Биринчи ҳолатда, хизматчи иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш учун очиқдан-очиқ ҳақ беришни талаб қилади (бунда хизматчи белгиланган тартиб ва ҳуқуқий нормаларни бузмаган ҳолда уларни бажариши мажбурий);
Иккинчи ҳолатда, хизматчи тўғридан-тўғри ҳақ талаб қилмайди. Лекин ҳақ олиш мақсадида у ёки бу иш (хизматни) бажаришни қасддан пайсалга солади (хизматчи бу ишни хизмат вазифаси юзасидан бажаришга мажбур бўлса ҳам) ва шу орқали ҳақ берувчи шахсни ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши, шунингдек, кутилаётган зарар етказилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўяди.
4. Ҳақ (манфаат) беришни талаб қилиш деганда, хизматчининг ўз хизмат мажбуриятлари доирасига кирадиган маълум иш ёки хизматни бажариш эвазига моддий бойлик, пул, даромад, мулкий фойда беришни очиқдан-очиқ талаб қилиши тушунилади. Ноқонуний ҳақ талаб қилиш шунда кўринадики, хизматчи бажарган иш ёки кўрсатган хизмати учун иш берувчидан аниқ белгиланган ҳақ олади ва айни маҳалда манфаатдор шахсдан мукофот (музд) талаб қилади, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш орқали содир этилади. Масалан, бозор маъмурияти ишчиларнинг (мансабдор шахс бўлмаган) хўжалик юритувчи субъектдан белгиланган бир марталик ва бошқа йиғимлар миқдоридан кўп миқдорда пул беришни талаб қилиши[277].
5. Фуқарони қасддан ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш деганда, хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳолатда ҳаракатсизлик қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан асоссиз бош тортиши, иш (хизмат) бажаришни пайсалга солиши тушунилади. Бу шаклга, шунингдек, белгиланган муддатда ва тегишли сифатли иш бажарилиши ёки хизмат кўрсатилишига тўсқинлик қилишга йўналтирилган ҳаракатлар киради. Хизматчи вақт йўқлиги, қўшимча ҳаракатсиз ишни бажариши мумкин эмаслиги, қўшимча қисм ва механизмларнинг етишмаслигини баҳона қилиб иш бажариш, хизмат кўрсатишдан асоссиз бош тортиши ёки пайсалга солиши мумкин.
Шахсни фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қасддан бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйишни квалификация қилишда субъектив томон ва хизматчининг бундай пассив ҳаракатларини амалга ошириш мақсадини инобатга олиш лозим. Акс ҳолда хизматчининг ҳеч қандай мулкий манфаатсиз иш (хизмат) бажаришни пайсалга солиш борасидаги пассив ҳаракатини хизмат вазифаларига виждонсизларча муносабатда бўлиш бўйича квалификация қилиш лозим бўлади.
6. Объектив томоннинг зарурий белгиси ғайриқонуний равишда товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |