Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар жинсий аъзоларини очиб кўрсатишда, ўн олти ёшга тўлмаган шахслар олдида жинсий алоқа қилишда ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришда, ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни шаҳвоний ҳаракатларга ўргатишда, порнографик фильмлар, уларнинг тасвирларини кўрсатишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин. Шундай қилиб, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар деб, шаҳвоний моҳиятга эга ҳар қандай қилмишларни аташ мумкин. ЖК 128-моддаси бўйича жазоланадиган қилмиш – ўн олти ёшга тўлмаган шахслар билан жинсий алоқа қилиш, ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш бундан мустаснодир.
5. Жиноят уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади, бунда айбдорнинг ўн олти ёшга тўлмаган шахсни йўлдан уриш ниятига етган ёки етмаганлигининг аҳамияти йўқ.
6. Шахснинг ҳаракатларини ЖК 129-моддаси бўйича квалификация қилиш учун айбдор жабрланувчининг ўн олти ёшга тўлмаганлигини олдиндан билганлигини аниқлаб олиш зарур. Агар айбдор жабрланувчининг ёши хусусида виждонан адашган бўлса-ю, жабрланувчининг ёшини ўн олти ёшдан ошган деб ўйласа, у ҳолда Жиноят кодекси 129-моддасига кўра жавобгарлик истисно этилади.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
8. Ҳар икки жинсга мансуб бўлган ва ўн олти ёшга етган шахслар жиноят субъекти бўлишлари мумкин. Бироқ вояга етмаган шахсларнинг ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлари учун уларнинг жиноий жавобгарлиги масаласини ҳал қилишда судлар қонун ҳар икки жинсдаги ўсмирларнинг нормал жисмоний ва руҳий ривожланишини муҳофаза этишга қаратилганлигини инобатга олишлари керак. Шу боис ҳар бир муайян ҳолатда ҳар икки жинсга мансуб бўлган вояга етмаганларнинг ёшларидан, уларнинг шахсини изоҳлайдиган маълумотлардан, вужудга келган оқибатлар ва ишнинг бошқа вазиятларидан келиб чиқиб, судлар вояга етмаган айбдорга нисбатан жиноий жазо чораларини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини, мажбурлов чораларини қўллаш имкониятини муҳокама қилиши лозим.
9. Агар айбдор уятсиз-бузуқ ҳаракатларни зўрлик ишлатиб ёхуд қўрқитиб содир этган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 129-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиниши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |