалга оши­ришга имконият берадиган объектив жиҳатдан мавжуд муноса­батлар ва атрофдаги ҳолатлар тушунилади. Объектив жиҳатдан мавжуд муносабатлар бу ўринда ўзининг объектив белгилари бўйича жиноятчига сездирмасдан содир этганлиги тўғрисида ху­лоса чиқаришга асос бўладиган ҳолатлар, яъни ҳеч кимни қувма­ганлиги, хавотирнинг йўқлиги, мулкни сездирмасдан қўриқлана­ётган ҳудуддан олиб чиқиб кетиш кабилар тушунилади. Бошқача айтганда, яшириш талон-торож қилишнинг тугалланган вақтини аниқлашда айбдорнинг субъектив тасаввури муҳим аҳамият касб этади. Бунда объектив реалликдаги ҳолатларга асосланиб ўзида ўғриланган нарсага нисбатан тасарруф этиш ва фойдаланиш им­конияти мавжуд деб ўйлайди.
9. Субъектив томондан ўғрилик тўғри қасд билан содир эти­лади. Айбдор олинган ўзганинг мулкининг нафақат ноқонунийли­гини ва қайтариб берилмаслигини, балки ўз ҳаракатларининг яширин усулларини ҳам тушуниб етади. Унинг мулкни эгаллаб олиш мўлжали худди ана шунга асосланади. Шу билан бирга айб­дор ушбу жиноятнинг субъектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланувчи ғаразли (ноқонуний равишда бойликка эга бўлиш) мақсадини ҳам кўзлайди.
10. Ушбу жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, мулкни яширин талон-торож қи­лиш ўғирланаётган мулкка нисбатан уни тасарруф этиш, бошқа­риш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича муайян ваколатларга эга бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса, унда қилмишни ЖК 167-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
11. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик фақатгина ташкилотлардан, муассасалардан ва кор­хоналардан ходим томонидан ўғирланган мулкнинг умумий қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан юқори бўлганда келиб чиқади. Акс ҳолда шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Агар ўғирланган мулкнинг умумий қиймати  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошиб кетмаса, неча маротаба майда ўғрилик содир этилганлигидан қатъи назар, шахс фақатгина маъмурий жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, агар ўғрилик фуқароларнинг мулкига нисбатан амалга оширилган бўлса ва ўғирланган мулкнинг умумий сум­маси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошиб кетмаса ҳам, қилмишни жиноят сифатида шарҳланаётган модданинг биринчи қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
“Бироқ, талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов орган­лари ва судлар айбланувчининг (судланувчининг) шахсига оид маълумотларни ҳамда моддий зарарнинг қопланганлигини ино­батга олган ҳолда жиноят ишини Жиноят кодексининг 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этиши керак”[107].
Ўғирланган мулкнинг миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган Республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ўғирланган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланиш ло­зим[108].
12. ЖК 169-моддаси 2-қисми содир этилган яширин талон-торож қилишнинг квалификация қилиш таркибини ифодалайди. Булар:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний ра­вишда кириб содир этилган бўлса.
Санаб ўтилган ўғриликларни квалификация қилиш белгилари орасида киссавурликни белгиловчи қисми олдин шарҳланмаган, қолган қисмлари аввалги саҳифаларда шарҳланган (ЖК 164-мод­даси шарҳига қаранг).
13. Киссавурлик деганда, жабрланувчининг эгнида бўлган кийим-кечаги, қўлидаги ёки бевосита ёнида бўлган сумка, чама­дон ва қўл юкидаги буюмдан содир этилган яширин талон-торож қилишни тушуниш лозим[109]. Олий суд ўзининг қарорида қайси бу­юмлар қўл юкига киришини ва уларнинг “бевосита жабрланувчи ёнида” бўлиши нимани англатишини изоҳламаган.
Бу масалаларни ҳал қилиш амалдаги қонунчиликнинг таҳли­лига асосланиши лозим. Уларга кўра, қўл юки деганда, жабрла­нувчи шахсан олиб ўтувчи, шакли ва тузилишидан қатъи назар, енгил олиб ўтилувчи буюм ва ашёлар тушунилади[110]. Ушбу буюм­лар, одатда, жабрланувчининг ўзида бўлади, яъни унинг қўлида, елкасида, ёнбошида ёки устида жойлашган ёхуд судраб, итариб кетаётган бўлади. Шу ўринда ушбу буюм­ларни жабрланувчи жисмоний куч ишлатиб бевосита ўзи олиб юришига алоҳида эътибор бериш лозим. Шунинг учун турли хил транспорт воситаларида (уларнинг миқдори ва шаклидан қатъи назар) олиб ўтиладиган буюм ва ашёлар қўл юки ашёси сифатида таҳлил этилиши мумкин эмас.
14. Қилмишни ЖК 169-моддаси 2-қисми “а” банди билан ква­лификация қилиш учун қўл юки ашёси жабрланувчининг қўлида ёки бевосита ўзида жойлашган бўлиши лозим.
Қўл юки тушунчасига кирувчи буюм ва ашёлар жиноят содир этилган шахснинг тасарруфида бўлгандагина қўл юки ашёсини жабрланувчининг бевосита ўзида жойлашган деб ҳисоблаш мумкин. Бошқача айтганда, жабрланувчи бу ашёларга нисбатан махсус техник назорат воситаларидан фойдаланмасдан, уларни ку­затиш ёки бошқа усулларда субъектив назоратни амалга оши­ради. Қўл юки воситаларининг бевосита жабрланувчи ёнидали­гини қуй­идаги ҳолатлар кўрсатиб туради: жабрланувчи ёнида аёллар сумка­часининг ётиши; ўғрилик содир этилганда катмон­нинг шахс чўнтагида бўлиши ва бошқалар. Агар қўл юки буюм ва ашёлари жабрланувчининг субъектив назорат доирасидан (маса­лан, кат­монни қулфланмайдиган шкафда сақлаш) ташқарида ёки қандай­дир жойга яшириб қўйилган бўлса, талон-торож қилишни кисса­вурлик сифатида баҳолаш мумкин эмас. Бундай ҳолатда айбланув­чининг ҳаракатлари бошқа оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, ЖК 169-моддасининг 1-қисми бўйича квалифи­кация қи­линади.
15. ЖК 169-моддаси 2-қисмида киссавурлик содир этилгани учун оғирроқ жазо санкцияси назарда тутилган. Бу унинг юқори ижтимоий хавфлилиги билан асосланади. Ҳақиқатдан ҳам кисса­вурлик ўзининг объектив белгилари бўйича оддий ўғирликка нисбатан қўполлиги ва очиқдан-очиқлиги билан ажралиб туради. Яширин талон-торож қилишнинг ушбу шаклини амалга ошираё­тиб жиноятчи ижтимоий муносабатларга кам аҳамият бергани ҳолда ўзганинг мол-мулкини эгаллаб олади. Худди шу сабаблар оғирроқ жазо чорасини қўллашни асослаб туради.
16. Махсус мосламалар (илгаклар, қармоқлар, магнитлар, сўриб олувчи резинка ичаклар, қисқичлар ва ҳоказолар)дан фой­даланиб ўзганинг мулкини эгаллаб яширин талон-торож қилиш уй-жойга кириб содир этилган ўғрилик сифатида тан олиниши мумкин эмас[111].
17. Шарҳланаётган модданинг 3-қисмида ўзганинг мулкини яширин талон-торож этишнинг қуйидаги квалификация қилиш белгилари назарда тутилган:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб;
в) кўп миқдорда содир этилган ўғрилик.
Амалий жиҳатдан ушбу белгиларнинг барчаси босқинчилик тажовузининг шарҳида кўриб чиқилган эди. Ўғриликнинг харак­терловчи ва ажралиб турувчи белгиси фақатгина “компьютер ти­зимига рухсатсиз кириш” ҳисобланади.
18. Компьютер тизими – бу ЭҲМ ва периферия мосламала­ри­нинг маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сақлашни таъмин­ловчи уларнинг ўзаро боғлиқ ва ўзаро асосланган тартибли ҳамда функ­циялаштирилган мажмуаси. Периферия мосламалари маълу­мот­ларни киритувчи ва чиқарувчи турли хил воситалар: принтер (матнли ва графикли маълумотларни босмага чиқариш учун), стри­мер (ахборотларни сақлаш учун), сканер (матн ва расмларни ком­пьютерга киритиш учун), модем (телефон тармоғи орқали бошқа компьютерлар билан ахборот алмашиш учун), плоттер (чизмаларни қоғозга чиқариш учун), тармоқ адаптери (компью­терни локал тар­моққа улаш учун) ва бошқа мосламалар бўлиши мумкин.
Компьютер тизими оддийгина компьютер воситалари жамланмаси сифатида тушунилмаслиги лозим. У маълумотларни қайта ишлаш, маълумотлар базасини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш учун мўлжалланган мажмуадир. Мажмуанинг ушбу барча элементлари ўзаро алоқада ва ўзаро асосланган бўлади. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона, ташкилот ва муассасаларнинг локал тармоғи, минтақавий ва жаҳон тармоқ­лари, шунингдек, ушбу ташкилотлар доирасида мустақил фаолият юритувчи тизимлар компьютер тизими ҳисобланади.
19. Компьютер тизими сифатида маълумотларни қайта ишлаб беришни, маълумотлар базасини ташкил этиш ва функциялашни таъминламайдиган ЭҲМ мажмуаларини, масалан, ўйин компью­терлари, приставка ва ҳоказоларни компьютер тизими сифатида тан олиш мумкин эмас.
20. Компьютер тизимига кириш – бу маълумотларни йўқ қилиш имкониятини берувчи (блокка тушириш, ўзгартириш, кўчириб олиш) ёки компьютер тизимининг меъёрдаги фаолия­тини бошқа усулларда бузувчи ЭҲМ воситалари (моддий ва ин­теллектуал)дан фойдаланган ҳолда исталган шаклда кириш.
Ток манбаига эга бўлмаган, шунингдек, маълумотларни ашё сифатида олиб юрувчи машина ташувчилари бўлмаган ЭҲМни эгаллаб олиш компьютер тизимига кириб олиш деб ҳисоблан­майди ва тегишли ҳолатларда ушбу мулкни талон-торож қилиш сифатида жавобгарликни юзага келтириши мумкин.
21. Ахборот манбаларига қуйидаги шахсларнинг кириши компьютер тизимига рухсатсиз кириш деб топилади:
¨ мазкур ахборот манбаларига кириш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган;
¨ бундай манбаларга кириш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, бироқ ах­боротларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузган ҳолда компьютер тизимига кириш.
22. Шарҳланаётган квалификация қилиш белгисининг (ком­пьютер тизими, кириш, компьютер тизими маълумотлар манбала­ридан фойдаланишга рухсатнинг мавжуд эмаслиги) барча эле­ментлари бир хил мажбурийдир ва биргаликда баҳоланиши ло­зим. Кўрсатилган элементларнинг лоақал биттаси мавжуд бўлмаса, квалификация қилиш белгилари тўлиқ эмас деб топи­лади ва шахс ҳаракатини ушбу бўйича квалификация қилишга йўл қўйилмайди. Компьютер тизими орқали ҳисоб-китоб опера­цияла­рини амалга оширишга масъул бўлган банк ходимининг ташкилот ҳисобидан ўзининг ҳисобига муайян сумманинг ўтказилишини компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўғрилик қи­лиш сифатида квалификация қилиш мумкин эмас. Ушбу ҳаракат­ларни компью­тер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш орқали ўзлаштириш сифатида квалификация қилиш лозим (ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “г” банди).
23. ЖК 169-моддаси 3-қисмида ўзганинг мулкини яширин талон-торож қилишнинг алоҳида квалификация қилиш белгилари кўрсатилган. Булар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган яширин талон-торож қилиш.
Ушбу белгилар юқорида шарҳланган талончиликнинг алоҳида квалификация қилиш белгиларига ўхшашдир (ЖК 164-моддаси шарҳига қаранг).
XI боб. ЎЗГАЛАР МУЛКИНИ ТАЛОН-
ТОРОЖ ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ЖИНОЯТЛАР
170 - м о д д а. Алдаш ёки ишончни суиистеъмол
қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш
Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкдорга анча миқдорда зарар етказиш, башарти, бу қилмишда талон-то­рож қилишнинг аломатлари бўлмаса -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқ­дорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) моддий жавобгар шахс томонидан;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда қа­моқ тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Ушбу моддада кўрсатилган жиноят бир қатор белгилари бўйича фирибгарлик билан ўхшашдир. Айбдор шарҳланаётган жиноятни содир этишда ўз мақсадига эришиш учун, фирибгарлик жиноятидаги каби, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилишдан фойдаланади (ЖК 168-моддаси шарҳига қаранг), бироқ фириб­гарликдан айбдорнинг мулкий фойдани ноқонуний равишда қўлга киритиш механизми билан ажралиб туради. Агар фирибгарликда талон-торож қилишнинг бошқа шакллари каби мулкдордан мулкни қўлга киритиш ва уни айбдорнинг ёки бошқа шахслар­нинг фойдасига ноқонуний ўтказиш содир этилса, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етка­зишда мулк қўлга киритилмайди. Ушбу жиноятда талон-торож қилишнинг у ёки бу мулкдорнинг мулкини шахсий фондидан қўлга киритиш каби белгиси мавжуд эмас, яъни мулкдорга те­гишли ёки бошқа қонуний эгаси қўлида бўлган мулкнинг мавжуд массаси камайиши содир бўлмайди. Одатда айбдор мулкий фойдани ўзганинг мулкини эгаллаб олиш орқали эмас, балки ло­зим бўлган суммани тўламаслик орқали қўлга киритади.
2. Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мул­кий зарар етказиш объекти ўзганинг мулки ҳисобланади.
ЖК 170-моддаси биринчи қисми диспозициясининг таҳлили шуни кўрсатадики, фойдаланиш, эгалик қилиш, ижара каби бошқа ашёвий ҳуқуқлар мазкур жиноятнинг объекти ҳисоблан­майди. Мулкий зарар фақатгина ашёнинг эгасига етказилиши мумкин. Бу ҳолат ушбу жиноятнинг объектив томонининг ўзига хослиги билан боғлиқдир, яъни лозим бўлган пул маблағлари бошқа шахсларга эмас, фақат мулк эгасига берилиши мумкин. Агар назарда тутилган даромад, масалан, ижара берувчига мулк қайтарилмаса, у ҳолда бундай муносабатларда у бошқа қонуний эгалловчи сифатида эмас, балки мулкдор сифатида намоён бўлади.
Шуни назарда тутиш лозимки, мулкдорга тегишли бўлган ёки тегишли бўлиши лозим бўлган мулккина алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш предмети ҳисобланади. Бироқ ушбу жиноятни фирибгарликдан ажратиб турувчи ўзига хос яна бир хусусияти унинг мулкий ҳуқуқ пред­мети бўла олмаслигидир.
3. Объектив томондан шарҳланаётган жиноят айбдорга бил­дирилган ишончни суиистеъмол қилиш ёки алдаш ҳаракатларида ифодаланади. Бунинг натижасида фирибгарлик белгилари мавжуд бўлмаган ҳолда мулкдорга мулкий зарар етказилади. Бошқача айтганда, ушбу жиноятда мулкий зарар етказиш ғаразли мақсад­ларда ўзганинг мулкини ғайриқонуний равишда, қопламасдан та­лон-торож қилиш билан амалга оширилмайди.
Ушбу жиноятнинг объектив томони, талон-торож қилишдан фарқли равишда, фойдани ғайриқонуний қўлга киритиш меха­низми билан ажралиб туради. Объектив томони шундан иборатки, жиноятчи ҳали келиб тушмаган, лекин шартномавий ёки бошқа бирон-бир мажбуриятга мувофиқ мулк эгасига келиб тушиши ло­зим бўлган пул маблағлари ёки моддий бойликларни ўзи ёхуд бошқа шахслар фойдасига олиб, мулк­дорга зарар етказади. Шун­дай қилиб, ушбу жиноятни содир этиш орқали келиб чиқадиган мулкий зарар талон-торож қилишдаги каби тўғридан-тўғри зарар кўришда эмас, балки қўлдан бой берилган фойда ва олиниши ло­зим бўлган даромадда ифодаланади.
4. Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мул­кий зарар етказишнинг объектив томонининг зарурий белгиси ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши орқали жабрланувчига етказиладиган зарар миқдори ҳисобланади. Қонунга кўра, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етка­зиш жиноятида етказилган зарар миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баравари миқдоридан ортиқ бўлса, жиноий жа­вобгарлик келиб чиқади. Зарарнинг миқдорини аниқлашда фақат­гина айбдор томонидан ноқонуний равишда олинган мулкнинг нархи ҳисобга олиниши лозим. Агар етказилган зарар миқдори белгилангандан кам ёки тенг бўлса, қилмиш ЖК 170-моддаси бўйича квалификация қилиниши мумкин эмас.
5. Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш республика ёки маҳаллий бюджетларга бож ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламасликда (ёки улар­нинг ҳажмини камайтиришда) ифодаланиши мумкин. Масалан, олди-сотди шартномасини яшириш мақсадида мулкдан ҳақини тўламасдан фойдаланиб туриш тўғрисида шартнома тузиш орқали; ер участкаси ёки кўчмас мулкни сотиб олишда шартнома тузаётганда унинг ҳақиқий нархини камайтириб кўрсатиш орқали; солиқ юкини камайтириш мақсадида қалбаки ҳужжат­ларни тақдим этиш ва даромад солиғи ҳажмини камайтириш орқали, агар бунда ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноят белгилари мавжуд бўлмаса ва бошқалар. Шуни назарда тутиш лозимки, таҳлил қилинаётган жиноятни содир этишда фақат сохта ҳужжат (унинг қалбакилаштирилгани эмас) тақдим этилган бўлиши лозим (у алдаш воситаси ва ушбу жиноятнинг белгиси ҳисобланади), шунинг учун айбдорнинг ўзи томонидан тайёрлан­ган қалбаки ҳужжатларни тақдим этиш орқали алдаса, унинг ҳа­ракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 170-моддаси ва 228-моддаси биринчи қисмлари билан квалификация қилиниши ло­зим.
Жиноят коммунал хизмат­лардан фойдаланганлик учун тўловларни тўламасликда (ёки тўлиқ тўламасликда) ифодаланиши мумкин. Шунингдек, ташки­лотлар ва корхоналарнинг ушбу ташкилот ва корхоналар томони­дан кўрсатилаётган хизматлар учун фуқаролардан келиб тушади­ган тўловларни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ходимлари томони­дан, белгиланган тартибни четлаб ўтган ҳолда, келиб тушган маб­лағларнинг ўзлаштирилишида ифодаланади (масалан, проводник­нинг чиптасиз юрганлик учун йўловчи ва юклар учун пул олиши; автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси таъмирловчиси то­монидан топшириқномада кўрсатилмаган ишлар учун қўшимча тўлов олиниши; матбаа корхонаси ходими томонидан буюртма берилган нашрнинг босиб чиқарилмаган қисми учун олинган тўловнинг ўзлаштирилиши ва ҳоказо). Ушбу ҳолатда шунга эъти­бор бериш лозимки, корхонага тегишли бўлган материаллардан ўзининг манфаатлари йўлида ишлатиш шарҳланаётган жиноят таркибига кирмайди ва тегишли шаклда ўзганинг мулкини талон-торож қилиш (растрата ёки ўғрилик) сифатида қўшимча квалифи­кация қилиниши лозим.
Охирги йилларда қалбаки йўл чипталаридан, абонементлар­дан фойдаланиш орқали алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш шакллари ҳам кенг тарқал­моқда. Ушбу ҳаракатлар ҳужжатлар фойдаланувчи томонидан ишлаб чиқарилмаган, балки сотиб олинган тақдирда, ЖК 170-моддаси бўйича квалификация қилинади.
6. Жиноят алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ҳаракати содир этилган вақтдан эмас, балки мулкдорга ёки бошқа мулкни қонуний эгалловчига ҳақиқий зарар етказилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Шунинг учун бундай зарар етказишга қаратилган алдаш ҳаракатларини содир этиш ЖК 170-моддаси ва 25-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниши лозим.
Айбдорнинг қонунга хилоф ҳаракати ва келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш аниқланиши лозим.
Жиноятни тугалланган деб топиш учун айбдор мўлжаллаётган мулкий фойдани олиб улгурган бўлиши талаб қилинмайди. Шахс ўзига ишониб топширилган машинада ишини амалга ошириб, буюртмачидан келишилган тўловни олишга улгурмаган бўлса, тугалланмаган жиноят учун жавобгарликка тортилади, чунки ма­шина тегишли бўлган ташкилотга мулкий зарар етказиб бўлинган (ўзининг манфаатлари учун иш вақтидан фойдаланиш ва аморти­зация харажатларини қопламаслик ва бошқалар).
7. Субъектив томондан жиноят била туриб, тўғри қасд билан ғаразли мақсадда содир этилади. Айбдор ёлғон хабар бераётиб ёки мавжуд далилларни яшираётиб мулкдорни ёхуд мулкнинг қонуний эгасини алдаётганлигини тушуниб етади ва ушбу ҳара­кати орқали жабрланувчига мулкий зарар етказилишини кўра би­лади ҳамда ушбу зарарни етказишни хоҳлайди. Ғаразли мотив­ларга таяниб айбдор ғайриқонуний равишда мулкий фойдани қўлга киритишни мақсад қилади.
8. ЖК 170-моддаси 1-қисми бўйича жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ва мансабдор шахс ёки моддий жавобгар ҳисоблан­маган шахслар бўлади.
9. ЖК 170-модда 2-қисмида ушбу жиноятнинг қуйидаги ква­лификация қилиш белгилари назарда тутилади:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) моддий жавобгар шахс томонидан;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этиш.
ЖК 170-моддаси 2 қисми “а” бандида кўрсатилган квалифи­кация қилиш белгилари юқорида шарҳланган талончиликнинг квалификация қилиш белгиларини айнан такрорлайди ва алоҳида кўриб чиқишни талаб этмайди.
10. Моддий жавобгар шахс қонун, шартнома ёки мулкдор­нинг махсус топшириқномаси бўйича ёхуд расмий эгаси томони­дан мулкдорнинг мулкини тасарруф этиш, эгалик қилиш ёки фой­даланиш ҳуқуқлари билан таъминланган шахс ҳисобланади. Мод­дий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ходимлар ҳамда ашёларни сақловчилар, ижарачилар шундай шахслар ҳи­собланади. Шундай қилиб, ушбу квалификация қилиш белгиси­нинг мавжуд бўлиши учун жиноят ўзлаштириш ёки растратанинг субъектига ўхшаш бўлган махсус субъект томонидан содир этил­ганлигини аниқлаш лозим.
Моддий жавобгар шахс томонидан содир этилган алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш­нинг ўзлаштириш ёки растратадан фарқли жиҳати уни содир этиш мақсадидадир. Шарҳланаётган моддада қасддан, қопламас­дан қўлга киритиш (талон-торож қилиш) мақсади мавжуд эмас.
11. (Кўп миқдор тушунчаси тўғрисида Жиноят кодекси Мах­сус қисми VIII бўлимига қаранг.)
12. Шарҳланаётган модданинг 3-қисмида рағбатлантирувчи норма назарда тутилган бўлиб, унга кўра етказилган моддий за­рарнинг ўрни қопланган тақдирда қамоқ тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Ушбу белги ЖК 168-моддаси 4-қисмида кўрса­тилган белгини такрорлайди ва қўшимча шарҳлашни талаб эт­майди.
171 - м о д д а. Жиноий йўл билан топилган
мулкни олиш ёки ўтказиш
Мулкнинг жиноий йўл билан топилганини била туриб, уни ол­диндан ваъда қилмаган ҳолда олиш ёки ўтказиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқ­дорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодлик­дан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз баравари­гача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шун­даки, жиноий йўл билан топилган мулкни сотиб олаётган ёки ўтказаётган шахснинг ҳаракатлари жиноятчига ушбу мулкни яшириш, сақлаш ёки ўтказишга ёрдам беради. Бундай ҳолатлар мулкни жиноий йўл билан топаётган шахсларда ишонч ҳиссини туғдиради ва улар томонидан янги жиноятлар содир этилишига туртки бўлади.
Шу муносабат билан давлат жиноий йўл билан топилган мулклардан учинчи шахслар томонидан фойдаланилишининг ол­дини олишга ҳаракат қилиб, содир этилган жиноят орқали олина­диган даромадни энг кам даражага туширишга ҳаракат қилади.
2. Ушбу модда бўйича жавобгарлик келиб чиқиши­нинг зарурий шарти қуйидагилар: жиноий қилмишнинг мав­жудлиги, унинг натижасида мулкнинг қўлга киритилиши ва асосий ҳаракат содир этилиши, яъни ушбу ҳаракатлар натижасида кимгадир зарар етказилиши ёки етказилмаслигидан қатъи назар жиноий йўл билан топилган мулкни олдиндан ваъда бермаган ҳолда сотиб олиш ёки қўлга киритиш ҳисобланади. Кўрсатилган шартлардан биронтаси мавжуд бўлмаса, шахснинг ҳаракатла­рида ушбу жиноят белгилари мавжуд деб топилиши мумкин эмас. Шу сабабли, масалан, жиноят йўли билан топилмаганлиги, балки ишлаб чиқарилганлиги айбдорга маълум бўлган мулкни сотиб олиш ёки қўлга киритишга қаратилган ҳаракат ушбу модда бўйича квалификация қилиниши мумкин эмас. Бундай ҳолда, агар амалдаги қонунчилик бўйича ушбу мулкни ишлаб чиқариш жи­ноят деб топилса, унда жиноий жавобгарлик Жиноят кодексининг махсус нормаларига кўра келиб чиқади (масалан, ЖК 176, 228-моддаларига қаранг).
3. Ушбу жиноят объекти эгалик ҳуқуқи ва бошқа мулкий ҳуқуқлар, шунингдек, жамиятда шаклланган ва қонунчиликда акс эттирилган мулкни тасарруф этиш бўйича муносабатлар ҳисобла­нади.
Мулк деганда, муайян қимматликка эга бўлган ёки уни ол­ганда ва унга нисбатан мулкий ҳуқуқни қўлга киритганда ўз қий­матини йўқотмайдиган барча ашёлар тушунилади, чунки улар, фуқаролик муомаласидан чиқарилган ёки чекланган ашёлар бўлишидан қатъи назар, сотилиши ва қўлга киритилиши мумкин.
ЖК 171-моддаси белгиларига қимматли ва рангли металлар, табиий қимматли тошлар, жавоҳир, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, этил спирти, қалбакилаштирилган расмий ҳужжатлар, заҳарли модда­лар, қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи моддалар, радиоактив, пор­нографик материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, ғайриқонуний муомала қилиш учун жавобгарлик ЖКнинг бошқа моддаларида на­зарда тутилган мулклар кирмайди.
4. Мулкни эгаллаб олишнинг қонунга хилоф ҳолатлари сотиб олаётган ёки ушбу мулкни ўтказаётган шахсга маълум бўлса, жи­ноий йўл билан қўлга киритилган, яъни қандайдир жиноят содир этиш натижасида шахс тасарруфида бўлиб қолган ҳар қандай мулк жиноят предмети ҳисобланади. Жиноий жавобгарлик субъ­екти бўлолмайдиган ёш болалар ёки бошқа шахслар томонидан жабрланувчидан яширин равишда қўлга киритилган мулклар жи­ноий йўл билан топилган деб ҳисобланмайди. Шундай қилиб, мазкур жиноят предметининг зарурий белгиси олишнинг жиноий характери ҳисобланади (масалан, маъмурий жавобгарликка тор­тиладиган майда талон-торож қилиш содир этиш натижасида қўлга киритиладиган мулк жиноят предмети ҳисобланмайди).
Шу билан бирга, уни ишлаб чиқариш жиноят ҳисобланса ҳам, ишлаб чиқарилаётган мулкни қўлга киритиш жиноий йўл билан қўлга киритилган мулк сифатида тан олиниши мумкин эмас (ма­салан, қалбаки ҳужжатлар, пуллар). Бироқ, ушбу ашёлар ўғрилик, талончилик ҳужуми орқали қўлга киритилган бўлса ёки ўзгача талон-торож қилиш, ёхуд бошқа ғайриқонуний жиноий йўл билан қўлга киритилса ва қўлга киритилиши ишлаб чиқариш нати­жаси ҳисобланмаса, уларни жиноий йўл билан топилган деб тан олиш лозим. Бундай мулкни сотиб олиш ёки ўтказишда айбдор ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича жиноий йўл билан топил­ган мулкни олиш ва ўтказиш сифатида квалификация қилинади. Шунингдек, уни тарқатиш ижтимоий хавфли ҳисоблангани ҳолда, бундай мулкни тарқатиш ушбу модда билан квалификация қили­нади (масалан, квалификация қилишга ўғирланган порнографик материалларни олиш ва кейинчалик тарқатиш тегишлидир).
Шунингдек, жиноий йўл билан топилган маблағларга сотиб олинган мулклар ушбу жиноят предмети сифатида тан олиниши мумкин эмас.
5. Объектив томондан қилмиш билган ҳолда жиноий йўл би­лан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш сифатида муқобил ҳара­катларда ифодаланади.
Одатда, олдиндан била туриб жиноий йўл билан топил­ган мулкни сотиб олган шахс худди ўша мулкни ўтказади. Бироқ айбдор шахснинг ҳаракатларида мазкур жиноятнинг мавжудли­гини аниқлашда юқорида санаб ўтилган ҳаракатлардан биронтаси мавжуд бўлишининг ўзи етарлидир. Шунинг учун, ЖК 171-мод­даси бўйича, жиноий йўл билан топилган мулкни сотиб олмаган, фақатгина уни ўтказган шахс ҳам жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш лозимки, жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар рўйхати фақат шулардан иборат. Жиноий йўл билан топилган мулкка нисбатан содир этилган бошқа ҳаракатлар (масалан, ўтказиш, сақлаш) ЖК 171-моддаси бўйича жавобгар­ликка тортилиши мумкин эмас.
6. Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш деганда, мулкни жиноий йўл билан топган шахс билан ўша мулкнинг ўз эгалигига ва тасарруфига ўтказишга қаратилган ҳар қандай ҳақ ёки бепул берилиши тушунилади. Яъни,мулкни олган шахс унга эгалик қилади, бегоналаштиради ёки ундан шахсан фойдаланади, шу билан бирга олинган мулкка нисбатан эгаликнинг юридик мулк ҳуқуқи ўтмайди. Мулкни вақтинчалик сақлаб туришга бе­риш ушбу модда моҳиятида белгиланган олиш ҳисобланмайди.
7. Жиноий йўл билан топилган мулкни ўтказиш деганда, маз­кур мулкни бошқа шахсга ўтказишнинг барча усуллари (сотиш, ҳадя қилиш, қиморда ютқазиш, айирбошлаш ва ҳоказо) тушунил­моғи лозим. Ўтказиш, ўз навбатида, пулли ёки пулсиз, мулкни ўзининг шахсий мулки сифатида тасарруф этиш ҳуқуқини қўлга киритадиган учинчи шахсга ўтказиш бўйича бир марталик ёки кўп марталик ҳаракатлардир.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   86   87   88   89   90   91   92   93   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling